Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:53

Ўз-ТВ WhatsApp, Telegram, Facebook фойдаланувчиларини огоҳлантирди


"Ўзбекистон" телеканалида ижтимоий тармоқларнинг халқ зеҳнияти, ёшлар руҳияти ва миллий мустақилликка таҳдидидан огоҳлантирилган "Нигоҳ" номли кўрсатув намойиш қилинди. WhatsApp, Telegram, Messenger, Viber, Odnoklassniki, Facebook каби тармоқлар номи келтирилган кўрсатувда ёшларни "қулликка солувчи" тармоқлар зараридан сақлаш йўллари таклиф қилинди.

"Ижтимоий тармоқлар халқни қўрқувга солади"

"Ўзбекистон" телеканали орқали 14 июль оқшом прайм-тайм вақтида намойиш этилган "Нигоҳ" кўрсатувида мамлакатда оммалашиб кетган ижтимоий тармоқларнинг хавфидан огоҳлантирилди.

Кўрсатувда ахборот технологиялари мутахассиси ўлароқ иштирок этган Шуҳрат Сатторов тадқиқотлар натижаларига таяниб, ижтимоий тармоқларнинг халқни муттасил равишда "қўрқувда сақлаб туриши, юрак ҳовучлаб яшаши"га сабаб бўлишини таъкидлади:

"Ижитмоий тармоқлар халқни юрак ҳовучлаб яшашига, қўрув, хавотир билан яшашига олиб келишига бошлаётган экан. Айнан ёшларга таъсири ўрганилганда, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи ёшларнинг аксариятида манманлик, кибру ҳаво, худбинлик каби иллатларнинг мавжудлиги ва шу билан биргаликда, майдакашлик, жиноятга мойиллик, ўзини яшириш орқали жиноят қилиш иллатларининг пайдо бўлаётгани ҳам кузатилган", деб таъкидлади мутахассис.

Айни пайтда, мутахассис ижтимоий тармоқларнинг халқни қўрқув ва васвасага солиши аниқланган тадқиқотларни қай манбалардан олгани ҳақида тўхталмади.

WhatsApp, Telegram, Messenger, Odnoklassniki, Facebook

Ижтимоий тармоқлар сирасида, кўрсатув иштирокчилари, WhatsApp, Telegram, Messenger, Viber, Odnoklassniki, Facebook каби тармоқлар номини санаб ўтдилар.

Айни тармоқлар сўнгги бир неча йил ичида ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари орасида кенг тарқалган ва глобал тармоқдаги асосий мулоқот воситаларидан бирига айланиб улгурган.

Бу тармоқларнинг, аслида, кундалик фикр ва ахборот алмашинув воситаси экани ҳам бирров эслатилган кўрсатувда иштирокчилар халқни, айниқса, ёшларни кўпроқ зарарлардан огоҳлантирдилар.

"Беҳаё суратдаги қизнинг ота-онаси қайда?"

Жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шодия Абдуқодирова WhatsApp, Telegram ва Facebook каби тармоқларда ўзбек қизларининг баҳаё суратлари ота-оналар назаридан четда қолаётганини таъкидлади:

"Энг ачинарли томони шундаки, айнан бизнинг ўзбек қизларимизнинг очиқ-сочиқ аҳволда ўзини-ўзи расмга олиб ёки дейлик, бошқалар томонидан олинган суратлари бемалол, ўзларининг иштирокида сайтга жойланмоқда. Бу - фожеа", дея баҳо берди мамлакатда хизмат кўрсатган артист.

Бу муносабат янграгач, кўрсатувда порнографик сурат ва видеоларни тарқатиш ҳамда ижтимоий тармоқларда алоҳида шасхларнинг шахсиятига доир маълумотлар тарқатиш, ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарлик борлигига ишорат берилди.

Сўнгра эса тармоқларда номи чиққан гурҳлар, дея "Vachach", "Pornografia", "Red Bull", "Qaroqchilar", "XXX" номлари санаб ўтилди.

"Тармоқдаги ёшлар хотини/эридан қониқмайди"

Кўрсатувда тармоқларнинг ўзбек халқи маънавиятига салбий таъсири ҳам алоҳида таъкидланди. Энг кўп сўз олган ахборот технлогиялари бўйича мутахассис ёш оилаларга туғилган яна бир хавфни келтирди:

"Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётган ёш оилаларнинг 80 фоизи оиласига нисбатан қаноатсиз. Қониқмайди, ўз оиласидан, ўз турмуш ўртоғидан. Чунки, улар кўчада нима бўлаётганини билиб турибди", деб таъкилади мутахассис.

"Ижтимоий тармоқлар зинога элтувчи йўлдир"

Унинг таъкидидан сўнг сўз берилган дин пешвоси - "Шайх Зиёвуддин" масжиди имом-хатиби Эрдон Эсонов эса томошабинларни зинога элтувчи йўллардан огоҳлантирди:

"Оллоҳ таоло Қуръони Каримда" Зинога яқинлашманг!" деганлар. "Зино қилманг!" эмас, "Зинога яқинлашманг!" Бу дегани, зинодан сақланинг, бу ўта пасткашлик, ўта бузуқчилик ва зинога олиб борадиган йўлларга ҳам яқинлашманг, дегани. Ўша порнографик суратларни тарқатиш, уни тамошо қилиш ...", деб таъкидлади имом-хатиб.

Кўрсатув сўнггида Интернет фойдаланувчилари ўртасида оммавийлигича қолиши муқаррар эканига урғу берилган ижтимоий тармоқлардан ёшларни ҳимоя қилишга оид тавсиялар янгради.

"Ёшларни ваъз билан тармоқдан чиқаролмайсиз"

Педагог сифатида таклиф қилинган иштирокчи, ёшларга тармоқларнинг зарарли оқибатларни объектив, конкрет мисоллар воситасида тушунтириш зарурлиги, панду насиҳат, ваъз методикасидан воз кечиш кераклигини таъкидлади.

Ҳуқуқшунос сифатида таклиф қилинган иштирокчи эса халқда маънавий иммунитетни ривожлантириш фикрини илгари сурди.

"Интернетга фильтр ўрнатинг!"

Бироз муқаддам айни мавзуда эфирга узатилган давра суҳбатида ёш иштирокчилардан бири Интернетдаги ахборот оқимини ғалвирдан ўтказиб, кейин фойдаланувчиларга узатиш фикрни тилга олган эди:

"Алоҳида сўзларга фильтр ўрнатиш керак, масалан, ўша сўз бор матнларни провайдер автоматик равишда блок қилиб қўядиган дастурлардан фойдаланиш керак", деб таъкидлаган эди ёшгина қиз Ўзбекистон расмий телевидениесида Интернет ва ундаги ижтимоий тармоқларнинг хавфи борасида қурилган давра суҳбатида.

Uz-TV радикализм ва бузуқчиликдан қўримоқда

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон расмий телевидениесида аҳолини "терроризм, радикализм, бузуқчилик, аҳлоқсизлик, ташқи кучлар таъсири"дан ҳимоя қилишга қаратилган туркум кўрсатувлар намойиш қилинмоқда.

Ана шундай кўрсатувлардан сўнггисида Сурияга кетаётган жиҳодчи ўзбек аёллари мавзуи тилга олинган ва ўзбекистонликлар "интим жиҳод"дан огоҳлантирилган эди.

Яна бир кўрсатув "Одноклассники" ижтимоий тармоғига бағишланган ва унда бу тармоқдан ёшларга келадиган зарарли оқибатлардан ота-оналар ва таълим муассасалари ходимлари огоҳлантирилган эди.

Толибларга уяли телефондан фойдаланиш чекланган

Хусусан, таълим муассасалари - мактаб, лицей, коллеж ва олий таълим даргоҳларида уяли телефон, ноутбук ва таблетлардан фойдаланиш чекланган.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2012 йилнинг 21 майдан эътиборан кучга кирган низомига асосан, таълим даргоҳларида уяли телефонни чўнтакда олиб юриш ёки бўйинга осиб олиш қатъиян ман қилинади.

Шунингдек, “телефон ёрдамида атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш”, “зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш” орқали ўқув юрти обрўсига путур етказиш тақиқланади.

XS
SM
MD
LG