Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:14

Туркман-ўзбек чегарасидан ўтиш қийинлашди


Лебапдаги туркман-ўзбек чегара пункти 2009 йилда катта тантаналар билан очилган ва у икки халқ дўстлигига хизмат қилиши таъкидланганди.
Лебапдаги туркман-ўзбек чегара пункти 2009 йилда катта тантаналар билан очилган ва у икки халқ дўстлигига хизмат қилиши таъкидланганди.

2011 йилнинг 1 январидан Туркманистон чегарачилари ва миграция хизмати ходимлари қисқа муддатга Ўзбекистонга чиқаётган фуқаролардан ўзлари меҳмонга кетаётган ўзбекистонлик мезбонларнинг паспорти нусхасини талаб қила бошладилар. Бу ҳақда туркманистонлик ҳуқуқ фаолларига тегишли Туркманистон хроникаси сайти хабар қилади.

Сайтнинг ёзишича, эндиликда ўзбекистонлик қариндошининг паспорт нусхасини кўрсатолмаган туркманистонликлар қўшни мамлакатга ўтказилмайди.

Туркманистонлик чегарачилар янги тартибга оғишмай амал қилмоқдалар. Масалан, ўтган ҳафтада мазкур янги тартибдан бехабар уч фароблик Ўзбекистон Қоракўлидаги (Бухоро вилояти) қариндошлариникига тўйга боролмай, ортга қайтишга мажбур бўлган.

Аслида икки давлат ўртасидаги келишувга мувофиқ, чегараолди туманларида яшовчи фуқаролар қўшни мамлакатга ҳар ойда уч кун визасиз бориши мумкин.

Туркманистоннинг Лебап ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятлари чегарасида, Туркманистоннинг Тошҳовуз ва Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон чегарасида бир неча чегара-ўтказиш пунктлари мавжуд. Бироқ бу ердан қўшни мамлакатга шунчаки саёҳат ёки зиёрат учун боришни истаган ўзбекистонликлар ёки туркманистонликлар ўтолмайдилар.

Туркманистон хроникаси сайтининг ёзишича, Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари ҳар гал учрашганда, чегараолди шаҳар ва қишлоқларида яшовчи туркманистонлик этник ўзбеклар қўшни мамлакатга ўтиш тартиби енгиллашишига умид қилиб турадилар, бироқ амалда бунинг акси бўлади.

Ана шундай учрашувлардан сўнггиси 2010 йилнинг октябр ойида бўлиб ўтганди. Ўшанда Туркманистонга икки кунлик расмий ташриф билан борган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Туркманистонга энг яқин, узоқ муддатли ва ишончли иқтисодий ҳамкор сифатида қарашини айтганди. Шунингдек, Каримов ташриф доирасида Хоразмнинг Шовот туманига туташ Тошҳовуз шаҳрида "Туркман-ўзбек дўстлиги" фестивалининг очилишида ҳам иштирок этганди.

Ўша пайтда бу борада Озодликка фикр билдирган таҳлилчилар “ўзбек-туркман дўстлиги” ҳақидаги гаплар шунчаки хўжакўрсинга айтиб келинаётганини таъкидлагандилар.

- Албатта, Ислом Каримовнинг Туркманистонга келиши бу катта воқеа. Мен қўшни давлатлар дўстона муносабатларда бўлиши тарафдориман. Бироқ президентлар қатнашаётган дўстлик фестивалидаги бу “дўстлик”ка ишониш қийин. Чунки Туркманистонда миллий озчиликнинг манфаатлари поймол қилиняпти. Масалан, ўзбек мактаблари, ўзбек тилидаги газеталар ёпиляпти, телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар тўхтатилган. Чегараларда виза тартиби жорий қилинган. Менинг назаримда, икки давлат раҳбарлари бу муаммоларни жуда яхши билади, бироқ улар гўё бу ҳолатларни билмагандек, дўстлик ҳақида жар солиб гапиради. Уларнинг асосий мақсадлари сиёсий ва иқтисодий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган, холос, деганди, жумладан, Туркманистон “Республика” мухолиф партияси раҳбари Нурмуҳаммад Ханамов.
XS
SM
MD
LG