Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:01

Тошкентда рассом Рустам Бозоровнинг кўргазмаси очилди


Рассом Рустам Бозоров
Рассом Рустам Бозоров

Naiv-Art жанрида ижод қиладиган ўзбек рассоми Рустам Бозоровнинг Тошкентдаги махсус санъат мактабида очилган "Оддий кун" деб номланган кўргазмаси талабалар билан бирга мунаққидлар эътирофига ҳам сабаб бўлди.

Рассом Рустам Бозоров ўзбек матбуотидан фарқли равишда Ўзбекистоннинг "кир ва жулдур" тасвирларини ўзига хос киноя билан акс эттиради. Рассом асарларида Ван Гог, Брейгель ва Босҳ анъаналарини кўриш мумкин.

Эшик тирқишидан кўринган манзара

Тошкентлик 45 яшар рассом Рустам Бозоровнинг кўргазмага қўйилган асарларидан бири "Эшик тирқиши" деб аталади.

"Эшик тирқиши" Тошкентнинг Чилонзори ëки Қорақамишидаги оддий кўпқаватли уй йўлаги. Қора камзил, қора шим кийиб галстук таққан бир киши эшикни очиб¸ рус кампирдан бир нарсаларни сўрамоқда. Кампир ҳам азбаройи иштиëқ билан бу мулозимга бир нарсаларни шипшитмоқда. Таниқли нидерланд рассоми Иероним Босх чизган “Чақимчилик” деган сурат бор. Рустам Бозоров чизган суратда ҳам ана шу манзарани ҳис қиламиз. Рустам Бозоровнинг ўзи эса бу расм мушоҳадаси томошабинга ҳавола дейди:

- Қанақадир шум бўлаяпти дебми, кимдир қўнғироқни жиринглатгандами глазокдан қарайсизку. Мана шундай кўриниш чиқади. Налогдан келадими ëки бошқа жойданми. Уни ҳар ким ўзича ўйлаши мумкин. Мен кимгадир “мана буни чизганман” дейишим мумкин эмас. Ўзинингиз истаган нарсангизни ўйлашингиз мумкин. Мен просто кўрган нарсамни айтиб бераяпман. Келишди газданми, светданми, бу энди ҳар кимнинг фантазиясига боғлиқ. Деярли ҳар битта одам кўрган бу нарсани. Шунақа бўлади ҳаëтда, дейди Рустам Бозоров.

Рустам Бозоровнинг "Зарқайнар" галереясида намойиш қилган асарларидан бири "Гап" деб номланган. Етти ўзбек эркагидан иборат бу мажлис аҳли, Ўзбекистон ойнаи жаҳони тасвирлаган манзарадан фарқ қилади. Нос чекаëтган амаки ҳам, пайпоғи йиртиқ йигит ҳам бугунги ўзбек борлиғини тўлалигича акс эттиради.

- Гапирадиган гап ҳам йўқ. Там больше юмор биласизми. Мана шунақа ўтирилади ҳақиқатан. Шу қишлоқдаги болалар, нафақат болалар қариялар ҳам бор, ҳаммаси гапда ўтирадиган одамлар. Ўтириб, қизиқ гап бўлиб, ўтириб гаплашиб, кулиб ошга тайëргарлик бўлаяпти. Шунақа интерьерда. Хонанинг ичида гап бўлаëтган жойни чизганман. Йиртиқ пайпоқ бу больше образ юмора. Любойида йиртиқ пайпоқ бўлиши мумкин. Даже бир марта газетада ҳам чиққан. Мусулмон нимасига кирибди битта миллиардер. Ўшани катта планда олишибди. Пайпоғи йиртиқ экан. Унақа жойларга оëқ кийим ечиб кириладию. Тем более бизларнинг одамлар бўлиши мумкин. Шунинг учун чиздим, дейди Рустам Бозоров.

Бир жойда гир айланаëтган ўзбеклар

"Ҳашар" Бу расмда уй қураман деб лой босқилаëтган ўзбеклар тасвирланган. Диққат билан қарасангиз, тўрт нафар ўзбекнинг лой устидаги бир доирада айланаëтганини кўрасиз. Ҳолланд рассоми Ван Гогга оид “Қамоқхона ҳовлисида” деган асарга менгзайди бу. “Мен ван Гог асарларини жуда севаман. Ван Гог мен энг яхши кўрадиган рассом”, дейди Рустам Бозоров Озодлик билан суҳбатда.

