Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:59

Тошкент милицияси инспекторларга босим ўтказилган видеонинг ҳақиқийлигини инкор қилди


Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган видеода Тошкентда қўлга тушган маст ҳайдовчи юқори лавозимда ишлайдиган подполковник таниши орқали йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига босим қилиб, жазодан қутилиб қолгани тасвирланади. Тошкент йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси расмийси бу видеонинг ҳақиқийлигини инкор қилди.

Озодликка WhatsApp орқали юборилган видеода тахминан ўтган йилнинг кузида Тошкент шаҳрида содир бўлган воқеалардан бири тасвирланади.

Инспекторлардан қочган ҳайдовчини қувиб етиб олган йўл ҳаракати хавфсизлиги (ЙҲХ) автомобилининг ойналари қорайтирилган "Спарк"ни олдидан тўсиб турган ҳолати билан видео бошланади.

ЙҲХ ходими ҳайдовчидан автомобиль ойналари тонировкаси учун ҳужжатларини талаб қилганда, у ҳужжати йўқлигини ва таниш “братан”лари рухсат беришганини айтиб, мансабдор танишларидан бирига қўнғироқ қилади:

"Ока, мана бу, йўлда тўхтатиб мазгини қотиришвотти, иккинчи дивизионданман девотти", деган ҳайдовчи ЙҲХ ходимининг кўкрак белгиси рақамини 0405 деб айтади.

Шундан сўнг, телефонни олган ЙҲХ ходими ўзини иккинчи двизиондан Азизман деб таништирар экан, “катта”нинг арзандаси гуноҳларини санай бошлайди:

“Ока, ойналари тонировка бетон, қорайтирилган и Қорасарой чорраҳасида қизил чироқда кириб келиб, бўйсунмасдан қочвоттилар ва ичганлар ҳам. Ҳеч қанақа документ кўрсатмаяптилар”, дейди ЙҲХ ходими.

Трубкадан ўзини Қосимов деб таништирган шахс эса, ЙҲХ инспекторларига босим ўтказа бошлайди:

“Документи йўқ, тўғри, лекин рухсати бор. Сўраб ўтирма, шундай қўйворовур. Ҳеч нимаси йўқ, тўхтатмаларингда буни бошқа. Сан началнигингга айтгин, Қосимов телефон қилдилар дегин, каттакон айтдилар дегин”, дейди телефондаги шахс.

Бу пайт суҳбатни эшитиб турган иккинчи инспектор ўртага қўшилади:

“Оформит қиламиз, штрафнойга тиқамиз, ким экан ўзи у, келсин. Ўзлари келсинлар мана шетга, давай ёзамиз биз. Давай штрафнойга ҳайдаймиз, рулга ўтир, давай. Келинг ока мана шетга, шетта гаплашамиз.”, дейди иккинчи ходим.

Ва шундан сўнг телефондаги шахс дўқ-пўписага ўта бошлайди:

“Ҳой бола, ишдан кетгинг кевоттими? Шаҳарда ман коттаман-а”, дейди Қосимов.

ЙҲХнинг биринчи суҳбатлашган инспектори сал бўшашиб, телефон овозининг исмини сўрайди.

“Шерзод.... Қосимов, подполковникман”, дейди овоз соҳиби.

ЙҲХ ходими унинг қайси хизмат подполковниги, қайси ташкилотда ишлашини сўрашга бошқа ботинолмайди ва юмшоқ овоз билан:

“ Майли, майли, бўлди, бўлди ока, тушундим”, дейди ва маст ҳайдовчига оқ йўл тилаб, эҳтиёт бўлиб кетишини тайинлайди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларининг ҳужжатсиз машина бошқариш, ойналарни рухсатсиз қорайтириш, светофорни қизил чироқда кесиб ўтиш, маст ҳолда рулга ўтириш, ЙҲХ ходими талабига бўйсунмасдан қочиш каби бешта қоидасини қўпол равишда бузган ҳайдовчи ёки чин, ёки ёлғон ҳомийсининг ЙҲХ ходимларига ўтказган тазйиқидан сўнг муқаррар жазодан қутилиб қолади.

Ҳайдовчи ўз пуштипаноҳи билан бўлган суҳбатда инспекторнинг кўкрак нишон рақами 0405 эканлигини айтади.

Озодлик Тошкент шаҳар ЙҲХ Бошқармасининг 2-дивизиони билан боғланиб, уларда кўкрак нишони рақами 0405 бўлган Азиз деган ходим ҳақида сўради.

Дивизион навбатчиси 04 билан бошланадиган кўкрак нишонлар 3-дивизионда бўлишини айтгандан сўнг, Озодлик 3-дивизионнинг мулозимларидан бири майор Турсунхўжаев билан боғланди.

Майор Турсунхўжаев бу видеони ҳақиқатдан ҳам кўрганлигини, бироқ видео қаҳрамонлари тўқима эканлигини айтди:

“Бўмагир нарса у, бизлардан эмас у. ГАИлар қилмаган уни. Аҳмоқ одамлар чиқазган уни. ГАИ эмас у”, деди майор Турсунхўжаев.

Мулозимнинг айтишича, бу видео йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини обрўсизлантириш учун тўқиб чиқарилган.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, уларда Шерзод Қосимов исмли подполковник ишламаслигини айтди.

Ўзбекистонда мансабдор шахслар ва уларнинг яқин таниш-билишлари йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жазодан қутилиб қолиш ҳолатлари кўп кузатилади.

XS
SM
MD
LG