Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:45

Ўзбекистонлик ҳатто хорижда ҳам доимий кузатувда...ми?


Жамоатчиликка эълон қилинган илк ҳужжатга 2004 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Зокир Алматовнинг қўл қўйгани даъво қилинмоқда.
Жамоатчиликка эълон қилинган илк ҳужжатга 2004 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Зокир Алматовнинг қўл қўйгани даъво қилинмоқда.

Ўзини Ўзбекистон ИВВ капитани деб таништираëтган шахс сиëсий бошпана олиш мақсадида Норвегия расмийларига тақдим этган ҳужжатлар интернетга кўча бошлади -уларнинг илк парчаси вазирликнинг хориждаги Ўзбекистон фуқаролари ҳақида ахборот йиғиш тармоғига оид.


Капитан N фош этишга киришди


Жамоатчиликка ҳозирча ўзини “Оскар” деб таништиришни сўраган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги капитани 2003 йилдан бери Норвегияда яшаб келаëтган ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Евгений Дьяконовдан ўз матбуот вакили бўлишни сўради. Бу шахс ўзи билан олиб келгани ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ички низом ва буйруқлари¸ деб даъво қилаëтгани ҳужжатлар нусхасини ҳам айнан Дьяконовга тақдим этди.

16 январ кунидан бошлаб Дьяконов мазкур ҳужжатларни ўз сайтида эълон қилишни бошлади.

Эълон қилинган дастлабки ҳужжат Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги архивидан олингани даъво этилаëтган ва 2004 йилнинг 18 ноябр куни ўшандаги вазир Зокир Алматов қўл қўйган ички фойдаланиш учун¸ деб ëзилган низомдир.

“Ватандошларнинг Ўзбекистон ташқарисидаги ғайриқонуний ҳаракатларига қарши кураш бўйича профилактика чораларини кучайтириш тўғрисида” деб номланади Дьяконов эълон қилган рус тилидаги бу илк ҳужжат.

“Ўзбекистон одил судидан бекиниб юрган диний ва сиëсий фаоллар¸ Ўзбекистондаги ички вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган ғайриқонуний фаолиятни фаол давом эттирмоқдалар. Бундай фаолият Ўзбекистон республикаси ва халқига тузатиб бўлмас зиëн еткизмоқда¸ шунингдек давлатнинг биринчи шахслари обрўсига доғ туширмоқда”¸ деб бошланади асл нусхасига Ички ишлар вазири имзо чеккани айтилаëтган ҳужжат.

Хориждаги ўзбекистонликлар орасидаги профилактика чораларини кучайтириш мақсадида Алматов¸ мазкур ҳужжатда вазирликнинг турли даражадаги бўлимларига 11 банддан иборат тадбирларни амалга ошириш ҳақида буйруқ берган.

Ижро этиш Ички ишлар вазирлигининг район бўлимлари¸ аниқроқи участка нозирлари даражасидан бошланадиган мазкур тадбирлар орасида¸ ташқарига чиқиб кетган фуқароларга оид тўлиқ маълумот йиғиш¸ хорижга чиққанларнинг Ўзбекистонда қолган яқинларини махсус рўйхатга олиш¸ қариндошларига босим қилиш орқали уларни Ўзбекистонга қайтаришга эришиш¸ хориждаги экстремистик ва террорчилик ташкилотларига алоқадор ўзбекистонликлар билан алоқа ўрнатиш¸ ўзбекистонлик қочқинлар ичидаги жосуслар тармоғини кучайтириш каби чоралар бор.

Манба ва унинг "ҳужжат"ларига шубҳа бор¸ аммо...

“Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг шахсан ўзи қўл қўйгани даъво қилинаëтган бу буйруқ¸ “Оскар” менга берган юзлаб ҳужжатлардан бири ва унинг қанчалик ҳақиқий эканини мен баҳолай олмайман. Аммо бу буйруқда келтирилган тадбирларнинг йиллардан бери амалда мавжуд амалиëтга мантиқан мос эканини тасдиқлай оламан”¸ дейди ҳужжатни ўз сайтида эълон қилган ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Дьяконов.

