Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:58

WikiLeaks: Ўзбекистонда ҳукумат ва мафиянинг қўли бир


Ўзбек ва рус матбуотида Салим Абдувалиевни саховатпеша инсон қилиб кўрсатувчи мақолалар бот-бот учраб туради.
Ўзбек ва рус матбуотида Салим Абдувалиевни саховатпеша инсон қилиб кўрсатувчи мақолалар бот-бот учраб туради.

АҚШ нинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Пурнел Вашингтонга жўнатган махфий ëзишмаларнинг WikiLeaksда эълон қилинган навбатдаги қисми қаҳрамони - "криминал авторитет" саналмиш Салим Абдувалиев¸ аниқроғи Ўзбекистонда мафия ва давлат тизимлари ўртасидаги алоқалар табиатидир.


Пурнел ноталари эскирдими?

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Вашингтонга юборгани айтилаётган WikiLeaks чоп этган ҳужжатларда Ўзбекистон "мафияси бошлиғи" деб аталган Салим Абдувалиевнинг ҳукумат мулозимлари билан яқин алоқалари, хусусан давлат лавозимларини ва ҳукумат шартномаларини сотишда воситачилик қилиши ҳақида ёзилади.

WikiLeaks сайтида эълон қилинган Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори лавозимли мулозимларнинг Ўзбекистонда "криминал авторитет", деб танилган Салим Абдувалиев билан яқин алоқалари борлигига оид АҚШ дипломатик ёзишмаларда бундан 6 йил бурунги тафсилотлар ëритилади.

Махфий ҳужжатларда айтилишича, ҳукуматдаги лавозимлар, жумладан вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлигидаги курсиларни сотишда Салим Абдувалиев Ташқи ишлар вазири ўринбосарларидан бири билан яқиндан ишлаган.

Каблограммаларда исми зикр қилинган Исмоил Жўрабеков, Зокир Алматов, Турсунхон Xудойберганов каби мулозимлар ҳозир сиëсий ҳаëтдан четлашган.

Салимбойнинг Оқ уйи бор....

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси диққат-марказига 2005 йилда тушган ва бу каблограммаларда "криминал авторитет" деб таъриф берилган Салим Абдувалиевнинг каблограммалар Вашингтонга юборилганидан кейинги ҳаëти қандай кечди?

Ўтган давр ичида Ўзбекистон бошқарувидаги мулозимлар алмашди, лекин "криминал авторитет" дейилаëтган Салим Абдувалиевнинг мақомининг фақат яхши томонга ўзгаргани кузатилди.

2008 йил 18 январ куни “Ўзбекистон адабиëти ва санъати” газетаси Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги томонидан ушбу соҳада эришилган катта ютуқлар учун рағбатлантирилган шахсларнинг рўйхатини эълон қилди. Мукофотланганлар орасида Салим Абдувалиев ҳам бор эди.

2008 йилда Салим Абдувалиев хонадонида бўлган тошкентлик аëлнинг Озодликка айтишича, эл орасида “бой ота” деб ном чиқарган Абдувалиев ўзини катта ҳокимият ва салоҳият эгаси каби тутган.

- Биз у кишининг Қўйлиқдаги ҳовлисига кириб борганимизда, эшикда битта Лексус ва битта Мейбаҳ (Maybach) машиналари турар эди (Мейбаҳ машинасининг нархи 250 минг доллардан бошланади). Каттагина ҳовлида одам тўла эди. Киноларда кўрганимиз каби Калашников автомати ушлаган мафиясифат одамлардан асар ҳам йўқ эди. Ҳамма хушмуомала ва сертавозеъ эди. Шарқ ва Ғарб услублари уйғунлашган ҳовлидаги нақшин чорпояда ўтирган Салим Абдувалиев ниҳоятда ижобий таассурот қолдирди. Унинг юзидан нур ëғилар эди, дейди тошкентлик аëл.

Суҳбатдошга кўра¸ Салим Абдувалиевнинг хотину фарзандлари кўп. Фарзандларига у меҳрибон¸ айни пайтда қаттиққўл ота сифатида муомала қилади. Уларни ортиқча эркалатмайди.


"Мен шахсан президентга таяниб иш кўраман...."

Айни пайтда Салим Абдувалиев¸ ўзининг Ўзбекистон ҳукумати эркатойи эканини яширмайди.

"Мен Ўзбекистон президенти бошчилигидаги ҳукуматимизнинг тўлиқ ва узлуксиз таянчига эгаман" деб айтган эди Россиядаги "Элита" журналига берган интервюсида Салимбой.

Ўзбекистондаги криминал авторитетлар ҳақида филм суратга олган журналист Шоҳида Ëқуб назарида, жиноий оламнинг ҳукумат доиралари билан очиқдан-очиқ ҳамкорлиги хатарли тенденция.

- “Youtube”да Салим Абдувалиевнинг юбилейи бор. Уни кўриб даҳшатга келдим. Чунки у ерда кўп-кўп ўзбек расмийларини кўрдим. Бутун собиқ совет иттифоқидан келган мафия бошлиқларини ҳам кўрдим. Мен 2007 йилда кўрганман бу видеони. Нима учун Ўзбекистонда мафия одамлари ўз юбилейларини шунақа кенг шаклда нишонлаяптилар? Шу видеолар Ўшда эркин сотувда бор эди. Бу нарса менинг калламга ҳеч кирмаяпти. Ҳеч қачон шунақа нарсаларни мен кўрмадим ҳали. На Озарбайжонда, на Қозоғистонда, на Қирғизистонда. Бу мен учун шу нарсани кўрсатдики, Ўзбекистонда мафия ўзини гўëки давлат миқëсида кўраяпти. Бу жуда ҳам хавфли бир нарса давлат учун, дейди Шоҳида Ëқуб.

Журналист Шоҳида Ëқуб Салим Абдувалиевнинг жиноий алоқалари ҳақида ўзи аниқлаган бир фактни келтиради.

- Масалан¸ яқинда мен битта пул алмаштириш корхонасини текширдим. Шу ширкатнинг раҳбари 100 фоиз Салим Абдувалиев билан боғланган эди ва Салим гуруҳидан чиққан эди. Масалан¸ Ўзбекистонда жуда ҳам кам шахсларга валютани конвертация қилиш ҳуқуқи берилган. Агар хорижий инвесторлар келадиган бўлса, биз ҳаммамиз биламиз¸ конвертация эркин эмас Ўзбекистонда, конвертация жуда қийин нарса. Лекин баъзи шахсларга шунақа ҳуқуқ берилган. Яъни улар хорижий инвесторларга пул алмаштираяптилар. Бир шахсни мен текширганман. Бу шахс Салим Абдувалиев билан ҳам, Ўзбекистон Марказий банкдаги энг юқори даражадаги раҳбарлар билан ҳам боғлиқ бўлган. Бундан мен шунақа хулоса чиқарганманки, демак улар орасида¸ албатта¸ алоқалар бор. Айниқса¸ бу бизнес алоқалар. Фақатгина бизнес алоқаларини айтмаймиз. Бу мафия билан боғланган бизнес. Бу ерда шунақа хулосага келганманки, балки пул ювиш ҳам бор, дейди Шоҳида Ëқуб.


Гап Салимбойда эмас¸ гап тузум табиатида...

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчисининг Салимбой шахсига алоҳида эътиборини журналист Шоҳида Ëқуб мана бундай изоҳлади.

- Жуда ҳам катта бир жиноий нарса. Агар Ўзбекистонга бирорта хорижий инвестор келса, Америка қонунлари бўйича у ҳеч кимга пора бермаслиги керак, криминал структуралар билан ишламаслиги керак. Лекин Ўзбекистонда қанақа қилиб ишлайди? Ҳеч иложи йўқ. Масалан¸ жиддий бизнес олиб борадиган бўлсангиз, ë Гулнора Каримова орқали ëки Салим бойвачча каби одамлар орқали бориш керак. Бу бутунлай нотўғри. Бу хорижий инвесторларга ҳеч тўғри келмаяпти. Афсус¸ бу нарса нафақат Ўзбекистонда бўлаяпти, бу нарса авторитар давлатларда бор. Шунинг учун шунақа давлатларга хорижий инвесторлар кам келади. Инвестиция қилишса ҳам, бизнес олиб боришса ҳам пора бермаса, уларни ҳайдаб юборишади Ўзбекистондан. Пора бериш Америка, Англия, Европа Иттифоқининг кўпгина давлатларига тўғри келмайди.

