Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:39

Каримов “сайлови”ни мақтаган хориж кузатувчилари ҳам светсиз қолди


Ўзбекистондаги тинчлик ва фаровонлик ҳақидаги маърузалардан сўнг зиëфатга борган хорижликлар¸ бу фаровонликни шам ëруғи ëрдамида кузатишган.
Ўзбекистондаги тинчлик ва фаровонлик ҳақидаги маърузалардан сўнг зиëфатга борган хорижликлар¸ бу фаровонликни шам ëруғи ëрдамида кузатишган.

29 март кунги сайловларга баҳо бериш учун келган хорижлик кузатувчилар Каримов “ғалабаси”ни нишонлаш учун ташкиллаштирилган махсус зиëфатга тўпланиши билан чироқлар ўчди ва меҳмонлар қоронғу залда бир соатдан кўпроқ электр келишини кутишга мажбур бўлди¸ дейди бу зиëфат гувоҳларидан бири. Айни пайтда вилоятларда барқарорлашиб бўлган энергетик бўҳроннинг сайлов ўтиши билан пойтахтга ҳам ëйилиб¸ метро поездларининг ҳам ер остида қамалиб қолаëтгани айтилмоқда.

Сайлов ўтиши билан светсизлик Тошкентда ҳам авж олди

29 март куни Ўзбекистонда ўтказилган президент сайловининг аввал бошданоқ мамлакат конституцияси ва демократик сайлов моҳиятига зид эканлигидан келиб чиққан аксар Ғарб ҳукуматлари ва Ғарб тизимлари бу сайловга ўз кузатувчиларини юбормади.

Айни пайтда сайловларни кузатиш учун¸ Марказий сайлов комиссияси баëнотига кўра¸ 300 нафарга яқин чет эллик кузатувчи келган ва уларнинг аксарияти Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги¸ Ислом ҳамкорлик ташкилоти¸ Шанхай ҳамкорлик ташкилотини тамсил қилган.

Сайловларнинг конституциядаги бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлиши тақиқланган 90-моддага зид тарзда аввалдан белгиланган режага мос ўтиб¸ унда яна Ислом Каримовнинг 90 фоиздан кўпроқ овоз билан ғолиб деб топилганини ҳокимият вакиллари дарҳол ўз меҳмонлари билан байрам қилишга киришган. Аммо Озодликка етиб келган маълумотларга кўра¸ мамлакат аксар аҳолиси турмушини танг қилиб келаëтган электр ва газ таъминотидаги узилишлар бу байрамга соя солмай қолмаган.

Озодлик манбаси¸ чет эллик кузатувчилар учун 31 март кечқурун Тошкентнинг ҳашаматли ресторанларидан бирида берилган зиëфат қатнашчиси.

“Ўзбек сенаторлари¸ сайлов комиссияси расмийлари 50 ка яқин хорижликни Тошкент марказий шоҳкўчаларидан бирида ëзилган дабдабали дастурхонга олиб келиши билан¸ пақ этиб чироқ ўчиб қолди. Мезбонлар шошиб қолишди¸ меҳмонларга ҳозир свет уланади¸ кўпи билан 10 дақиқа¸ дейишди. Лекин свет бир соат ўтиб ҳам келмади. Меҳмонлар бир-бирига қараб¸ “мана сизга Каримовнинг Ўзбекистони” деб кўп маъноли гап ташлашди. Меҳмонларнинг кўпи свет келишигича кутмай¸ зиëфатни тарк этишди. Шамчироқ билан ўтирганларга¸ иссиқ овқатлар бир неча соатдан кейин тортилди. Мезбонлар роса изза бўлди¸ дейди ушбу зиëфат қатнашчиларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Тошкентда метро поездлари ер остида ўчиб қолди

1 апрель куни Озодликка мурожаат қилган талаба¸ эрталаб ўзи ўтирган метро поездининг Минор ва Бодомзор бекатлари ўртасида свет ўчиши оқибатида тўхтаб қолганини билдирди.