Суннатулло ва Ширинойнинг тўйи

Рассом Рустам Бозоров асарларида киноя ва аниқ кесатиқ сезилиб туради. Мен туғилиб ўсган Қашқадарëда тўй бу ўзбек жамиятининг барча манфий мусбатини намойиш қиладиган тадбир мен учун, дейди рассом:

- Қашқадарëда бўлаëтган тўй. Биринчи эскизим 1990-1991 йилда бошланган. Ўша эскиздан кетганда. Мана шу темани ривожлантирганманда. Кичкина размерда қилганман. Кейин охиригача олиб бордимда ҳозир. Бу энди чегара эмас. Янаям каттароқ бўлади, янаям қўшилади у-бу нарса. Бизларнинг вақтимиздаги нарсалар уже қўшилган. Мобил телефонлар, бошқа нарсалар. А так қишлоқ темаси қолган. Тошкентда бунақа тўйлар қилинмайди, дейди Рустам Бозоров.

Рассом асарларида дайди итлар ва ахлат титаëтган уйсиз дайди ўзбеклар акс эттирилган. Иложсизликдан ароқ ичаëтган, нос отаëтган ва бошини хам қилганча қиммат машиналар ўтаëтган катта йўлда тувакдаги гулини сотаëтган пажмурдалар суратини чизади Рустам Бозоров.

“Сиз нега ялтир-юлтур ўзбек ҳаëтини акс эттирмайсиз? Сизга бугун иншо этилган ялтироқ бинолар ëқмайдими”, деб сўраймиз рассомдан:

- Танқид қиладиган одамлар ҳам кўп ҳақиқатан. Задевать қилдими чизаман. Ҳаëт қанақа бўлса шуни ва озгина юмор қўшаман. Юмор биласизку нималигини. Резко унақа кўринмайди расмларим ва мен атайлаб чизган эмасман. Қийшиқ кўчалар албатта любой рассомга мана шу қадрли, дейди Рустам Бозоров.

"Мен сенга юлдузни олиб бераман"

Рассом Бозоров чизган бу суратда ëши қирқлар атрофидаги бир ўзбек амакининг бир жувонни қўлтиқлаб овлоққа етаклаëтгани акс этади. Суратга берилган ном қанчалик романтик бўлса¸ бу расм шунчалик романтикадан узоқ эканлиги кўрилади. Бу амаки жувон қулоғига лағмон илиб фақат жинсий орзуларини қондиражагини сурат англатиб туради.

Мен Ўзбекистон ватанпарвариман¸ дейди рассом Рустам Бозоров. Унинг бу гапи турк шоири Нозим Ҳикматнинг “Мен Туркияни бутун борлиғи билан, фазилату нуқсонлари билан севаман” деган гапига менгзайди:

- Ҳаëтдаги нарсани чизаман мен. Патриот бўлганлигим учун мен просто ўзимизнинг ҳаëтимизни кўрсатаяпман. В роде би ҳеч кимга ëмон деб кўрсатаëтганим йўқ. Унақа деб ҳам бўлмайди. Мен яна бир марта айтаяпман менинг ҳар бир ишимда юмор бор. Юмористик қарайман бу нарсага. Ҳазил кўзи билан қараяпман мен. Страшний кўз билан қараëтганим йўқ, дейди Рустам Бозоров.

Фикрсизлик ва йўлсизлик

Мана шу икки калимада рассом Рустам Бозоровнинг бугунги кайфияти жамлашди.

"Гул сотаётган аёл"- Ҳозир ҳеч нарса дея олмайман мен сизга. Чунки ҳозир менда ҳеч қанақа фикр йўқ. Бир ойдан бери ҳеч нарса қилганим йўқ. Фикр ҳам йўқ. Мана шу энг ëмон нарса рассом учун. Фикр бўлганда, иш ҳам бўларди, дейди Рустам Бозоров.

"Ҳозир суратларимни сота олмаяпман. Агар хориждагилардан бири мен чизган суратлардан лоақал биттасини сотиб олса, сал ўзимни тиклаб олар эдим," дейди рассом.

Айни пайтда рассомнинг устози, Ўзбекистон халқ рассоми Ғофир Қодиров Рустам Бозоровни ҳозирги ëш рассомлар ичида энг илғори деб ҳисоблайди:

- Мен унинг охирги ишларини кўпдан бери кўрганим йўқ ўзи. Лекин у жуда талантли, яхши бола. Композициялари ўзига хослиги билан ажралиб туради. Охирги ишларидан хабарим йўқ. Олдинги ишларига қараганда рангларни яхши ишлайди. Примитив наив йўналишида ишлайди. Асарлари оддий ҳаëтдан олинган. Ўзининг яшаëтган шаҳри, маҳалласи, ўзининг боласи, қанақадир ўзига хослиги билан ажралиб туради. Алоҳида ишларини олиб қаралса, ҳозирги ëшлар ўртасида энг талантли рассомлардан ҳисобланади. Яқинда кўргазма қилди. Мен бориб кўришга улгурганим йўқ. Эшитишимча, жуда яхши бўлган. Телевизорларда кўрсатишди. Ўзига яраша оптимистик йўналишда ишланган ишлар, дейди Ўзбекистон Xалқ рассоми Ғофир Қодиров.

XS
SM
MD
LG