Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:31

ЎИҲнинг янги раҳбари Усмон Ғозий ким?


Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг янги раҳбари Усмон Ғозий жиноий ўтмишга эга, наркотик моддалар ҳамда қуроллар ноқонуний савдоси билан шуғуллангани иддао қилинмоқда. Пентагон томонидан молияланадиган CentralAsiaOnline.com сайти бу ҳақда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳизмати ходимига таяниб хабар қилди.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг етакчиси Усмон Одил ҳалок бўлганидан сўнг унинг ўрнига Усмон Ғозий амир этиб тайинлангани ҳақидаги билдириш ҳаракат веб-сайтида шу йилнинг 3 августида эълон қилинганди.

Лекин, ЎИҲнинг янги раҳбари Усмон Ғозий ҳақида ҳалигача кўп нарса маълум эмас.

Пентагон томонидан молияланадиган CentralAsiaOnline.com сайтининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати террорчиликка қарши курашиш бўлимининг С. Хотиб исмли ходимига асосланиб ёзишича, Усмон Ғозий жиноий ўтмишга эга, наркотик моддалар ҳамда қуроллар ноқонуний савдоси билан шуғулланган, кейинчалик ЎИҲ сафларига қўшилиб қолган миллати ўзбек бўлмаган шахсдир.

“Ёши 40 атрофида бўлган Усмон Ғозий пост-Совет мамлакатларининг биридан. Криминал ўтмиши боис исмни ўзгартириб олган. Асл исмини унинг атрофидагиларгина билишлари мумкин. Ўзбекча гапирмайди, русчани, шунингдек арабча ва инглизчани билади. Ўта қаттиққўл ва қатъиятли, айнан шунинг учун уни раҳбар этиб тайинлашган”,- деб айтган МХХ ходими CentralAsiaOnline.com сайтига.

Ҳаракат фаолиятини яқиндан биладиганлар эса Усмон Ғозий асли тошкентлик ўзбеклардан экани ва ЎИҲнинг аввалги раҳбари Усмон Одилнинг яқин дўсти бўлганини айтишади.

Афғонистонлик таҳлилчи Аҳмад Саидийнинг Озодликка айтишича, Усмон Ғозий ЎИҲнинг аввалги раҳбари Усмон Одил билан оға-инидек бўлишган.

- Усмон Ғозий ўтмишда нималар билан шуғулланган, буниси менга қоронғу, лекин шуни биламанки у Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аввалги раҳбари Усмон Одилга жуда яқин бўлган,- дейди афғонистонлик таҳлилчи.

Усмон Одил ўзи олти ой аввал ўлдирилгани айтилади. Уни ўрнига янги раҳбар тайинлангунга қадар ўлдирилгани жамоатчиликка ошкор этилмай турилган.

Август ойи бошларида ҳаракат Тоҳир Йўлдошнинг куёви бўлган Усмон Одилнинг энг содиқ дўсти Усмон Ғозийни ЎИҲга амир этиб тайинлаш қарорини олган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати 2001 йилда бошланган ҳужумларидан қочиб, Покистоннинг қавмлар яшовчи Шимолий ва Жанубий Вазиристон минтақаларидан бошпана топиб келаётганди.

Ҳаракатнинг фаолиятини узоқ йиллардан бери кузатиб келаётган Аҳмад Саидийнинг айтишича, Покистон ҳудудида олиб борилган қатор ҳарбий амалиётлар ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистоннинг Таҳор, Қундуз ва Бадаҳшон ҳудудларига ўтган.

- Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг асосий қароргоҳи Покистоннинг Шимолий Вазиристони бўлиб қолмоқда. Лекин асосий ҳаракат Афғонистонга кўчган,- дейди Саидий.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг сони ҳозирда бир неча юзга тушиб қолган.

Ҳаракат анча заифлашиб қолгани ҳақда CentralAsiaOnline.com ҳам ёзади.

“Бир вақтлар Тоҳир Йўлдош тарафидан бошқарилган Ўзбекистон исломий ҳаракати ички жанжал ва тортишувлар боис пароканда бўлган”, -деб айтган МХХ ходими CentralAsiaOnline.com сайтига.

2009 йил август ойида Тоҳир Йўлдош ракета ҳужумида ҳалок бўлганидан кейин Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг раҳбари этиб унинг куёви Усмон Одил тайинланган эди.
XS
SM
MD
LG