WikiLeaksда берилган информацияга ҳам 100 фоиз ишониш мумкин эмас. Чунки бу информацияни қанақа манбалар берганини биз билмаймиз. Булар битта манбами, иккита манбами, бу манба қайси маълумотларга асосланиб бу информацияларни Америка элчихонасига берган? Шуни ҳам топиб олиш керак. Балки информация нотўғри бўлгандир. Биз билмаймизку. Чунки манба берилмаган. Манба берилмагани учун мен¸ масалан¸ шу информацияга 100 фоиз ишонмайман. Лекин Ўзбекистонда мафия жуда катта рол ўйнаяпти. Мафия Ўзбекистонда давлат структуралари билан боғланган. Биз биламиз. Бу аниқ. Мафия нафақат турли корхоналарни назорат қилади, балки Ўзбекистон расмийлари билан ҳам боғлиқ. Ҳамма нарса бир-бирига шу даража боғланганки, менимча, Ўзбекистонда қандайдир ўзгариш бўладиган бўлса, шу алоқаларни бузиш жуда ҳам қийин бўлади, дейди Шоҳида Ëқуб.

Айни пайтда¸ WikiLeaksда расмий мақомларидан бири Ўзбекистон Миллий кураш федерацияси президенти бўлган Салим Абдувалиев ҳақида чоп этилган дипломатик ëзишмаларга муносабат билдирган Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей¸ ўз ҳамкасби Пурнел Вашингтонга юборган маълумотлар тўғрилигига шубҳа қилмаслигини билдирди.

"Жон¸ Ўзбекистондаги ҳақиқий вазиятни жуда яхши биларди¸ аммо у бу билганларини жамоатчиликка умуман билдирмас эди"¸ деди жаноб Мюррей Озодлик билан суҳбатда жумладан.


Қодирийми¸ Салимбой....?

Тошкентда Салим Абдувалиевнинг "ҳотамтойлиги" ҳақида узунқулоқ афсоналар юради. Бу афсоналар боис одамлар ҳукумат адлия тизимларидан эмас¸ балки бой оталардан ҳимоя сўраб уларнинг эшигига юкиниб боради.

Ўтган асрнинг биринчи ярмида тошкентликлар учун Қодирийнинг боғи ва шийпони эҳтиром ва тақлид манбаи эди. Тошкентликлар Қодирий олдига маслаҳатга боришган. Нега бир пайтлар Абдулла Қодирий каби ақл ва ойдинлик соҳибларига бўлган эҳтиром вектори бугун чаласавод бой оталарга қараб бурилди? Бу саволга Ўзбекистон криминал дунëси ҳақидаги шов-шувли "Шайтанат" романи муаллифи Тоҳир Малик жавоб берди.

- Энди менинг тушунишимча, ўша баъзилар ëрдам сўраб, баъзилар маслаҳат илинжида боришар экан. Лекин гап шундаки, учраша олмайди, уларни ўша кўчага ҳам қўймайди¸ деб эшитаман. Кўчада қараб турганлар яқинлаштирмас экан. Мен шундай деб эшитдим ҳар ҳолда. Шундай бўлиши ҳам мумкин, чунки маслаҳат сўрагиси келганларнинг ҳаммаси ҳам кира олмайди. Ким маслаҳат сўраши мумкин? Тахминан маълум бойликка эга бўлган, маълум бир мартабага эга бўлганлар билан учрашиб туришади булар ўзаро. Ўзаро бир-биридан маслаҳат олиши мумкин. Лекин керак бўлса бир дурадгорми, сувоқчими менимча, буларнинг олдига яқинлаша олмаса керак. Зиëлиларнинг олдига келувчилар, зиëлилардан маслаҳат олувчилар жуда кўп. Бизнинг ўзимизга ҳам келади, бошқа ëзувчи биродарларимизга ҳам боришади. Бу анъана менимча тугамаган, дейди Тоҳир Малик.

Тоҳир Малик фикрига кўра¸ ўзбек зиëлилари ҳали ҳам бой оталардан кўра кўпроқ эҳтиромда.

Аммо Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Каримовнинг "Салим аканинг ҳаëти бизга ибрат” деб қўшиқ куйлагани бунинг аксини кўрсатаëтгандек....
XS
SM
MD
LG