- Мен бундай буйруқ мавжудлиги ҳақида кўпдан тахмин қилиб келаëтган эдим¸ аммо қўлимда буни тасдиқловчи факт йўқ эди. Очиғи ҳозир ҳам йўқ. “Оскар” менга берган ҳужжатлар бир уюм қоғоз ва бир қути диск¸ холос. Дискларда ҳам ИИВ агентларининг нусха кўчирилган ҳисоботлари экани даъво қилинаëтган хабарлар бор¸ холос. Шу боис¸ мен бу ҳужжатларни 100 фоиз факт¸ деб тақдим этишга шошилмаяпман.

Айни пайтда¸ бу ҳужжатда ëзилганлар ҳақиқатга жуда яқин. Шахсан ўзим¸ бундай буйруқ борлигига ишонаман. Чунки бир одамнинг Европадан бошпана олиш учунгина бунча миқдорда ëлғон маълумот тўплашига ишониш қийин¸ дейди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги капитани деб Норвегиядан бошпана сўраëтган шахс тақдим қилган ҳужжатларни ўз сайтида эълон қилишга киришган журналист Дьяконов.

Ўзбекистоннинг бугунда собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматов 2004 йилнинг 18 ноябрида қўл қўйгани айтилаëтган буйруқнинг фактлигини тасдиқлай олмасам-да¸ хорижга чиққан ўзбекистонликлар¸ хусусан сиëсий ва диний эътиқоди учун ватанни тарк этганлар орасига жосусларни киритиш¸ улар фаолиятини мунтазам назорат қилиш уриниши борлигини ҳам ўз тажрибамдан биламан¸ деб қўшимча қилади 2003 йилдан бери Норвегияда сиëсий қочқин мақомида фаолият юрғизаëтган мустақил журналист.

"Ватанда қолган яқинларимнинг мунтазам босимда экани бор гап!"

Ички ишлар вазири қўл қўйгани даъво қилинаëтган буйруқда¸ хорижга чиқиб¸ бу ерда ўз диний ва сиëсий фаолиятини давом эттираëтганларни назоратда ушлашнинг самарали чораларидан бири сифатида¸ уларнинг Ўзбекистон ичкарисида қолган яқинларини доимий босим остида ушлаш талаб қилинади. “Зарур бўлган тақдирда¸ уларни қамоққа олиш ва терговга чақириш¸ шунингдек хориждаги конкрет шахсларга милиция бўлимларидан телефон қилиб¸ уларни Ўзбекистонга қайтаришга кўндириш” каби чораларни қўллаш талаби борички низом дея даъво қилинаëтган мазкур ҳужжатда жумладан.

Шаробиддин¸ 2005 йилнинг 13 май куни Андижон марказидаги тинч намойишлар ҳукумат кучлари томонидан қонга боритилиб¸ унда қатнашганлар террорчига чиқарилганидан сўнг¸ Ўзбекистондан қочишга мажбур бўлган юзлаб андижонликлардан бири. Ҳозирда АҚШ да яшаëтган бу қочқин¸ Андижонда қолган яқинларининг¸ тилга олинган ҳужжатдаги каби доимий назорат ва босим остида эканини айтади.

- Беш йилдан буëн менинг ўзимнинг аëлим ҳар ҳафтада ëки икки ҳафтада бир марта Боғишамол даҳасидаги ҳокимиятда жойлашган милиция бўлимига бориб нималаргадир қўл қўйиб келади. Фарзандларимизга ҳам худди шундай бир тазйиқлар ўтказилиб, уларни алоҳида спискаларга олиб қўйганлиги, алоҳида назоратлар қилинганлиги бор гап. Ҳар сафар сўрайдиган нарсаси “Отанг сенларни олиб чиқиб кетаман деяптими?” деган савол¸ дейди Америкадаги андижонлик қочқин Шаробиддин.

Қарийб бир йил бурун¸ Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик ва ноқонуний диний-экстремистик оқимларга аъзоликда айбланиб ҳисбга олиниш таҳдиди остида қолгач¸ Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган Абдуллоҳ ҳам¸ ўз яқинларининг Ички ишлар вазирлигининг доимий босими остида эканини айтади.

- Чиқиб кетганимдан кейин бир ҳафталар ўтиб қидириб келишган мени. Яқинда ҳам бутун қариндош-уруғимни, аëлим томондан қариндошлар, ўзимнинг акаларим, қариндошларим, ойим “Эрталаб ҳамманинг уйига соат бешда, яъни бир хил вақтда тўрт-бешта бўлиб келиб, тинтув қилаяпти. Акангни олиб кетишди. Кечгача олиб ўтиришиб қўйиб юборди” дейди. Қайнонам, қайнотам, шу онамнинг мазаси йўқлигини кўриб туриб ҳам тунги соат 10-11ларгача олиб ўтирадиган куни бўларкан милицияхонада. Мени қайтиб келсин¸ деб морално шунақа бир нима қилишар эканда¸ дейди Абдуллоҳ Озодлик билан суҳбатда.

Гулшан Қораева¸ 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг мустақил журналистларга тазйиқлар кучайгач¸ Швециядан сиëсий бошпана топган журналист Тўлқин Қораевнинг Қаршида қолган синглиси. Ҳозирда ўзи ҳам ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланадиган Гулшан ҳам акаси ташқарига чиқиб кетгач¸ махсус хизматларнинг махсус босимини ўз танасида ҳис этиб яшаëтганлардан бири.

- Гап бўлиб қолса, “Чақиринг. Ҳеч нарса қилмаймиз. Келсин ватанга” деган гапларни қилишади. Сўраб туришадида энди. Милицияси ҳам, СНБси ҳам сўрайди. Бизларни ушлаб олиб борган куни ҳам “Чиқиб кетгинг келаяптими сенинг ҳам? Ватангадо бўлгинг келаяптими? Мана аканг ватангадо бўлиб кетди. Келса, қамаб юборамиз. Сен тушунаяпсанми шу нарсани?” деган гапларни қилишди. Жуда кўп гаплар бўлди у ерда.

Биламан, ўша инсон ҳуқуқлари билан шуғулланмаган пайтим ҳам фақат назорат остида бўлганман ўзим ҳам. Ҳамиша қоровул, орқамдан одам қўйишган. Мен тушунмасдим нима учун мени қоровуллашади. Шу нарсани кузатганман-да ўзим. Бутун динийларнинг ҳаммаси менинг ҳолатимда яшайди. Ҳар битта қадам назоратда¸ дейди қаршилик Гулшан Қораева.

Ўзбек милиционери бу ҳикоялар чинлигига шубҳа қилмайди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида капитан лавозимида ишлагани айтилаëтган “Оскар”нинг Норвегия махсус хизматларига тақдим этган ички ëзишмалар¸ аниқроғи улардан жамоатчиликка эълон қилинган илк ҳужжатнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини ўрганиш жараëнида Озодлик мазкур вазирликнинг амалдаги ходими билан ҳам суҳбатлашди ва унинг 2004 йилга нисбат берилаëтган бундай буйруқдан хабари бор-йўқлиги билан қизиқди.

- Йўқ, мен унақа буйруқларни кўрмаганман. Лекин ҳозир бўлаëтган бўлиши мумкин. Чунки бизда ҳозир кўнглингизга келганини қилаверасиз¸ қўпол қилиб айтганда. Хоҳласангиз уриб сўрайсиз акаларидан, укаларидан, хоҳласангиз яхши гап гапириб сўрайсиз. Ҳозир эркин ҳаракат қилишаверади. Ҳозир биров-бировдан сўраб ўтирмайди. Биласизку, ўзингиз куч ишлатар тузум¸ деяпсизку. Махсус буйруққа ҳожат ҳам қолмади.

