Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:45

Озодликнинг Ўзбекистондаги илк мухбири Тоҳир Умаров вафот этди


Озодликнинг Ўзбекистондаги илк мухбири Тоҳир Умаров
Озодликнинг Ўзбекистондаги илк мухбири Тоҳир Умаров

Озодлик радиосининг Ўзбекистондаги илк мухбири тошкентлик Тоҳир Умаров узоқ давом этган касалликдан сўнг 80 ёшида вафот этди. Тоҳир Умаров ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида Озодлик мухбири сифатида иш бошлаган эди.

Тоҳир Умаров 13 август куни Тошкент шаҳрида вафот этди. Бу ҳақдаги хабар Озодликка 21 август куни етиб келди. Саксон ёшли кекса журналист бир умр Ўзбекистоннинг турли ахборот нашрларида ишлаган ва Озодлик радиосининг Ўзбекистондаги илк мухбири бўлган.

Бундан икки йил бурун, Озодликка берган интервьюсида Тоҳир Умаров у ўз фаолиятини Фарғона водийсидаги воқеалар билан ёритиш билан бошлаганини айтган эди:

- Фарғона водийсидаги воқеалар ҳақидаги маълумотларни ўша вақтдаги Бирлик фаоллари ва бошқа фаоллар, жумладан, журналистлар бевосита кўрганлар. Тошкентга олиб келишади. Мен уларни умумлаштириб, адабий шаклга келтириб, ундан кейин Озодлик радиосига узатардим. Озодлик радиоси ўша пайтда нафақат Ўзбекистон халқини, бутун оммавий ахборот воситалари учун манба бўлди. Кўп газеталар Фарғона воқеалари ҳақида Озодлик радиосидан олиб ëзган ҳолатлари кўп бўлган. Ҳатто мен биламан ўша пайтда Москвада чиқадиган "Литературная газета" ҳам менга мурожаат қилган пайтлари бўлган¸ дейди Тоҳир Умаров.

1988 йил, Тоҳир Умаров ўша пайтда "Фан ва Турмуш"журналида ишлаган.
1988 йил, Тоҳир Умаров ўша пайтда "Фан ва Турмуш"журналида ишлаган.


Тоҳир Умаров Озодликдаги фаолиятига сабаб бўлган воқеани шундай эслаган эди.

- Мен Озодлик радиосини мунтазам эшитиб келар эдим. Озодликни эшитиш қийин эди. Чунки у бўғиларди. 1988 йилда Совет ҳукумати Озодликни бўғадиган тизимни бекор қилди. Тутилиб¸ чийиллаб турган Озодлик бирданига аниқ-тиниқ овозда баралла гапира бошлади. Мен хурсанд бўлиб Мюнхенга табрик телеграммаси юбордим. Кейин радиодагилар мен билан боғланишди. Шу тариқа ҳамкорлик бошланди,- деган эди Озодликнинг нафақат Ўзбекистондаги, балки Марказий Осиëдаги илк мухбири Тоҳир Умаров.

Ана шундан кейин Тоҳир Умаров Ўзбекистондаги воқеалар борасида Озодлик радиосидан кунора гапирадиган бўлган.

- Алоқа бир томонлама эди. Келишилган вақтда Мюнхендан қўнғироқ бўлар эди. Мен ëзиб қўйган текстимни ўқиб берар эдим¸- деб эслаган эди Тоҳир ака..

Маҳаллий газетада Озодлик радиосига оид Ўзбекистон тарихидаги илк эълоннинг чоп қилиниши ҳам Тоҳир Умаров ташаббуси билан юзага чиққан эди.

"Халқ сўзи" газетасида чоп қилинган Озодлик эълони.
"Халқ сўзи" газетасида чоп қилинган Озодлик эълони.

Темир парда йиртилган¸ ëвузлик империяси ағдарилган ва ҳамма эркин тарзда Озодлик мухбири микрофонига гапирадиган бир давр эди.

Ўзбекистон мустақиллигининг илк кунларида ўтказилган матбуот анжуманларида Тоҳир Умаров Озодлик мухбири сифатида Ўзбекистон президентига савол бергани мамлакат телевидениеси орқали намойиш қилинган кунлар эди.

Озодлик радиоси мухбири ўша даврда мамлакатнинг энг исталган шахси эди.

1992 йил январ ойида Ўзбекистон хавфсизлик кучлари исëн қилиб чиққан талабаларга қарши ўқ узишди. Расмий манбаларга кўра, ўша воқеада 2 талаба ҳалок бўлди.

Бу воқеалар Озодликнинг Ўзбекистондаги илк мухбири Тоҳир Умаров репортажларида бутун зиддияти билан акс этган эди.

Озодлик радиоси таҳририяти Тоҳир Усмоновнинг яқинларига ўз ҳамдардлигини билдиради.

XS
SM
MD
LG