Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:12

Термиз тумани пенсия жамғармаси бошлиғи ходимларга қўл кўтарганини рад этди


Сурхондарё вилояти Термиз тумани пенсия жамғармаси бошлиғи ўз қўли остида ишлайдиган ходимларга қўл кўтараётгани иддао қилинмоқда. Озодликка мурожаат қилган термизликлардан бири, шу ҳафта бошроғида пенсия жамғармасига нафақасини расмийлаштиргани борган пайтда бошлиқнинг ходимлардан бирини калтаклаганига гувоҳ бўлганини гапириб берди. Жамғарма бошлиғи Саттор Даминов Озодлик билан суҳбатда бу иддаоларни мутлақо инкор қилди, лекин иш юзасидан ходимларга қаттиққўллик қилишини эътироф этди. Ўзбекистонда давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимият вакилларининг зўравонлик қилиши одатий ҳолга айланган.


Сурхондарё вилояти Термиз тумани пенсия жамғармасига шу ҳафта бошроғида ўз нафақасини расмийлаштиргани борганини айтган термизлик аёл Озодликка мурожаат қилиб, давлат ташкилотида раҳбарнинг ўз қўли остида ишлайдиган ходимларга нисбатан зўравонлик қилганига гувоҳ бўлганини иддао қилди.

“Кечаги куни пенсия жамғармасига иш билан кирган эдим. Ташкилот бошлиғининг иккита ходимни бақир-чақир қилиб, оғзига келган сўзлар билан сўкаётгани устидан чиқиб қолдим. Ҳамма хайрон бўлиб, қараб турди. Бошлиқ ёшроқ йигит экан, кейин ҳалиги ходимлардан бирига мушт отган эди, оғзи бурни қон бўлиб, чиқиб кетди. Мен ҳам ишимни битирмасдан чиқиб кетишимга тўғри келди”, дея иддао қилди термизлик аёл.

Пенсия жамғармаси раҳбарининг бундай хатти-ҳаракатларига нима сабаб бўлганини аниқ билмаслигини айтган суҳбатдошимиз, афтидан жисмонан жазоланган ходим қандайдир хатоликка йўл қўйган бўлса керак, дея тахмин қилди.

“Аниқ билмадиму, лекин бошлиқнинг бақир-чақиридан ҳалиги иккита йигит қандайдир топшириқни нотўғри бажарганини тушундим холос. “Сенлар қачон одам бўлсан”, деб уларни оғзига келган гап билан ҳақорат қилди. Ташкилотда аёллар борлигига ҳам қарамасдан, роса ҳақорат қилди”, дея иддао қилди Озодлик билан 8 июль куни гаплшган термизлик аёл.

Озодлик Термиз тумани пенсия жамғармаси раҳбари Саттор Даминовнинг ўзи билан боғланиб, вазиятни ўрганишга ҳаракат қилди. 29 ёшли Даминов термизлик нафақахўрнинг иддаоларини мутлақо инкор қилиб, шу билан бирга иш юзасидан ходимларга баъзан овозини баландлатишини эътироф этди.

- Йўқ, ундай бўлиши мумкин эмас. Бақириб-чақираётганимиз учун шундай деган бўлиши мумкин. Лекин унақа зўравонлик йўқ бизда. Ўзингиз биласиз, ишда ҳар хил вазият бўлади, бақир-чақир бўлади. Кимдир топшириқни бажармайди, шунда бақириб-чаирқган бўлишим мумкин. Лекин унақа зўравонлик муаммоси йўқ. Ҳозир замони эмас, ўзингиз тушиниб турибсизку,- деди Термиз тумани пенсия жамғармаси бошлиғи.

Саттор Даминов ўз сўзларини тасдиқлатиш мақсадида жамғарманинг ижро-интизом масалалари бўйича мутасаддисини Озодлик мухбири билан суҳбат учун таклиф қилди. Ўзини Гулзор, деб таништирган мутасадди аёл ҳам ташкилот бошлиғининг ходимларга жисмоний босим ўтказишига доир иддаоларни рад этиди, лекин Саттор Даминов интизом ва топшириқларнинг бажарилиши масаласида талабчан раҳбар эканини таъкидлади.

- Иш пайтида гапиришлар бўлади. Топшириқлар бажарилмаган пайтда танбеҳ берилади-да “бажаринглар ишларингни”, деган маънода. Бошлиқ барибир айтади-да вазифаларни бажариш кераклигини. Бошлиқ бўлганидан кейин ходимлардан талаб қилади-да,- деди пенсия жамғармаси мутасаддиси.

Термиз тумани пенсия жамғармаси бошлиғи икки кун аввал қайси ходимларга “бақир-чақир” қилганини очиқлашни ва ёки Озодлик мухбирининг улардан бирортаси билан мулоқот қилишига имкон беришни истамади.

Ўзбекистонда ҳокимият вакиллари ва давлат идоралари раҳбарларининг ўз қўли остидагиларга нисбатан зўравонлик қилиши тез-тез учраб туради. Кўпинча бундай ҳолатлар фожиа билан тугайди.

Шу ой бошида Андижон вилоятининг Избоскан туманида ҳокимият вакиллари томонидан таҳқирланган фермер ўз жонига қасд қилгани ҳақида Озодлик хабар берди. 2 июль кунги воқеада 29 яшар фермер Нодирбек Ҳайдаров мажлисда ҳамманинг олдида туман ҳокими ва прокурордан қаттиқ гап эшитиши ортидан, ҳокимлик биносидаги ҳожатхонада ўзини осиб қўйди.

Май ойида эса, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги маҳаллий мактабда 7-синф ўқувчиси мактаб директори томонидан уялтирилиши ортидан ўзини осган эди.

Ўзбекистонда, айниқса пахта йиғим-терим мавсуми билан боғлиқ вазиятларда ҳокимият вакиллари фермер ва деҳқонларни ҳақоратлаши ва калтаклаши ҳолатлари одат тусига кирган.

XS
SM
MD
LG