Чунки у (милиция ходими - таҳр.) буюрилгандан кейин қандай йўл билан бўлса ҳам аниқлайди. Керак бўлса, бўйнига қўяди. Қилмаган бўлса ҳам қилди дейди, бошқа бўлади. Билмайман десангиз, биласан деб у ëқ-у буëқ қилиб айлантириб кўради. Шунда ҳам билмайман десангиз, сизни назорат остига олади. Қаерга чиқаяпти, ким билан гаплашаяпти, назорат остида бўласиз-да. Яқинлари назорат остида бўладида қисқаси¸ дейди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ўз хавфсизлигига таҳдид боис исми келтирилишини истамаган ходими.

Давоми бор...

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида капитан даражасида хизмат қилганини айтиб¸ Норвегиядан сиëсий бошпана сўраган шахс¸ унинг матбуот вакили Дьяконовга кўра¸ вазирликнинг ички фойдаланиш учун мўлжалланган юзлаб ҳужжатларини ўзи ва Норвегия махсус хизматларига тақдим этган.

"Бу ҳужжатларнинг асл ëки асл эмаслигини тасдиқлаш имкони йўқ бир вазиятда¸ уларнинг барчасини кетма-кет жамоатчиликка тақдим этишга ҳаракат қиламиз ва бугун-эрта “Оскар” берган бошқа ҳужжатлар ҳам интернет юзини кўради¸" дейди ўзбекистонлик мустақил журналист ва ҳозирда бу ҳужжат нусхаларини ўрганаëтган Евгений Дьяконов.

Махсус хизмат қочоқлари тарихи

Мустақил Ўзбекистон тарихида мамлакат махсус хизматларида ишлаб¸ сўнгра хорижга чиқиб¸ сиëсий бошпана олган шахслар бармоқ билан санарлик даражада оз.

Норасмий маълумотларга кўра¸ Зокир Алматов 2006 йилда вазирлик лавозимидан бўшатилгач¸ унинг даврида ИИВ матбуот котиби бўлиб ишлаган Алишер Шарипов АҚШдан бошпана олган. Аммо ҳозирга қадар Шарипов Ўзбекистондаги вазият¸ ëки ўзи хизмат қилган вазирликка оид бирор ахборотни жамоатчиликка ошкор қилгани ҳам¸ журналистлар билан алоқага чиққани ҳам йўқ.

Мустақил Ўзбекистон тарихида Миллий хавфсизлик хизмати собиқ ходимларидан фақат биттасининг хориждан бошпана сўрагани аëн. Ўзининг Ўзбекистон МХХ си фаолиятига оид махфий ҳужжатларга эга майор эканини даъво қилган Икром Ëқубов Буюк Британиядан сиëсий бошпана олгунига қадар¸ 2008 йилда оммавий ахборот воситалари¸ хусусан Озодлик билан қатор суҳбатлар қилган ва Тошкент режимини фош қилишга уринган эди. Аммо қочқинлик мақомига эга бўлгач¸ Ëқубов матбуот билан алоқани узди ва ўзи ваъда қилганидек¸ жиддий махфий ҳужжатларни жамоатчиликка тақдим этиш фикридан ҳам қайтди.

Айни пайтда¸ норасмий манбаларга кўра¸ мустақил Ўзбекистоннинг хориждаги элчиси лавозимида ишлаб¸ сўнгра хориждан бошпана олган бир нечта дипломат ҳам бор. Аммо Ўзбекистоннинг АҚШ даги собиқ элчиси Бобур Маликовни мустасно қилганда¸ махфий ҳужжатлар билан ишлаш ваколатида бўлган бу қочқинларнинг бирортаси на ўз ҳаëти ва на Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ мавзуларда жамоатчиликка чурқ этган эмас.
XS
SM
MD
LG