Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:45

Ўзбеклар учун фақат "ўзбекча микстура"


Ўзбекистон мамлакат дори бозорида ҳам протекционизм усулини қўллашга ўтган кўринади.
Ўзбекистон мамлакат дори бозорида ҳам протекционизм усулини қўллашга ўтган кўринади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси мамлакатга импорт қилинаётган дори воситаларига 20 фоиз миқдорида қўшимча қиймат солиғини солиш масаласини кўриб чиқди. Бу чора маъқулланса, Ўзбекистон аптекаларида сотилаётган хориж дориларининг айримлари камида 20 фоизга қимматлайди.


Ўзфармсаноат ширкатига кўра, мазкур чора ички дори санотини ривожланитиришга ҳисса қўшади. Ўзбекистонлик аптекачи ва беморлар эса, дори нархларининг ошиши мумкинлигидан хавотирда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатаси мамлакат солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш масаласини кўриб чиққани ҳақида Узметроном Интернет нашри хабар қилди. Янги ўзгартишлар сирасида мамлакат дори бозорига хориждан олиб кирилаётган, лекин Ўзбекистоннинг ўзида ҳам ишлаб чиқарилаётган дори воситаларига 20 фоиз миқдорида қўшимча қиймат солиғини солиш кўзда тутилган.

Давлатга қарашли “Ўзфармсаноат” ширкати мутасаддиси, маълум сабабларга кўра у кишининг исмини ошкор қилмаймиз, Озодлик билан суҳбатда мазкур масала “нозик” бўлишига қарамай, импорт дориларини камида 20 фоизга қимматлаштиришдан кўзланган мақсадни тушунтириб берди.

- Хабаримиз борликка бор, лекин бу масала анча нозик масалада.

Озодлик: Нимаси билан нозик бу?

- Энди импорт ўрнини босувчи дорилар ўзимизда ишлаб чиқарилаëтгани учун, мана шу импорт қилинаëтган дорилар ўзимизда ишлаб чиқарилгандан кейин миқдори камайтириладида биринчидан.

Иккинчидан, солиқ илгари олинмаган бўлса, энди маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни стимуляция қилиш учун қилинаëтган ишда бу, дейди “Ўзфармсаноат” ширкати мутасаддиси.

Импорт дориларини солиққа тортсак, деб давом этади Ўзфармсаноат вакили, ўзимизда чиқарилган дориларнинг бозори чаққонроқ бўлади.

- Энди ташқаридан олиб келинмайди. Ҳозир мана ўзимизда ҳам чиқарилаяпти дори, ташқаридан ҳам олиб келинаяпти. Олувчилар ташқаридан олиб келинган дориларни олаяпти, бизники қолиб кетаяпти. Лекин дори бир хил, дейди “Ўзфармсаноат” ширкати мутасаддиси.

Суҳбатдошимизнинг иддао қилишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дориларнинг сифати яхшироқ бўлса, яхшироқки, импорт қилинадиганидан қолишмайди.

“Ўзфармсаноат” вакилига кўра, қўшимча қиймат солиғи фақатгина Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган дориларнинг хориж аналогларига солинади холос. Бу эса, ўзбекистонликларнинг фақатгина ўзимизда ишлаб чиқарилган дориларни сотиб олишга рағбатлантиришига умид қиляпмиз, дейди суҳбатдошимиз.

- Дорилар қимматлашмайди. Нега қимматлашади?

Озодлик: 20 фоиз солиқ солинадиган бўлса, автоматик равишда камида 20 фоизга қимматлашадида.

- Йўқ, энди менга қаранг, солиқ солинадиган бўлгандан кейин бу дорилар ташқаридан импорт қилинмайдида, ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти дорилар.

Озодлик: Ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиганларичи?

- Ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиганларининг бизда рўйхати бор. Мана бу дори ўзимизда ишлаб чиқарилади дегандан кейин унга солиқ солинади. Ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган бўлса, улар илгаридагидай солиқсиз келаверади.

Озодлик: Солиқсиз келадими улар?

- Албатта. Ўзимизда ишлаб чиқарилмаса, қандай унга солиқ солади, дейди “Ўзфармсаноат” вакили.

Ўзбекистон вилоятларидан биридаги аптека хўжайини Алишер Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори воситаларининг сифати ёмон эмас, дейди. Лекин ўзим касал бўлиб қолсам, Ўзбекистонникидан кўра, хорижда ишлаб чиқарилган дорини ишлатган бўлардим, дея қўшимча қилади у.

- Мен, арзон, лекин унчалик ишончли бўлмаган Хитой дорисини ишлатмасману, лекин ўзимизникидан кўра, Россия ёки Европада чиқарилган дорини ишлатган бўлардим, дейди Алишер.

Импорт дориларига солинадиган янги солиқларга келсак, уларнинг нархи ошадиган бўлса, ўзимизда ишлаб чиқарилган дориларнинг нархи ҳам ошмаслигига кафолат бера олмайман, дейди Алишер.

- Ростини айтсам, менимча, импорт дориларининг нархи ошгани билан бозорда вазият ўзгармайди. Чунки одатда бизда, айтайлик Россияда ишлаб чиқарилган дори нархи ошса, Ўзбекистонда чиқарилган дориларнинг нархи ҳам автоматик тарзда ошади. Менимча, қўшимча қиймат солиғини жорий қилишдан ҳам мақсад шу, дейди ўзбекистонлик аптекачи.

Дорихоналарга тез-тез иши тушиб турадиган сирдарёлик Роҳила опа ҳам “Ўзфармсаноат” вакиллари сифатига кафолат бераётганига қарамасдан, маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган дори воситаларига унчалик ишонмайди. Сабаби, дейди суҳбатдошимиз, буни ўз танамизда синаб кўрганмиз.

- Чет элникига кўпроқ ишонамизда. Ўзимизниякларнин сифатига кафолат бера олмаймиз.

Озодлик: Нимага энди? Сифати яхши дейишадику.

- Бошқа давлатда чиққан дорилар яхшироқ деб ўйлаймиз.

Озодлик: Бунинг яхши-ëмонлигини синаб кўрганмисизлар?

- Синаб кўрганмизда. Олиб кўрганмиз. Шамоллашга қарши таблеткалар бор, сувга солиб ичадиган порошоклари бор. Россияда ишлаб чиқарилгани бор, Эронники, Ҳиндистонники бор. Ўша дорилар сифатлироқ чиқади ўзимизникига қараганда, дейди Роҳила опа.

Роҳила опа ҳам ички ишлаб чиқаришни рағбатлантириш учун импорт дориларига солиқ солиш билан иш битмайди, деган фикрда.

- Нархнинг кўтарилиши оддий халқ учун, кўп қисми ишсиз бўлгани учун оғир бўлади. Соғлиқ энди керакку. Сифатсиз дори ичгандан кўра сифатлироқ дори олиб ичганингиз менимча маъқул деб ўйлайман. Ўзим қимматроқ, сифатлироқ бошқа давлатнинг дорисини олиб ичган бўлардим, дейди Роҳила опа.

Ўзфармсаноат ширкатига кўра, дори воситаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва модернизация қилиш бўйича 30 миллион АҚШ долларига тенг дастур амалга оширилмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон дори бозоридаги фармокология махсулотлари умумий миқдорининг 16,5 фоизига яқни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган воситларга тўғри келади, қолганини импорт махсулотлар ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG