Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:56

Журналистларнинг қотиллари жазосиз қолмоқда


ЕХҲТнинг ОАВ масалалари бўйича вакили Д. Миятович аъзо давлатларни журналистларга қарши жиноятларни амалга ошираётганларни жазолаш бўйича реал қадамлар қўйишга чақирди.
ЕХҲТнинг ОАВ масалалари бўйича вакили Д. Миятович аъзо давлатларни журналистларга қарши жиноятларни амалга ошираётганларни жазолаш бўйича реал қадамлар қўйишга чақирди.

Журналистларни ўлдириш жамоатчиликни содир этилаётган жиноятлардан ғафлатда тутиш йўлларидан биридир. Айни пайтда бундай жиноятларни амалга оширган шахсларнинг 90 фоизи кимлиги аниқланмай, жазосиз қолмоқда.

Кўчаларда талотум ҳукм сурган пайтда кўпинча журналистлар ҳужум ҳадафига айланган илк кишиларга айланади.

Бундай ҳолатлардан Украина ҳам мустасно бўлмади. Шу йилнинг биринчи ярмидаёқ бу мамлакатда 7 нафар журналист ва уларнинг ёрдамчилари ўлдирилди, чунки ҳар иккала томон воқеа гувоҳлари ва норозиларни йўқ қилишга интилди.

Улар орасида Киевда чиқадиган “Вести” газетаси мухбири Вячеслав Веремий ҳам бор. У шу йилнинг 19 февраль куни ўша пайтдаги Украина президенти Виктор Януковични дастаклаган ниқобли шахслар томонидан отиб кетилган. Ўша куни Днепропетровск шаҳри яқинида “Хочу в СССР” номли россияпараст газета муҳаррири Сергей Долгов ҳам номаълум кишилар томонидан ўлдириб кетилган.

Қотилларнинг бирортаси ҳам топилмагани ва бу ишлар юзасидан ҳеч ким судланмагани одатий ҳолга айланиб бормоқда. 2 ноябрь – Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолиши билан кураш халқаро куни арафасида Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) томонидан ёйинланган ҳисоботда бутун дунё бўйлаб журналистларни ўлдирган кишиларнинг 90 фоизи суд қаршисига чиқарилмаётгани ва жазосиз қолаётгани қайд этилади.

CPJ ҳисоботига мувофиқ, сўнгги ўн йил мобайнида касбий фаолияти туфайли дунё бўйлаб умумий ҳисобда 370 нафар журналист ўлдирилган. Уларнинг аксарияти коррупция, жиноятчилик, инсон ҳақлари ва сиёсат каби мавзуларни ёритган маҳаллий журналистлар эди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, “жиноятчи гуруҳлар, давлат амалдорлари, ҳарбийлар, ноқонуний қуролли гуруҳлар ва бошқалар” оммавий ахборот воситаларини уларнинг фаолиятини ёритишдан ҳуркитиш мақсадида қўрқув муҳити яратиш учун журналистларни қасдан ўлдираяптилар.

Ўнтадан тўққизта ҳолатда буюртмачилардан тортиб журналистларни ўлдиришда бевосита иштирок этган жиноятчиларгача жазосиз қолаётгани зўравонлик кучайишига сабаб бўлмоқда. CPJ ҳисоботида қайд этилишича, кўп ҳолларда журналистларда жим туришдан ёки ўз мамлакатини тарк этишдан бошқа чора қолмаяпти.

“Оммавий ахборот воситаларига қасдан қилинган ҳужумлар дунёни Суриядаги зўравонлик, Мексикадаги бангфурушлик, Покистондаги ҳарбий гуруҳлар таъсири ва Россиядаги коррупция кўламини тўлалигича англаш имкониятидан маҳрум қилмоқда”, - дейилади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳисоботида.

Муаллифлар айрим ҳолларда қотиллар жойлардаги расмийларда сиёсий ирода етишмаслиги важидан жазосиз қолаётганини урғулайдилар. Бундан ташқари, жиноятчилар коррупция, сиёсий таъсир, қўрқитиш, ҳуқуқ-тартибот тизимидаги заифликлардан фойдаланиш туфайли одил судловдан қутулиб кетаётирлар.

Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолиши билан кураш халқаро куни арафасида ЕХҲТнинг оммавий ахборот воситалари масалалари бўйича мулозими Дуня Миятович ташкилотга аъзо давлатларни “журналистларга қарши жиноятларни амалга ошираётганларни топиш ва судга тортиш бўйича реал қадамлар қўйиш”га чақирди.

- Жазосиз қолиш муаммосига қарши кураш юзасидан сиёсий ирода жудаям бўшашиб кетган, айрим пайтларда эса бундай ирода умуман йўқ. Кескин риториканинг ўзи камлик қилади, жазосизлик боши берк кўчасидан чиқиб кетиш учун конкрет хатти-ҳаракатлар зарур, - дея қайд этди Дуня Миятович.

Ўз сўзида Миятович қотиллари ҳанузгача жавобгарликка тортилмаган таниқли журналистларни рўйхатини келтириб ўтган. Булар серб журналисти Славко Чурувия (1999 йил), асли Грузиядан бўлган украиналик журналист Георгий Гонгадзе (2000 йил), серб журналисти Милан Пантич (2001 йил), беларус журналисти Вероника Черкасова (2004 йил), черногориялик журналист Душко Йованович (2004 йил), Москвада ишлаган америкалик журналист Пол Хлебников (2004 йил), озарбайжон журналисти Эльмар Гусейнов (2005 йил), россиялик журналист Анна Политковская (2006 йил), ўзбек журналисти Алишер Соипов (2007 йил), асли арман бўлган туркиялик журналист Грант Динк (2007 йил), россиялик журналист Наталья Эстемирова (2009 йил), россиялик журналист Хожимурод Камолов (2011 йил), россиялик журналист Аҳмаднаби Аҳмаднабиев (2013 йил) ва бошқалардир.

XS
SM
MD
LG