- Поезд қоп-қоронғу тунелда бирдан тўхтаб қолди. Электр узилиб¸ ҳамма ëқ қоп-қоронғу бўлиб қолди. Одамлар қўрқиб¸ қий-чув бўлиб кетди. Бир неча минут зимистонда қолдик. Кейин поезд худди биров орқасидан итараëтгандек¸ зўрға бекатга етиб келди. Одамлар эшик очилганига шукур қилиб¸ ўзини ташқарига урди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда метрода қамалиб қолганлардан бири.

Суҳбатдошга кўра¸ Тошкент метросининг бошқа бекатларида ҳам бундай узилишлар кузатилган.

Олмазор паспорт столи светсиз қолгани учун ишини тўхтатди

Бир неча ойдан бери биометрик паспорт олиш учун пойтахтнинг Олмазор тумани Ички ишлар бўлимига қатнаган Ойбек¸ 1 апрель куни суратга тушиш навбати келганидан боши осмонга етиб борса¸ бу бўлимда ерда ҳамма иш тақа-тақ тўхтаб ëтганига гувоҳ бўлган:

- Эрталаб "бугун расмга тушаман"деб такси олиб келсам¸ одам тиқилиб кетган¸ коридор ва хоналар қоронғу¸ ходимлар эшикларни ëпиб олган. Свет йўқлиги учун иш бўлмаслигини айтишди. Қўлида номери борларга сабри етса¸ кутишни айтишди. Лекин свет бўладими-йўқми¸ буни ўзимиз ҳам билмаймиз¸ дейишди. Бу қанақаси¸ Тошкентнинг марказида свет йўқ?! Бўлиш-бўлмаслигиниям биров билмайди. Каримовни сайлаб бўлишганидан кейин¸ халққа свет беришниям тўхтатишди энди¸ дейди ўз ғазабини яширмаган тошкентлик суҳбатдош.

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон вилоятларида энергетик бўҳрон кучайиб бормоқда.

Қишлоқ ва туман аҳолисига табиий газ узатиш бутунлай тўхтатилиб¸ аҳоли айниқса қиш мавсумида қаттиқ азият чекмоқда.

Табиий газдан узилиш баробарида қишлоқ ва туманлар аҳолисига электр қуввати узатиш ҳам кескин қисқартирилиб¸ аксарият маҳаллаларга бир кунда саноқли соат давомида электр узатиш одатга айланган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон ҳукумати хорижга сотилаëтган табиий газ ва электр қуввати ҳажмини тинимсиз оширишда давом этмоқда.

Хусусан¸ Ўзбекистон жорий йилда Афғонистонга 1,5 млрд кВт/соат электроэнергия етказиб беради.

Ўтган йили Ўзбекистонда 55 млрд кВт/соат миқдорида электр энергияси ишлаб чиқаргилган бўлиб, бу йилги ўсиш суръатининг 2,33 фоизни ташкил этиши айтилмоқда.

Ўзбекистон Афғонистондан ташқари Туркманистон, Эрон ва Тожикистонга ҳам электр энергиясини экспорт қилади.

Айни пайтда¸ Тошкент ҳукумати Хитойга сотилаëтган табиий газ ҳажмини муттасил ошириб бормоқда.

Хитой миллий нефтгаз корпорацияси ва “Ўзбекнефтегаз” жорий йилда Марказий Осиё –Хитой газ қувурининг Ўзбекистондан ўтувчи 800 миллион долларлик тўртинчи тармоғини қуриш арафасида.

“Ўзбекнефтегаз” Туркманистондан бошланиб Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойгача етиб борадиган йирик газ қувури тармоқларига 2014 йилда 10 миллиард куб метргача газ етказиб берган.

Ўзбекистон дунёнинг газ қазиб олувчи энг йирик давлатлар йигирмалигига киради. Мамлакат йилига 55-60 миллиард куб метр газ қазиб олади.

Ўзбекистон расмийларга кўра, табиий газ экспорти ҳажми 10-13 миллиард куб метрни ташкил қилади, қазиб олинган табиий газнинг асосий қисми эса ички истеъмол учун ишлатилади.

XS
SM
MD
LG