Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:28

"Ўғирлаб, йўқ қилинганлар": Оқилжон Юнусов ва Фаррух Ҳайдаров


Масжид
Масжид

Хориждаги ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат фаоллари ва диндорлар Ўзбекистонда махсус хизматлар томонидан ўғирлаб кетилгани ишонилган шахслар рўйхатини тузиш ва хотирлаш кампаниясини давом эттирмоқда.

Бу кампания мухолифатдаги "Муқобил Ўзбекистон" гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.

Гуруҳ фаолларига кўра, янги ташаббус андижонлик таниқли имом Абдували қори Мирзаев Тошкент аэропортида ном-нишонсиз ғойиб бўлганига 20 йил тўлиши муносабати билан 29 июлда бошлатилган.

Шунингдек, гуруҳ фаоллари ҳар йили "Зўравонлик остида ғойиб бўлганларни хотирлаш" куни арафасида халқаро ҳамжамият эътиборини Ўзбекистонда йўқолган диндорлар ва мухолифат фаоллари тақдирига қаратишга умид қилмоқда.

"Зўравонлик остида ғойиб бўлганларни хотирлаш" куни ҳар йили 30 августда нишонланади.

"Муқобил Ўзбекистон" ҳозирга қадар бедарак кетган 25 нафар ўзбекистонлик рўйхатини эълон қилди.

Озодлик ғойиб бўлган шахслардан уч нафари – Абдували қори Мирзаев, Абдуллоҳ Ўтаев ва Ҳусниддин Назаровлар борасида маълумот берганди.

Бу гал Озодлик яна икки диний фаол – Оқилжон Юнусов ва Фаррух Ҳайдаровлар тақдирини ёритишга қарор қилди.

Икки шарқунос дўст

Қибрайлик Оқилжон Юнусов ва тошкентлик Фаррух Ҳайдаров 1989 йилда Тошкент Шарқшунослик Институти араб тили бўлимига ўқишга кирди.

Уларнинг иккаласи ҳам бошқа яна ўнлаб талабалар қаторида 1991 йилда давлат дастури билан Саудия Арабистони Мадина шаҳридаги Исломий Университетга ўқишга юборилди.

Оқилжон Юнусов ва Фаррух Ҳайдаров дастлаб араб тили курсларида, кейинчалик Мадина Ислом Университетида диний таълим олишди.

Улар билан бирга Мадинада таълим олган Иброҳим Қашқар хотирлайди.

"Мен бу йигитлар билан Мадинада танишган эдим. Мадинаи Мунавварада кўришдик, ўқишда бирга бўлдик. Фаррух ҳадис факультетида ўқирди. Оқил шариат факультетида ўқирди. Ҳаммамизни бирлаштириб турадиган нарса – бизнинг динимиз эди. Уларнинг ҳеч қандай Ўзбекистон ҳукуматига қарши фикрлари йўқ эди. Мақсадимиз – илм олиш эди," - деди Иброҳим Қашқар.

1997 йилда Ўзбекистонга Мадина университети дипломлари билан қайтган йигитлар ишсиз қолди.

Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги Саудия Арабистони дипломларини эътироф этмасди.

Чорасизликдан Фаррух Ҳайдаров Қозоғистон пойтахти Остонага йўл олиб, у ерда очилган Саудия Арабистони таълим марказида араб тили ва исломдан дарс бера бошлади.

Оқилжон Юнусов эса тижорат йўлини танлади.

2001 йилда Остонадаги таълим маркази ёпилиши ортидан Фаррух Ҳайдаров Ўзбекистонга қайтди ва Тошкентдаги Миср маданият марказига мударрис сифатида ишга кирди.

"Диний бўшлиқ"

Бу пайтга келиб Ўзбекистонда диний соҳада бир бўшлиқ пайдо бўлганди, дея хотирлайди Оқилжон Юнусов ва Фаррух Ҳайдаровни яқиндан таниган диний фаол Мираҳмад Мўъминов.

Оқил ака ва Фаррух акалар... Ўзбекистонда, биласиз, маълум ва машҳур имомлардан кейин бир қандайдир бўшлиқ пайдо бўлди. Ўзбекистондаги ёшлар ёки диндорлар орасида илм бўшлиғи пайдо бўлди. Ва ўша бўшлиқ пайтида бу кишилар, қандайдир маънода, ўша бўшлиқни тўлдириб турган илмлик кишилар эди. Мисол учун, Оқил Юнусов Мадинадан ўқишдан келган пайтда, мен эсимда бор, биз у киши билан 1999 йил март ойларида кўришганмиз. Ўша пайтда Тошкент портлашларига алоқадор ишлар бўлаётганди. У киши: “Бизни чақиришди ва илм бериш ҳаракатларимизга чекловлар бўлди, дипломимиз бўлса ҳам бизга дарс беришни таъқиқлаб қўйишди,” деб айтганди” - дейди ҳозирда Қўшма Штатларда истиқомат қилаётган диний фаол Мирраҳмад Мўъминов.

"Узвий боғлиқлик"

2004 йил 16 май куни Тошкентдаги Тўхтабой масжидининг собиқ имоми, таниқли уламо Обидхон қори Назаровнинг ўғли Ҳусниддин Назаров тўсатдан ғойиб бўлди.

