Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:03

Каримовнинг бетоблиги ҳақида ёзган мухолифат сайти яна ҳужумга учради


9 февраль оқшомида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайти кибер-ҳужумга учради. ЎХҲ масъулларига кўра, ҳакерлар ҳужуми мазкур сайтда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов сиҳатига оид сўнгги маълумотлар акс этмиш мақола чоп этилганидан кўп ўтмай амалга оширилган.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига қарашли uzxalqharakati.com сайти душанба куни Тошкент вақти билан тақрибан соат 21.30 лардан буён очилмаяпти. Мухолифатчилар буни ўз ресурсларига қилинган кибер-ҳужум билан изоҳламоқдалар.

ЎХҲ масъулларига кўра, ҳакерлар ҳужуми сайтда Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан чиқадиган муаллифнинг навбатдаги мақоласи эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб амалга оширилган.

Мухолифатчи ҳаракат вакиллари Фейсбук ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида uzxalqharakati.com фаолиятини қайта йўлга қўйиш учун техник ходимлар иш олиб бораётгани ва яқин соатлар ичида сайт қайта ишга туширилишини хабар қилганлар, бироқ ҳали бу иш амалга ошганича йўқ.

Сайтнинг кибер-ҳужумга учрашига сабаб бўлгани айтилаётган кечаги мақолада Усмон Ҳақназаров тахаллусли муаллиф Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 28-29 январь кунлари комада бўлгани, 29 январь оқшомида ўзига келгани, 30 январь куни ўзини анча яхши ҳис қилиб, ҳатто туғилган куни муносабати билан уюштирилган банкетда иштирок этгани, банкетдан кейин яна ўзини ёмон ҳис қилгани, бир неча кун ишга чиқолмагани, кўрпада ётаркан, тўнғич қизи Гулнора Каримова билан учрашгани, Каримовнинг бетоблиги билан боғлиқ равишда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати масъуллари томонидан амалга оширилган ишларга оид тафсилотларни ёзган.

Мақолада Каримовнинг бетоблигидан қўшни мамлакатлар раҳбарлари ҳам хабар топгани, бунинг ортидан “Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи” ташкилоти билвосита президент Нурсултон Назарбоев топшириғи билан Ўзбекистон президентини истеъфога чиқиб, лавозимини ёшроқ кишига топширишни сўрагани иддао қилинади.

Шунингдек, мақолада Ўзбекистон президенти лавозимига номзод Ҳотамжон Кетмонов ҳақида ҳам айрим маълумотлар келтирилган. Айни пайтда мазкур мақоладаги иддаолар қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги Озодликка маълум эмас.

Каримов режимига қарши кескин танқидий мақолалар эълон қилиб келаётган ЎХҲ сайти аввал ҳам бир неча маротаба кибер-ҳужумларга нишон бўлган. Ана шундай ҳужумлардан бири мазкур сайтда 2013 йил мартида Ислом Каримов юрак хуружига учрагани ҳақида хабар берилганидан кейин амалга оширилганди.

XS
SM
MD
LG