Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:21

"Ўғирлаб, йўқ қилинганлар": Абдували қори, А.Ўтаев ва Ҳ.Назаров


Абдували қори ўғирланди, деб гувоҳлик берган ва ўзини МХХ "агент"и деб даъво қилган Хайрулла Султонов
Абдували қори ўғирланди, деб гувоҳлик берган ва ўзини МХХ "агент"и деб даъво қилган Хайрулла Султонов

Хориждаги ўзбекистонлик фаоллар – мухолифатчи, ҳуқуқ ҳимоячиси ва қочқин диндорлар гуруҳи Ўзбекистонда махсус хизматлар томонидан ўғирланган ва жисмонан йўқ қилиб юборилган, деб гумон қилинган шахсларни хотирлаш акциясини ўтказмоқда. Озодлик рўйхатдаги Абдували қори Мирзаев, Абдулла Ўтаев ва Ҳусниддин Назаров ҳақидаги маълумотларни жамлади.

Кампания мухолифатдаги “Муқобил Ўзбекистон” гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.

Акция Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йилларда ўғирланган йирик дин пешвоси — андижонлик таниқли уламо, шаҳардаги Жомеъ масжиди имоми Абдували қори Мирзаевнинг Тошкент аэропортида ғойиб бўлганига 20 йил тўлиши муносабати билан эълон қилинди.​

Бундан ташқари, акция ташаббусчилари ҳар йили 30 август куни дунёда нишонланадиган – Таъқиблар остида ғойиб бўлганларни хотирлаш куни арафасида жамоатчилик диққатини Ўзбекистонда изсиз йўқолган дин пешволари, мухолифат вакиллари ва оддий маҳкумлар тақдирига қаратишни ният қилган.

Шу кунга қадар акция фаоллари яқинлари томонидан махсус хизматлар ўғирлади, деб гумон қилган 26 киши тиркалган рўйхат ҳамда буларнинг ҳаётига оид маълумотларни Интернет тармоғида эълон қилди.

Ташаббусчилардан бири Муҳаммадсолиҳ Обутов акция эълон қилинганидан 10 кун ўтиб, дастлабки 19 кишилик рўйхат жамоатчилик фаоллари ва бедарак кетганларнинг яқинлари тақдим қилган маълумотлар асосида 26 кишига кенгайганини айтди:

- Рўйхатдаги шахсларни учта категорияга ажратиш мумкин. Биринчи тоифа, Абдували қори Мирзаев ёки Абдулла Ўтаев, ёки бўлмасам, Ҳусниддин Назаров - у балки бу рўйхатга кирар, балки кирмас - шунақа шахслар. Улар президент буйруғи асосида ўғирланган бўлиши мумкин. Кейинги тоифа, Рамазон Маткаримов каби шахслар, ўғирликка гувоҳ бўлиб қолганлар. Шунинг учун йўқ қилинган бўлиши мумкин. Учинчиси, бевосита Каримов даражасида бўлмаган, қуйидаги амалдорлар даражасида ўғирлаб-йўқ қилинганлар. Ҳозир биз маълумотларни йиғишда давом этаяпмиз. 30 августгача маълумотларни тўплаб, кейин уни БМТ, турли халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистон ҳукуматига бериб, бу шахсларнинг тақдирига оид маълумотларни талаб қиламиз, - дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Рўйхатдаги шахсларга келинса, “ўғирлаб, йўқ қилинганлар” орасида жамоатчиликка номи танилганлар – андижонлик имом Абдували қори Мирзаев, собиқ СССР Ислом уйғониш партиясининг Ўзбекистондаги бўлимини очишга уринган Абдулла Ўтаев, ҳозир Швецияда шифохонада қолаётган таниқли имом Обид қори Назаровнинг ўғли Ҳусниддин Назаров, ғойиб бўлганида Абдували Мирзаевнинг ёнида бўлган диндир, спорт устаси Рамазон Маткаримовлардир.

Уларнинг тақдири билан қизиққан ва жамоатчиликка эслатган “Муқобил Ўзбекистон” гуруҳи ижтимоий тармоқларда саҳифа очиб, йўқолганлар ҳақида мавжуд маълумотларни пешма-пеш чоп этиб бормоқда.

Абдували қори Мирзаев

1950-йилда Андижонда туғилган Абдували Мирзаев шаҳардаги Жомеъ масжиди имоми сифатида 1990-йиллардан кейин аввалига Андижон шаҳри, кейинчалик Фарғона водийсида танилган имомлардан бири эди.

У кишининг имомлик фаолияти ва Ислом динига тарғиботи ҳақида жуда зиддиятли қарашлар мавжуд.

Ўзбекистон ҳукумати у кишини мамлакатда "ваҳҳобийлик" оқими асосчиларидан бири, деб айблаган ва ҳанузгача бу айбловнинг мамлакатда диний мотивларда айбланган шахсларга нисбатан тергов ҳамда судлов ҳужжатларида таъкидланиши кузатилмоқда.

Бундан ташқари, Фарғона водийси ва Ўзбекистондаги дин пешволари орасида ҳам Мирзаевнинг таълимотини радикал, дея танқид қилувчилар, қораловчилар бўлган.

Аммо, тарафдор ва сафдошлари бу айбловларни кескин рад этиб келадилар ҳамда имом радикал ёхуд жиҳодчилик ғояларини тарғиб қилмаган, фақат соф Ислом таълимотини ёйиш билан шуғулланган, деб таъкидлайдилар.

"Муқобил Ўзбекистон" гуруҳи эълон қилган рўйхатда А.Мирзаев Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирланган, деб гумон қилинишига туртки бўлган қуйидаги маълумотлар келтирилади:

"1995 йил, 29 август куни Москвада бўладиган ислом анжуманига бориш учун Тошкент аэропортидан 668-рейс билан Москвага учиш учун рўйхатдан ва махсус кўрикдан ўтганидан сўнг, махсус орган ходимлари томонидан ушланган ва қарийб 20 йилдан бери ҳеч қандай дарак йўқ, бедарак йўқолган. Абдували Мирзаев изсиз ғойиб бўлиши муносабати билан 18 июнь 2008 йилда Андижон вилояти, Андижон шаҳри ИИБ томонидан қидирувга берилган ва 8174-рақами билан Россия Федерациясининг Федерал қидирувда бўлганлар рўйхатига олинган".

МХХ матбуот котиби 2005 йилда Озодликка берган интервюсида: “Абдували Мирзаевга 1999 йил 15 май куни Бош прокуратура томонидан бир неча моддалар бўйича сиртдан айблов ва қидирув эълон қилинган. 2001 йилда айбланувчининг қаерда экани номаълум бўлгани сабабли тергов ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган. Яна такрор айтаман, уни МХХ ходимлари ўғирлаб кетган, деган иддаолар қуруқ туҳматдан иборат”, деган эди.

Аммо, бу орада ва ундан аввал ҳам минглаб диндор Абдували қоридан таҳсил олгани ва ҳаттоки, уни билгани учун таъқиб қилинди, тазйиқлар остида қолди, қамоқларга банди қилинди.

Бошқача айтилса, Абдували қори Мирзаев номи Ўзбекистонда 1992 йилдан сўнг диндорларга нисбатан бошланган шавфқатсиз репрессияларнинг аввали билан боғланади.

Ҳукумат томонидан халқнинг дилига мислсиз қўрқув солишда қўлланиладиган “олабўжи”га айлантирилган Абдували қори Мирзаевнинг ўзи ҳақида эса мана 20 йилдирки бирор маълумот йўқ.

Абдували қори ҳақида Озодлик кўплаб эшиттиришлар тайёрлаган. Қуйида у киши ҳақида муқаддам тайёрланган "Ўзбек имомлари" эшиттиришини тинглашингиз мумкин:

Ислом ва мусулмонлар архивидан: Абдували қори Мирзаев қаерда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:49 0:00
Бевосита линк

Абдулла Ўтаев

"Муқобил Ўзбекистон" гуруҳи ҳукумат ўғирлаган, дея даъво қилаётган ўзбекистонлик дин пешволари ва мухолифат аъзолари рўйхатида тилга олинган яна бир таниқли шахс – собиқ СССР таркибида тузилган Бутуниттифоқ Ислом уйғониш партиясининг Ўзбекистондаги бўлимини очишга уринган асли сурхондарёлик Абдулла Ўтаевдир.

1948 йилда Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Шўрчи қишлоғида туғилган Ўтаев 1992 йилнинг 15 декабрида изсиз ғойиб бўлган илк ўзбекистонлик фаолдир.

"Муқобил Ўзбекистон" гуруҳи тузган рўйхатда у киши ҳақида шундай маълумот берилади:

"1992 йилнинг 15 декабрь куни эрталабки соат тўққиз-ўнлар атрофида Абдуллажон укаси Ҳасанжон билан ота-онасининг уйидан Ҳувайдо кўчасига чиқишганда, камуфляж кийиб олган, қўлида Калашников автомати бўлган нотаниш кишилар Ўтаевнинг машинасини тўхтатганлар ва уни мажбуран ўзларининг носранг УАЗ машиналарига ўтказиб, номаълум ёққа олиб кетганлар. Ўшандан буён уларни ҳеч ким кўрмаган. Абдулла Ўтаевнинг изсиз ғойиб бўлиши муносабати билан 18 июнь 2008 йилда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ИИБ томонидан қидирувга берилган ва 09226/93 рақами билан Россия Федерацияси Федерал қидирув рўйхатига олинган".

Ўзбекистон куч ишлатар тузилмаларининг бу иддаоларга бирор расмий муносабат билдиргани Озодликка маълум эмас.

Озодликнинг "Ўзбек имомлари" эшиттиришида Абдулла Ўтаевни хотирлаган ҳамда фаол ўғирланган кезларда Тошкентга борган – Бутуниттифоқ Ислом уйғониш партияси фаолларидан бири Муҳаммад Қорачой шундай деган эди:

- Абдулла Ўтаевни Ислом уйғониш партиясининг Ўзбекистондаги етакчиси сифатида яхши танир эдим. У жуда фаол ишлади. Аммо, кейинчалик уни ўғирлашди ва биз ҳанузгача тахмин қиламизки, Каримов режими уни ўғирлаган ёки бирор нарса қилган. Афсуски, бу ҳақда бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ, - деган эди Муҳаммад Қорачой.

Абдулла Ўтаевнинг оиласи Ўтаевнинг йўқолиши Ўзбекистон МХХнинг иши, деб ишонади. Йўқолган исломшуноснинг рафиқаси Салима Ўтаева Озодлик билан суҳбатда у кишининг қаердадир омон ўтирганидан умидвор эканини айтган эди.

- 1997 йилмиди - эсимда йўқ, ўшанда дадам¸ яъни қайнотам президент маҳкамасига борганларида, ўша ердаги уч-тўртта каттаконлар: “Ўғлингиз бизнинг қўлимизда. Соғ-саломатлар. Президент Америкага бориб келсалар, кейин конференция ўтсин. Шундан кейин, Худо хоҳласа¸ бир янгилик бўлиб қолади” деган эди. Кейин президент Америкага бориб келди, конференцияси ҳам ўтди. Ўтгандан кейин борсалар, ҳаммаси мункир бўлибди: “Йўқ, биз унақа деганимиз йўқ” деб. Шу билан жимжит. Мен энди давлатнинг қўлида, деб ўйлайман, - деган эди Абдулла Ўтаевнинг рафиқаси Салима Ўтаева бир неча йил муқаддам Озодлик радиосига берган интервюсида.

Қуйида у киши ҳақида ҳозирланган "Ўзбек имомлари" эшиттиришини тинглашингиз мумкин:

Ислом ва мусулмонлар архивидан: Абдулла Ўтаев қаерда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:02 0:00
Бевосита линк

Ҳусниддин Назаров

2004 йилнинг май ойида эса ўша кезларда хорижга қочиб чиққан ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг ўғли - Ҳусниддин Назаров ғойиб бўлган эди.

Уни ўғирланди, дея қўшнилари берган гувоҳликлар Абдулла Ўтаевнинг ўғирланишига оид гувоҳликлар билан айни эканини кўриш мумкин.

Ҳусниддин 1976 йилда Наманганда туғилган. Унинг 3 фарзанди бор. Ғойиб бўлгунига қадар Тошкент шаҳри, Собир Раҳимов тумани, Ниёзов кўчаси, 3-уй, 54-хонадонда ота-онаси ва оиласи билан бирга яшаган.

Яқинлари Ҳусниддинни отаси Обидхон қорига босим ўтказиш ва уни Ўзбекистонга қайтаришга эришиш учун, ҳукумат махсус хизматлари ўғирлаган, деб ишонадилар.

“Муқобил Ўзбекистон” гуруҳи тарқатган рўйхатда шундай қайд этилади:

"2004 йил 16 май якшанба куни шом намозига яқин Хусниддинга ... кимдир телефон қилган. Хусниддин у одам билан нималардир ҳақида гаплашиб, таҳорат қилиб, артинмасдан шошиб кўчага чиқиб кетган... унинг орқасидан рақами йўқ машина секин-аста юрганини кўришган... Кейин маълум бўлишича, бу воқеани қўшни домдагилар уйни деразасидан кўришган,.. номерсиз машина сал нарироққа бориб, Хусниддинни куч билан машинага босиб олиб кетган. Буни кейинроқ улар оиласидагиларга айтишган, лекин орган ходимларига гувоҳлик беришга рози бўлишмаган, қўрқишган".

Довудхон Обидхон ўғли – Ҳусниддин Назаровнинг укаси бундан 11 йил муқаддам акасининг ғойиб бўлгани ва сўнгра бесамар бўлган қидириш уринишлари ҳақида "Муқобил Ўзбекистон" гуруҳига сўзлаб берди.

Қуйида Довудхон билан суҳбат ва Ўзбекистонда кейинги 20 йил ичида ғойиб бўлган 3 фаол ҳақида тайёрланган эшиттиришни тинглашингиз мумкин:

Ўзбекистонда "Ўғирлаб, йўқ қилинганларни хотирлаш" акцияси ҳақида махсус эшиттириш
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:28 0:00
Бевосита линк

"Ўғирлаб, йўқ қилинганлар" ҳақида маълумот беринг!

2015 йилнинг 30 августи – Зўравонлик ва таъқиблар остида ғойиб бўлганлар ҳимояси куни арафасида муҳожиратдаги ўзбек фаоллари сўнгги 20 йил ичида ғойиб бўлганлар шахсига оид маълумотларни жамламоқда.

Фаоллар август ойи охирига қадар йиғиладиган маълумотлар асосидаги рўйхатни БМТ, Amnesty International, Human Rights Watch каби халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистон ҳукуматига топшириш ниятида.

Натижада, номи тилга олинган фаоллар тақдирига оид расмий маълумотни ҳукуматдан талаб қилиш ва айни пайтда, уларнинг номи тарих қатларига қўмилиб, унутилиб кетишига йўл қўймасликдир, деган ният билдирилди.

Агар, сиз ҳам яқинларининг тақдири мавҳумлигидан на умид узиш ва на масъул ташкилотлар эшигини қоқишда давом этишини билмай юрган оилаларни қувватлаш ниятида бўлсангиз ёхуд яқини таъқиблар остида ғойиб бўлганидан жамоатчиликнинг хабари бўлмаган оилаларни билсангиз ва улар ҳақида жамоатчиликка хабар бериш истаги бўлса, бизга боғланинг:

+420 221 123 437 рақамига қўнғироқ қилинг!

Озодлик радиоси ва "Муқобил Ўзбекистон" гуруҳининг ижтимоий тармоқлар ёки Интернетдаги расмий саҳифаларига боғланинг!

WhatsApp, Viber, Telegram тармоқларида +420 724 971 539 рақамига фото-видео маълумотларни йўллашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG