Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:55

"Серқуёш деганда, қўлингни кўксингга қўйиб тур!"


Бундан кейин Ўзбекистон давлат рамзларини тижорат мақсадларида ишлатганлар ёҳуд мадҳияга етарли ҳурмат кўрсатмаганлар жаримага солинади.
Бундан кейин Ўзбекистон давлат рамзларини тижорат мақсадларида ишлатганлар ёҳуд мадҳияга етарли ҳурмат кўрсатмаганлар жаримага солинади.

Ўзбекистон рамзлари ҳақидаги қонун қабул қилинганидан 19 йил ўтиб, бу қонунга ўзгартириш киритилди. Бундан буëн давлат байроғи ва тамғасини тижорий мақсадларда ишлатиш мумкин эмас.


Бундан буëн Ўзбекистон мадҳияси янграган пайтда Ўзбекистон фуқаролари ўрнидан туриб ўнг қўлини чап кўкрагига тутиб туришлари шарт, акс ҳолда энг кам иш ҳақининг 7 баробари миқдорида жарима солинади.

Ўзбекистон қуролли кучлари зобит ва аскарлари мадҳия янграганда ўнг қўлини тирсакдан букиб, қулоғига қаратиб туриши шарт.

Бундай талаблар қатор Ғарб мамлакатлари ва АҚШда ҳам бор, тўғрироғи уларда бу талаб эмас, одоб юзасидан фуқаролардан кутиладиган ҳатти-ҳаракатдир. Агар мадҳия янграганида ўриндан турмаса, одобсизлик саналади, аммо жаримага тортилмайди.

Қозоғистонда ҳам шунақа жаримасиз тартиб мавжуд. Агар жарима жорий қилинганида, Қозоғистон президенти Назарбоев жарима тўлаган бўлар эди. Бир неча бор Назарбоевнинг мадҳия янграганда қўлини кўксига қўймаганини кўпчилик кўрган.

Бундан 19 йил олдин Ўзбекистонда мадҳия юзасидан муҳокама бўлганида фаол иштирок этган шоира Гулчеҳра Нуриллаева фикрларига қулоқ соламиз.

- Энди жарима масаласини мен биринчи марта эшитиб турибман. Мен шуни ҳис қилаяпманки, ҳозир сиëсат шу йўналишда давом этаяптики, ҳар бир нарсада давлат ғазнасига пул тушириш керак. Энг юқори доирадаги бошқарувчилар пастдагиларга мана шундай топшириқ беришганми, мана шунақа бошқариш услубини ишлаб чиқаришаяптими, қисқаси бир сўз билан айтганда, бошқариш нима бўлмасин элдан юлиш, одамлардан юлиш деган нуқтаи назардан ҳар бир масаланинг ечимига ëндашиш бўлаяпти. Мен буни ниҳоятда нопок йўл деб биламан,- дейди шоира Гулчеҳра Нуриллаева.

Шу ўринда Ўзбекистон тарихидаги мадҳиялар ҳақида бир-икки оғиз гапирсак.

Ўзбекистон ССР илк тузилган пайтда, “Қўзғол, эй лаънатла тамғаланган қуллар дунëси”, деб бошланадиган "Байналмилал" қўшиғи куйланган. 1947 йилда эса, ўзбек бастакори Мутал Бурхонов ўзбек шоири Темур Фаттоҳ шеърига мадҳия мусиқасини басталади.

Мусиқашунос Ботир Матëқубов фикрига кўра, Мутал Бурхонов басталаган куй Фарғона, Бухоро ва Хоразм мусиқаси уйғунлашган бир тарзда тақдим қилинган.

Бу турли мусиқий маданиятлардан ташкил топган миллатнинг муштараклик рамзи бўлди. 1992 йилда айни мусиқа ўзгартирилмасдан қолдирилди ва фақат сўзлар ўзгарди холос. Олдинги гимн матни эса, мана бундай эди:

Ассалом, рус халқи, буюк оғамиз,
Барҳаёт доҳиймиз Ленин, жонажон!
Озодлик йўлини Сиз кўрсатдингиз,
Советлар юртида ўзбек топди шон!

Партия раҳнамо, жон Ўзбекистон,
Серқуёш ўлкасан, обод, баркамол!
Тупроғинг хазина, бахтинг бир жаҳон,
Советлар юртида сенга ёр иқбол!

Серқуёш ўлкада кўрмасдик зиё,
Дарёлар бўйда эдик сувга зор.
Тонг отди, Инқилоб, Ленин раҳнамо,
Раҳнамо Лениндан халқлар миннатдор!

Партия раҳнамо, жон Ўзбекистон,
Серқуёш ўлкасан, обод, баркамол!
Тупроғинг хазина, бахтинг бир жаҳон,
Советлар юртида сенга ёр иқбол!

Коммунизм гулбоғи мангу навбаҳор,
Тоабад қардошлик – дўстлик барҳаёт!
Советлар байроғи ғолиб, барқарор,
Бу байроқ нуридан порлар коинот!

Партия раҳнамо, жон Ўзбекистон,
Серқуёш ўлкасан, обод, баркамол!
Тупроғинг хазина, бахтинг бир жаҳон,
Советлар юртида сенга ёр иқбол!

Бу матн матн советлар давридаги ўзгаришларга уйғун тарзда бир неча бор ўзгартирилди. Дастлаб "Ленин" калимаси ўрнида келган "Сталин раҳнамо" деган калима олиб ташланди, деб эслайди педагог олим Абдулла Абдураззоқов.

- 1947 йилда қабул қилинган. Бизда ўшанда ҳам бор эди.

Ассалом рус халқи буюк оғамиз,

Кейинги қатори Сталин жонажон деб айтиларди. Мен яхши эслайман. Лекин уни ҳам ҳеч ким мажбурлаб ëдламас эди. Ҳеч ким яхши кўрмас эди. Лекин бу даражада зўрлаб ўтказиш, аслида шундай йўллар билан мадҳияни тарғиб қилиш бу совет ҳукуматидан қолган мерос бизга. Бу коммунистик жамиятнинг энг қутурган, энг ашаддий шакли. Сабаби Совет иттифоқи вақтида ҳам давлат гимни бу қадар мажбурлаб ўргатилмаган. Агар кўнгилдагидай қилиб айтмаса, ëдламаса, ҳозиргидай жазолар ва бошқалар ўша вақтда бу даражада эмас эди. Шундан келиб чиқадиган хулоса шуки, бугунги тузум, Каримов ўзининг нутқларида жуда кўп илгари такрорлаган, биз шонли коммунистик партиянинг меросхўримиз. Ҳақиқатан бу ашаддий, қутурган меросхўри, дейди Абдулла Абдураззоқов.

Собиқ сиëсий маҳбус, Ўзбекистондаги бир нечта қамоқхоналарда жазо ўтаган Абдулла Абдураззоқовга кўра, ўзбек мадҳияси маҳбусларни қийнаш воситасига айланган.

- Қамоқда ҳам мен буни кузатганман. Мен шундай хулосага келганманки, бутун дунëни чироқ ëқиб изласа, Абдулла Ориповдек кўп сўкиш, қарғиш эшитган одам бўлмаса керак деган хулосага келганман. Сабаби қамоқда ëдламаганларни бўкиртириб-бўкиртириб уришарди, тепишарди. Шунақа азоб беришарди, “Буни ким ëзган бўлса, падарига лаънат” деб сўкиниб, “серкуëш, серкуëш” деб ўрислар, уларнинг тили келмайдию, ҳаммаси аламини муаллифдан олишарди. Чунки бу ерда мажбур қилишардида. Мен буни қамоқда шундай деб ўйлаган эдим. Қаранг очиқда ҳам шундай мажбур қилиш бор экан. Ана шундан келиб чиқиб бизда халқ на байроқни ҳурмат қилади, на гимнни ҳурмат қилади. Шунга қарши нафратни давлатнинг ўзи уйғотаяпти.

Мана мен Норвегиядаман. Байроқ йўқ уйнинг ўзи йўқ. Кичкина, катта кемалардан қатъий назар байроқ тақилмаган кеманинг ўзи йўқ. Ҳеч ким “тақасан” деб айтмайди, ҳеч ким мажбур қилмайди. Бирор ҳовли йўқки баланд нима қилиб байроқ илиб, ҳилпиратиб қўймаган бўлсин. Шу қадар катта муҳаббат билан, самимий муҳаббат билан севади.

Булар гимнини шу қадар ардоқлайдики, “Биз бу юртни севамиз. Ажин билан қоплаган пасту баланд юрт. Шу юрт бизники ва биз буни жуда севамиз” деб бошланади. Шу қадар катта меҳр билан севишади. Сабаби бу ерда ҳақиқий давлат бор, ҳақиқий юрт бор ва юртнинг, давлатнинг эгаси халқ бўлгани учун мана шундай буюк бир меҳр уйғонган. У ерда ҳаммасини эгаллаб олган бир ҳовуч мафия деймизми, бир ҳовуч нопок одамлар деймизми, улар ўзларининг закази билан, ҳамма яхши эсласа керак қандай йўл билан қабул қилинганини. Конкурс ҳам номига эълон қилинди. Учта одам қатнашади, учаласини ҳам президент танлаган. Ундан биттасини танлаб олишни номига халққа қўйиш йўли билан буларни танлаб олган эди. Ана шу нимадан келиб чиқиб бизда на байроқ ҳурмат қилинади. Бу муқаддас рамзимиз бўлиши керак, дейди Абдулла Абдураззоқов.

Шоира Гулчеҳра Нуриллаева назарида ўзбек мадҳияси ҳозирги ўзбек воқелигига киноядай янграйди.

- Бундан 19 йил олдин қабул қилинган Ўзбекистон мадҳиясини бутунлай янги руҳда, мусиқасини ҳам, шеъриятининг руҳияти ҳам бутунлай янги руҳда бўлишини истаган эдим. Назаримда, мана шу истакнинг рўëбини мен амалдаги гимнда кўрмадим. Сабаби унинг мусиқаси Совет давридаги мусиқа. Сўзи эса, ўзбекни янги бир ҳаяжонга, янги бир ҳаëтга, янги бир йўналишга, янги бир ҳиссëтга ундайдиган сўзлар эмасдай. Ҳар бир одам у боғча боласи бўладими, кекса одам бўладими юрак юракдан айтадиган дил сўзи эмасдай туюлади менга. Улкан шоиримиз Абдулла Ориповга бу буюртма сифатида берилган бўлса керак ва шоиримиз ҳам бу мадҳиянинг шеърини шошиб-пишиб ëзган бўлса керак. Эҳтимол илҳомсиз ëзган бўлса керак. Мустақилликни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон учун ярашимли мадҳия, дейишга тилим бормайди.

Озодлик: Мусиқасичи? Мусиқаси ëқадими?

- Мусиқаси ҳам совет даврида гимн мусиқаси қандай бўлган бўлса, айни ўшанинг ўзи сақлаб қолиндику. Ë янглишаяпманми?

Озодлик: Сақлаб қолинди. Мутал Бурхонов 1947 йилда ëзган мусиқа.

- Демакки, биз сўздагина янги бир ҳаëт қурамиз дебмизку амалда янги ҳаëт қуришни ўйламасдан эски пойдеворни сақлаб қолган эканмизда. Биз чин маънодаги мустақил йўлга ўтамиз десак, мадҳиямизнинг мусиқаси ҳам, сўзи ҳам бутун бир кўтаринки руҳдаги¸ бутун бир янги руҳдаги ижод намунаси бўлиши керак эди, дейди шоира Гулчеҳра Нуриллаева.

Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жахон!

Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали, тинчлик посбони,
Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!

Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
XS
SM
MD
LG