Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:31

Дунё 2015 йилни кутиб олди, бироқ Янги йил шанхайликларга татимади


Жаҳон халқларининг Янги – 2015 йилни кутиб олиш билан боғлиқ қувончига Шанхайда содир бўлган фожеа соя солди.

Нафақат Хитойдаги, балки дунёдаги энг йирик шаҳарлардан бири -Шанхайда Янги йил кириши арафасида оломон оёқлари остида қолиб, камида 35 киши нобуд бўлди, бошқа бир неча ўн киши тан жароҳати олди.

Янги йил кечасида ўтказилиши режалаштирилган анъанавий лазер шоуни тиқилинч ҳосил бўлишининг олдини олиш учун ўтган ҳафтада бекор қилган расмийлар фожеа сабабларини ўрганмоқда.

Шанхайда содир бщлган фожеа шоҳидларидан баъзиларининг айтишича, фожеага ўша жойдаги рестораннинг устки қаватидан ташланган қалбаки пуллар сабаб бўлган: пулни териб олишга шошилганларнинг дастлабкилари кейингиларининг оёқлари остида қолиб кетган.

Одамлар Хуангпу дарёсидаги платформага чиқишга шошилганда пайдо бўлган тиқилинч сабаб бўлди одамларнинг ўлишига, деяётганлар ҳам бор.

Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин маҳаллий ва минтақавий раҳбарларни юз берган фожеа сабабларини пухта ўрганишга, бундай фожеаларнинг такрорланиши олдини олиш учун барча чораларни кўришга фармойиш берди.

Янги йил байрами бу гал малайзияликларга ҳам татимади: бир томондан AirAsia ҳаво йўлларининг 28 декабрда ҳалокатга учраган учоғи бу компаниянинг бу йилнинг ўзида йўқотаётган учинчи самолёти бўлса, иккинчи томондан мамлакат шимоли-шарқида давом этаётган сув тошқини тақрибан 250000 кишини яшаш жойларини тарк этишга мажбур қилди.

Ироқ пойтахти расмийлари 10 йилдан бери давом этаётган комендант соатини одамлар байрам қилиб олсин учун бир кечага бекор қилди.

Бироқ шаҳарнинг савдо дўконлари жойлашган кўчалари шаҳарни бир неча ойдан бери таъқиб қилиб келаётган исломчи-жанггариларнинг худкуш ҳужумларидан сақланиш учун ёпиқ қолди.

Австралиянинг Сидней шаҳридаги Опера театри олдида ўтказиладиган анъанавий мушакбозликни томоша қилиш учун 1 январга ўтар кечаси 1 миллионга яқин киши йиғилди.

Бирлашган Араб Амирликларида эса, Янги йил кечасининг асосий тадбири дунёдаги энг баланд бино - Буржи Халифа олдида бўлиб ўтди. Бу ерда ўтказилган мушакбозлик ва лазер шоуни бир неча юз минг одам томоша қилди.

Ҳаво ҳароратининг 0 дан анча паст эканлигига қарамай, Москванинг Қизил майдонида ҳам бир неча ўн минг киши йиғилди. Бу ерда ўтказилган мушакбозлик ёлқини бир томонда Василий Блаженний соборини ёритган бўлса, иккинчи томонда Ленин мавзолейини ёритди.

Берлиннинг Бранденбург дарвозаси олдида очиқ осмон остида ўтказилган концерт Берлин девори қулашининг 25 йиллигига бағишланди.

ЎзА агентлигига кўра, Тошкентнинг Мустақиллик майдонида академик драма театри актёрлари ижросида “Янги йил саргузаштлари” номли театрлаштирилган томоша намойиш этилмоқда.

Бу йилги томошалар ҳам кўпроқ миллий руҳда ҳозирланди ва улар, асосан, болаларга мўлжалланган. Томошаларда халқ эртаклари қаҳрамонлари - Насриддин Афанди, Шум бола, Эгри ва Тўғри, сеҳрли шамчироқ эгаси Оловиддин, меҳнатсевар Зумрад ва эрка Қиммат образидаги актёрлар томошага борган болаларнинг кўнглини олмоқда.

Расмий хабарга кўра, мамлакат бош майдонда 70га яқин аттракцион, 50га яқин савдо шохобчаси очилган.

Худди шундай Янги йил тадбирлари Тошкент ва республиканинг барча вилоят марказлари, туман марказлари ҳамда шаҳарларидаги бош майдонларида ташкил қилинган.

XS
SM
MD
LG