Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:27

Суиқасддан 3 йил ўтиб: Махсус хизматлар Довудхонни ўчиришга уринмоқда


Таниқли уламо Обидхон Назаровнинг ўғли Довудхон Ўзбекистон махсус хизматлари 3 йил муқаддам отасига қилинган суиқасд "жим ўтирмаса, унинг бошига ҳам тушиши мумкинлиги" ҳақида огоҳлантирганини айтмоқда. Шу кунда манзилини сир тутган ва таниш-билишлар билан алоқани чеклаган Довудхон отасининг соғлиги тўлиқ тикланишига шифокорлар ишонч билдирганини айтди.

Швециядан бошпана олган ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровга нисбатан суиқасд уюштирилганига 22 февраль куни роппа-роса 3 йил тўлди.

Назаров Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

Ўша кезда бошидан ўқ еган уламо ҳануз шифохонада қолмоқда ва шу кунга қадар олинган муҳим янгилик – Обид қорининг тилга кирганидир.

Бу ҳақда бир неча кун аввал уламонинг шогирдларига таяниб хабар берган эдик. Аммо, суиқасдга 3 йил тўлган санада уламонинг ўғли Довудхон жонли мулоқотда иштирок этди ва тингловчилардан йиғилган қатор саволларга жавоб берди.

Довудхон: Отамнинг соғлиги тўлиқ тикланишига ишонч бор

Довудхон Обидхон ўғли шу кунда деярли ҳар куни отасининг ёнида ва шифокорлар маълум муддат ўтгач, уламонинг соғлиги тўлиқ тикланишига ишонч билдирмоқда:

- Отам нафақат "ҳа" ёки "йўқ", деб гапираяптилар, балки бундан кўра кенгроқ мулоқот қилаяптилар. Аввалига шифокорлар отамизнинг ҳаётда қолишига ҳам шубҳа билан қараган эдилар. Аммо, кундан-кунга яхшиланаётганини кўриб, соғлиги тўлиқ тикланишига ишонишаяпти энди, - дейди Довудхон.

Яъни, унинг сўзлари мазмунидан Обидхон қорининг бошига теккан ўқ жароҳатлари битган ва у кишнинг жисмоний-руҳий ҳолатига етган шикаст ҳам тўлиқ бартараф этилишига шифокорлар ишонч билдира бошлаган. Аммо, бунга қанча вақт кетиши номаълум.

Довудхон: Махсус хизматлар менга ҳам таҳдид қилди

- Айнан қайси шаклда, қачон ва ким орқали эканини айтмоқчи эмасман. Лекин, ўтган йили сизнинг радиода, кейин бошқа халқаро ахборот воситалари, масалан, Al-Jazeera каналида ҳукуматнинг отамизга қарши қилмишларини қоралаб чиқиш қилганимдан кейин шунақа таҳдидлар бўлди. Яқинларим орқали "отасининг кунини унинг ҳам бошига солишимиз мумкин", деган таҳдидлар бўлди. Аммо, биз отамизнинг ҳимояси учун ҳамиша ҳаракат қиламиз, - дейди Довудхон.

Довудхон яқинлари орқали билдирилган бу таҳдидлардан Швеция махсус хизматларини хабардор қилгани, айни пайтда ўзи ва отаси кучайтирилган тартибда қўриқланаётганини айтмоқда.

Довудхонаг кўра, Обидхон қори ҳаётига таҳдид кўлами ҳануз баланд, деб ҳисоблаган швед махсус хизматлари имомнинг манзили, соғлигига оид маълумотларни сир сақлашни талаб қилмоқда, хусусан, у кишининг фотосурати ва видеоси олинишига ҳам рухсат бермай келмоқда.

М.Ширинов: Ҳукумат Обид қори акамизнинг қайтишига йўл берсин!

Швецияда яшаётган ўзбекистонлик диндор - ҳадишунослик фанлари доктори, исломшунос олим Муҳиддин Ширинов Ўзбекистон ҳукумати диндорлар билан муроса қилиши шарт, деган фикрда.

- Обидхон қори, ёдингизга бўлса, Тошкентдаги масжид учун ҳам охирига қадар қонуний йўл билан курашганлар. У киши Ўзбекистон қонунлари, Конституцияси йўли билан диний эркинлик учун курашаш тарафдори бўлган диндорлардандир. Ўзбекистон ҳукумати, худди Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга берилгани каби, Обидхон қори акамиздек кишилар билан ҳам муроса қилиб, уларнинг Ўзбекистонга қайтишига йўл бериб, уларга диний эркинлик бериш йўли билангина ўзларини катта бир бошоғриқдан, келиши мумкин бўлган бошқа муаммолардан қутқарган бўларди. Шу маънода, агар бу суиқасдни қори акамизга ўзлари уюштирган бўлса, ҳукумат катта хатога йўл қўйди, - дейди Муҳиддин Ширинов.

И.Ёқубов: Обид қорига суиқасд пухта ўйланган

Лондонда яшаётган ўзбекистонлик муҳожир - Ўзбекистон МХХнинг собиқ жосуси Икром Ёқубов орадан уч йил ўтиб ҳам ижросичи топилмаган ёхуд бу ҳақда тергов-суриштирув идоралари сукут сақлаётган бу амалиёт пухта ўйланган сиуқасд амалиёти эди, деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, айрим таҳлилчилар ёки ўзбекистонлик муҳожирларнинг Туркиядаги суиқасд Швециядаги суиқасдга ўхшайди, деган тахминлари асоссиздир.

- Швециядаги суиқасд пухта ўйланган ва шу боис, ҳам ижрочиси топилгани йўқ. Бундан ташқари, Обид қорига нисбатан ўзбек ҳукуматининг сабр косаси тошиб кетишига, менинг шахсий фикримга кўра, Uznews.net нашрида Обидхон қорининг Швецияда яширин мактаблар очиб олгани ҳақида бўҳтонлар билан ёзилган туркум мақолалар сўнгги сабаб бўлди, - деб таъкидлади И. Ёқубов.

Довудхон: Ҳукуматни отамни назоратига олмоқчи эди, бўлмади

Ёқубовнинг фикрини қувватламаган Довудхон аслида ўзбек махсус хизматларининг асл мақсади Обидхон қорини ўлдириш эмас, балки уни ўз назоратига олиш бўлган, деб ҳисоблашини айтади:

- Болалагимдан эсимда, ҳар жумадан кейин МХХнинг одамлари келиб, отамга: "Уни нотўғри айтдингиз, буни нотўғри айтингдиз. Бу галги жумада бундай, деб айтинг!" деб уқдирар эди. Аммо, отамиз ҳар доим ҳақ гапни айтиб келган. Яъни, отам МХХ назоратига бўйсунмадилар. Шунинг учун, улар отамизга қарши бу жиноятни уюштирди, деб ҳисоблаймиз. Бу жиноят, албатта, фош этилиши керак, - деб таъкилайди Довудхон.

Терговчилар жим...

3 йил аввал - 22 февраль куни содир этилган суиқасд терговига оид маълумотлар эса жамоатчиликка сирлигича қолмоқда.

Обидхон қорининг шогирдлари ва ўзбекистонлик фаоллар суиқасддан 3 йил ўтиб, 20 февраль куни Стокҳолмда ўтказилган норозилик тадбирида тергов-суриштирувга масъул идораларга ҳам расман мурожаат йўллади.

Швед прокурори Кристер Петерссон илгари сурган айблов асосида Обидхон қорига ўқ узганликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси, 1978 йил туғилган Юрий Жуковскийнинг қаерда экани ҳам ҳозирча кенг жамоатчиликка номаълум қолмоқда.

2012 йил 12 октябр куни унинг Россияда қўлга олингани ҳақида норасмий хабар пайдо бўлган. Россия Федерал Хавфсизлик хизмати бу хабарни тасдиқламаган, аммо, инкор ҳам қилмаган.

Ҳозирча ҳар икки давлатнинг мутасадди идораларидан бу борада бирор аниқ маълумот олиш имконсиз қолмоқда.

Швед прокурори таниқли ўзбек имоми Обид қорига нисбатан суиқасдни унинг сиёсий ва диний фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблашини айтган. Бироқ, Обид қорига уюштирилган суиқасд ортида Ўзбекистон ҳукумати ва унинг махсус хизмати турибди¸ деган иддаони аниқ тасдиқлайдиган далил йўқлигини ҳам таъкидлаган.

Мазкур суиқасдга алоқадор деб кўрилган ўзбекистонлик эр-хотин - Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар эса 2013 йилнинг июль ойида маҳкама қарорига биноан айбсиз деб топилиб, озодликка чиқарилган.

XS
SM
MD
LG