Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:43

Электрсиз тунда Электросет бошлиғига суиқасд


Сурхондарё вилояти Ангор туманида район Электр тармоқлари корхонаси бошлиғи электрсиз тунда бўғизлаб кетилди.

Маҳаллий милицияга кўра, суиқасд 26 ноябр куни кечқурун Карим Жўраев ишдан уйига қайтаётган пайтда қоронғу кўчада рўй берган.

Ҳужумдан тирик қолган Электр тармоқлари хўжайини ҳозирда туман касалхонасида қолмоқда¸ ҳозирда унинг аҳволи оғир эмаслиги айтилмоқда.

Милицияга кўра, Жўраев ҳужумчига қаршилик кўрсатиб пичоқни қўли билан тўсиб қолди. Натижада пичоқ унинг бўғзига чуқур ботмади ва асосий қон томирларига шикаст етмади.

Ангор туман милиция ходимининг айтишича, Карим Жўраев ўзига ҳужум қилган одамни қоронғу бўлганлиги учун таний олмаган ва уни тасвирлаб беролмаган. Воқеа гувоҳлари ҳам қоронғу бўлганлиги туфайли жиноятни содир этиб қочган шахсни кўрмаган.

Карим Жўраевнинг милицияга билдиришича, аввалига нотаниш шахс йўлини тўсиб¸ унинг кимлигини сўраган. Жўраев, "Мен Электросет бошлиғиман" деган заҳотиёқ, нотаниш унга пичоқ билан ташланиб бўғизлаган.

Суиқасд сабаблари¸ айтилишича¸ Карим Жўраев учун ҳам, милиция учун ҳам қоронғу қолмоқда.

Аммо Ангорда ушбу воқеа атрофида турли миш-мишлар урчиб кетди.
Озодлик билан боғланган ва ўзининг касалхона ходимлари билан айни воқеа юзасидан гаплашганини айтган ангорликка кўра¸ Жўраевга Электросет фаолиятидан қаттиқ норози бўлган одам ҳужум қилган.

Маҳаллий аҳоли гумонича, бу одамнинг хотини жарроҳлик амалиёти давомида электр узилганлиги сабабли нобуд бўлган ва у Электросет бошлиғидан қасд олмоқчи бўлган.

Ангор милицияси бу ҳақда ҳеч нарса маълум эмаслиги билдирди. Аммо айни миш-мишни текшириб кўриш асносида қилинган Озодлик суриштируви икки нарсани аниқлашга имконият берди.

Ангорда Электр тармоқлари корхонаси бошлиғининг бўғизлангани қанчалик рост бўлса, электр таъминотидаги узилишларнинг мунтазамлиги ҳам шунчалик ҳақиқат.
XS
SM
MD
LG