Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:04

Ўзбекистонда зўрланган маҳбусалар сони кўпайиб бормоқда


Зангиотадага аёллар қамоқхонасида юзага келган ҳолатни мониторинг қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ана шундай хулосага келди. “Эзгулик” жамияти 10 январ куни ёйинлаган матбуот варақчасида аёлларнинг тергов чоғида зўрланиши билан боғлиқ қатор фактлар ўрин олган.

Зангиотадаги 7 сектордан иборат 64/7- жазо муассасаси ҳақида ёзаркан, эзгуликчилар колониядаги 3-секторига эътибор қаратадилар. Инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш жамияти вакилларига кўра, бу сектор ёш болали, кекса ва дардманд маҳбусаларга мўлжалланган махсус бўлим бўлиб, бу ерда ҳомиладорлар, ёш болалилар сони ортиб бораяпти.

“Уларнинг сафи дастлабки терговлар давридаги зўрлашлар оқибатида ҳомиладор бўлган мазлумалар билан кенгаймоқда”, деб ёзади Эзгулик.

Эзгуликчилар мазкур секторда тергов пайтида зўрланган маҳбусалар - хоразмлик Холисхон (фамилияси кўрсатилмаган – таҳр.) ва Насиба Жуманиёзова ҳамда сурхондарёлик Дилфуза Норматова қисматига алоҳида тўхталади.

Хусусан, Эзгуликнинг ёзишича, судланган пайтида ҳали 18 ёшга ҳам тўлмаган хоразмлик Холисхон дастлабки тергов чоғида ҳомиладор бўлиб қолган. Бангфурушликда айбланиб, 2009 йили узоқ муддатли қамоқ жазоси ҳукм қилинган Холисхон колонияга келгач, ўғил туғади. 1992 йилда туғилган бу маҳбуса ўзини зўрлаган шахсларни танишини айтган.

1991 йилда туғилган сурхондарёлик Дилфуза Норматова эса қотилликда айбланиб, 16 ой тергов қилинган. Эзгулик жамияти бу маҳбуса Зангиотадаги колонияга 3 ойлик ҳомиласи билан келтирилгани ҳақида ёзади.

30 ёшли хоразмлик Насиба Жуманиёзова, “Эзгулик” жамияти вакилларига кўра, Зангиотадаги аёллар турмасида жазони ўтаётган даврда ҳомиладор бўлган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича таассуф билдирган“Эзгулик” жамияти мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларининг тергов тизимидаги мазкур ҳолатларни кескин қоралаб, Парламентнинг ҳар икки палатаси суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталарини махсус текширув ўтказишга чақирган ҳамда Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ мутасаддилари эътиборини ушбу ҳолатга қаратган.
XS
SM
MD
LG