Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:19

Карнитшниг: Каримовни Брюсселга таклиф қилиш НАТО ташаббусидир


Европа Комиссияси Президенти Жосе Мануэл Баррозонинг матбуот котиби Майкл Карнитшниг (Michael Karnitschnig) EurasiaNet.org сайтига Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни Брюсселга таклиф қилиш Европа Иттифоқининг эмас, балки НАТОнинг фикри эканини айтди.


Карнитшнигга кўра, президент Каримовга таклифнома НАТО ва Белгия раҳбарияти томонидан берилган. 24 январ куни Ислом Каримовнинг Брюсселда НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен, Европа Комиссияси Прездиенти Жосе Мануэл Баррозо, ЕИнинг Энергетика бўйича мутасаддиси Гунтер Оттенгер ва Белгия раҳбарлари билан учрашиши кутилмоқда.

НАТОнинг матбуот вакили эса Ўзбекистон раҳбарига таклифнома қачон берилганини ошкор қилишдан бош тортди. У фақат Афғонистонни қўллаб-қувватлашда НАТО ва Ўзбекистон ҳамкорлиги, шунингдек, “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастури доирасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилишини EurasiaNet.org интернет сайтига маълум қилган.

Каримовнинг Брюсселга ташрифи арафасида Европа Комиссияси Президенти Баррозо номига халқаро ташкилотлардан мактублар ёғилмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Вероника Голдстон ўз мактубида Каримовнинг ташрифини “афсусланарли” деб атаган.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Еврокомиссия раиси Жосе Мануэл Баррозо номига йўлланган мактубда Баррозадан президент Каримов олдига барча виждон тутқинлари ва ҳуқуқ фаолларини қамоқдан озод қилиш, мамлакатда ноҳукумат ташкилотларининг эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилмаслик, БМТ махсус маърузачилари билан ҳамкорлик қилиш, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, болалар меҳнатига қарши конвенцияни амалда қўллашга киришиш, мамлакатдаги сайлов жараёнларини ҳалқаро стандартларга мослаш талабларини қўйишни илтимос қилган.

Халқаро Амнистия ташкилоти раҳбари Николас Бегер Еврокомиссия раҳбари Баррозога йўллаган очиқ мактубида Каримов билан бўлажак музокараларда 2005 йилги Андижон қатлиоми юзасидан халқаро тергов ўтказиш масаласини кўндаланг қўйишни сўраган.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 20 январ куни эълон қилган баёнотда эса Андижон воқеларидан кейин Ислом Каримовнинг Брюсселда илк бор қабул қилиниши юзасидан ташвиш билдирилган.

Ташкилоти Еврокомиссия президенти Жосе Мануэл Баррозодан Ислом Каримовни Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган 11 нафар журналистни озод этишга чақиришни сўраган.

Баёнотда 11 журналистнинг исми келтирилган. Улар қ Ҳайрулло Ҳамидов ("Наврўз" радиоси), Дилмурод Сайид ("Эзгулик"), Баҳром Ибрагимов ("Ирмоқ"), Даврон Қобилов ("Ирмоқ"), Равшанбек Вафоев ("Ирмоқ"), Абдулазиз Дадахонов ("Ирмоқ"), Ботирбек Эшқўзиев ("Ирмоқ"), Солижон Абдураҳмонов (жамоатчи мухбир) ва Жамшид Каримов (жамоатчи мухбир, "Фарғона.ру", "Центразия.ру" сайтлари мухбири) лардир.

- Чегара билмас мухбирлар ташкилоти адолатсиз равишда қўлга олинган ва қамоққа ташланган журналистлар озод этилишини талаб қилади. Уларга қарши кўпинча мантиқсиз айбловлар кўйилганига қарамай, бу журналистлар фақат жамоатчиликка янгилик ва маълумотлар етказиш вазифаларини бажаришга уринганликлари учун тутқунликда сақланмоқда, - дейилади Чегара билмас мухбирлар ташкилоти эълон қилган баёнотда.
XS
SM
MD
LG