Орадан 8 кун ўтиб Оқилжон Юнусов Қибрайдаги ҳовлисидан машинасида чиқиб кетадию, қайтиб келмайди.

Оила аъзолари қидирмаган қариндош–уруғ, таниш–билишлар, касалхоналар, морг ва милиция участкалари қолмайди, дея таъкидланади "Муқобил Ўзбекистон" гуруҳи хабарномасида.

Ўша пайтда 32 ёшда бўлган Оқилжон Юнусов йўқолишидан 3–4 кун илгари кетидан қандайдир машина кузатиб юрганини оила аъзоларига айтган.

Гуруҳга кўра, яқинлари Оқилжон Юнусовнинг диндорлиги учун хавотирда бўлган.

Оқилжон Юнусов йўқолишидан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, яъни 24 июнда унинг дўсти Фаррух Ҳайдаров ҳам айни шу тарзда ғойиб бўлади.

"Муқобил Ўзбекистон" гуруҳи фаоли, собиқ имом Муҳаммадсолиҳ Абутов эса икки диндор йигитнинг ғойиб бўлиши таниқли имом Обидхон қори Назаров фаолияти билан "узвий боғлиқлик" борлигини айтади.

"Бизнинг шу пайтгача йиққан маълумотларимиздан хулоса қиладиган бўлсак, мана шу йигитларнинг йўқ бўлиши ва уларнинг диний фаолияти машҳур имом Обидхон қори Назаровнинг фаолияти билан боғлиқлиги кўринади. Яъни бу болалар аввалида Обидхон қорининг масжида диний таълим ола бошлашган. Кейинчалик шу киши ёрдамида улар Мадинага ўқишга кетган. 1996 йилда Обид қори масжидида фаолиятини тўхтатиб, яшириниб юрди. Шу пайтда улар ўқишдан қайтиб келган. Обидхон қори йўқ, мана шу йигитлар масжиддаги жамоатга таълим берган, назоратига олган. Обидхон қорининг ишини булар бажарган қисман," дейди Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Обидхон қори Назаровнинг фарзанди Довудхон ҳам Оқилжон ва Фаррухларнинг отаси билан бирга диний маърифий фаолият юритганини тасдиқлади.

"Улар билан мен бир-икки марта юзма-юз кўришганман. Аммо, у пайтда анча ёш бўлганимиз учун, уларни ҳаётлари ва шахсиятларини тўлиқ билмайман, эсимдаям йўқ. Лекин, уларнинг диний фаолияти ва ишларини яқиндан билганман, кўрганман, гувоҳи бўлганман. Сабаби, Фаррух ака ва Оқил ака дадамларга фаолиятлари давомида яқиндан шерик бўлишган, ҳамкорлик қилишган. Айтишимиз мумкин, дадамнинг бошчилигида кўп илмий-маърифий ишларида фаол бўлган шахслар булар," – дейди Довудхон Обидхон ўғли.

Унга кўра, акаси Ҳусниддин ҳамда Оқилжон ва Фаррухларнинг бедарак кетишида ягона мақсад кўзланган - Обидхон қори Назаровни топиш.

"Бунга шубҳа йўқ. Улар бир мақсадни кўзлаб амалга оширилган. Ҳусниддин аканинг, Фаррух ака ва Оқилжон аканинг ўғирланиши ҳаммаси бир томондан уюштирилган ва бир буйруқ асосида қилинган. Буларнинг орасида боғлиқлик борлиги аниқ. Мақсад – дадамни топиш ёки уларга таъсир, босим ўтказиш бўлган," дейди Довудхон Обидхон ўғли.

Махсус хизматлар

Обидхон қори Назаров Ўзбекистон ҳукуматининг мусулмонларга босимини очиқ ва кескин танқид қилиши билан танилган эди.

Швецияда бошпана олган таниқли имом 2012 йил февралида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилди.

Ўзбекистон ҳукумати Обидхон Назаровни "Ваҳҳобийлик" диний-сиёсий оқимининг Ўрта Осиёдаги раҳнамоларидан бири сифатида кўрарди.

Бироқ Обидхон Назаров ҳукуматнинг бу даъволарини давомли рад этиб келган.

Диний фаол Мирраҳмат Мўъминовга кўра, "Ваҳобийлик" маркази сифатида кўрилган Саудия Арабистонидан таълим олиб қайтган Оқилжон Юнусов ва Фаррух Ҳайдаров ҳам ўз ўзидан ҳуқуқ тартибот идоралари назоратига тушиб қолган эди.

Оқилжон Юнусов ва Фаррух Ҳайдаровнинг йўқолиши борасида Озодлик суҳбатдошларининг барчаси бир хулосада якдил – икковлон йўқолиши ортида Ўзбекистон махсус хизматлари турибди.

"Муқобил Ўзбекистон" гуруҳи фаоли Муҳаммад Солиҳ Абутов ҳам айни қарашга қўшилишини айтди.

Оқилжон Юнусов ва Фаррух Ҳайдаровларнинг ғойиб бўлганига 11 йилдан ошди.

Аммо ҳозирга қадар улардан ҳеч қандай дарак чиқмади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:00 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG