Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:26

2010 йил Ўзбекистон: Йилнинг энг муҳим сиëсий воқеаси


Якунига етаëтган 2010 йил Ўзбекистонда сиëсий воқеаларга кўп ҳам бой бўлмади - сиëсий саҳнада на янги арбоб ва на янги куч пайдо бўлди¸ на эскилари бирор янги ҳаракатга қўл урди. Халқ эса яна¸ парда ортида кечган сиëсий ўйинларнинг сассиз-садосиз томошабини бўлиб қолаверди...


Шундай бўлса-да¸ йил якунида чўмич сувдан кўтарилар экан¸ сиртдан қайнаб-тошмаëтгандек кўринган Ўзбекистон сиëсий ҳаëтининг нисбатан йирикроқ воқеаларини эслаш жоиздек.

Йилнинг сиëсий жиҳатдан турғун бўлганини инобатга олган ҳолда¸ суҳбатдошларимизни "2010 йилнинг қайси воқеасини¸ Сизнингча йилнинг энг муҳим сиëсий воқеаси деб аташ мумкин?" деган савол билан қийнамасликка қарор бердик. Бунинг ўрнига¸ беш кузатувчидан¸ Озодлик таҳририяти назарида¸ шундай номга тортиш эҳтимоли бор биргина воқеага муносабат билдиришни сўрадик.

Бу воқеа эса¸ Ислом Каримовнинг 2010 йил 12 ноябр куни Ўзбекистон Олий мажлиси иккала палатасининг қўшма мажлисида қилган нутқи¸ аниқроғи депутат ва сенаторларга қабул қилишни таклиф этгани янги қонун ва конституцион ўзгартишларидир.

Бундай ўзгартишлардан бирига кўра¸ Ўзбекистон президенти ўз хизмат ваколатларини бажаришга яроқсиз деб топилса¸ президентликни бажариш Олий Мажлис Сенати раисига топширилиши лозим. Амалдаги конституцияда¸ бундай вазиятда Олий Мажлиснинг фавқулодда мажлис ўтказиб¸ депутатлар орасидан кимгадир уч ой муддатга президентлик ваколатларини топшириши кўзда тутилган.

Ислом Каримов Олий мажлиснинг 12 ноябр кунги ялпи мажлисида қилган чиқишида парламентда энг кўп ўринни эгаллаган партиялар Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиши лозимлигини айтди ва бу борада ҳам конституцияга ўзгартиш киритишни таклиф қилди. Бу тузатишлар¸ Каримов таъкидича¸ Ўзбекистондаги демократик жараëнларни янги босқичга кўтариш¸ хусусан парламент ваколатларини кучайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон конституциясининг Каримов ҳокимиятга келганидан бери табу бўлиб қолаëтган бандларига ўзгартиш киритиш таклифини¸ Ислом Каримов таъбири билан айтганда¸ 1991 йили Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилиш ҳодисасига тенглаштириш мумкинми?

Жилла қурса¸ бу таклифларни 2010 йилнинг 2011 йилдаги сиëсий жараëнлар йўналишини белгиловчи энг муҳим сиëсий воқеаси деб аташ мумкинми?


Отаназар Орипов
, мухолифатдаги Эрк демократик партияси бош котиби¸ профессор:

Конституцияга киритилмоқчи бўлаëтган ўзгартиришлар йил воқеаси даражасида муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин эмас. Бунинг сабаблари жуда кўп.

Энг аввало, умуман қонун устуворлиги Ўзбекистонда йўқ, яъни конституция ишламайдиган конституция¸ юрмайдиган машина. Юрмайдиган машинанинг бир деталини ўзгартирган билан ëки деталга ўзгартириш киритган билан юриб кетавермайди. Нима учун юрмаëтганини аниқлаш керак. Бош сабабини аниқлаш керак. Шунинг учун бош воқеа бўлиши мумкин эмас.

Конституция ишламаëтганининг, конституция устувор эмаслиги, қонун устувор эмаслигининг асосий бош сабаблари бор. Энг аввало, менинг фикримча, конституциянинг ўзида берилган бош принциплар инкор қилинаяпти, бузилаяпти, топталаяпти. Ҳокимият томонидан топталаяпти.

Устувор бўлиши мумкин эмас, чунки конституция халқчил эмас. Конституцияда кўрсатилган бош қоида “ҳокимият халқникидир” деган қоида бор. Умуман демократиянинг бош принципларидан биттаси шу. Ўша инкор қилинаяпти¸ инкор қилинаяпти эмас¸ топталаяпти. Халқ ҳокимиятдан четлатилаяпти. Шунинг учун ҳам бу конституцияга киритилган ўзгартириш муҳим воқеа бўлиши мумкин эмас, чунки у ишламайди. У конституцияни устувор қилолмайди.

Бу таклифлар¸ аслида айнан ҳозирги конституциянинг устувор эмаслигини кўрсатиб турибди. Конституция ҳал қилмайди бу масалани. Кимнинг ўрнига ким келадию ким қолади¸ деган нарсани бош қонун ва бошқа қонунлар белгиламайди Ўзбекистонда. Чунки қонун деб парламент ишлаб чиқаëтган, қонун мақоми берилаëтган қоидалар аслини олганда қонун эмас. Қонун халқчил бўлиши керак. Халқ манфаатига қаратилган бўлиши керак. Халқ ишлаб чиқиши керак. Вакиллик органи эса¸ халқдан йироқлашиб кетган.


Нарзилло Охунжонов¸ Ўзбекистон радиоси журналисти:

Президентимизнинг шу йил 12 ноябрда Ўзбекистон республикаси Олий мажлис қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида мамлакатни янада демократлаштиришни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш мавзуида қилган маърузаси¸ албатта¸ йилнинг энг муҳим воқеаси сифатида баҳоланиши мумкин.

Сабаби¸ Ўзбекистон ўзининг мустақиллик 20 йил давомида, 20-йилга қадам қўяëтган бўлсак, маълум бир босқични босиб ўтди. Энди бизнинг бундан кейинги ўз олдимизда турган вазифалар, ўз олдимизда тараққиëтнинг янги босқичига чиқишда муҳим асос керак эди. Шунинг учун ҳам президентимизнинг 12 ноябрда қилган чиқишлари олтита йўналиш бўйича ҳар томонлама асослаб берилди.

Бу биринчидан давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, иккинчиси суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, учинчиси ахборот соҳасини ислоҳ этиш, тўртинчиси Ўзбекистонда сайловларни ўтказиш билан боғлиқ сайлов эркинлигини таъминлаш билан, бешинчиси фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўлса, олтинчиси Ўзбекистонда бозор иқтисодиëтини либераллаштириш билан боғлиқ бўлди.

Ҳар бири бўйича бундан кейинги тараққиëтнинг янги босқичига чиқишимиз учун ва шу асосда фаолият олиб боришимиз учун қандай қонунларга эҳтиëж борлиги, конституциянинг қайси моддаларига қандай ўзгартиш киритиш кераклиги аниқ параметрларда кўрсатиб берилди. Шу асосда мамлакатимизда келгусида тараққиëтнинг янги бир босқичига чиқишда муҳим асос бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқий заминнинг ҳар жиҳатдан муҳим пойдеворининг асосини кўрсатиб берди. Ўйлайманки, худди шу нарса бизнинг келгусида қандай асосда, нимага қараб, нимага асосан биз иш юртишимиз кераклигини ушбу конституцияда ўз ифодасини топганлигини яққол кўришимиз мумкин.


Брюс Панниер¸ Озодлик радиосининг Марказий Осиë бўйича етакчи таҳлилчиси:

Каримовнинг парламентга ўзига бирор кори-ҳол бўлиб қолса¸ ўрнига ким келишини аниқлаштириш учун конституцияга аниқлик киритиш борасидаги таклифини¸ шубҳасиз 2010 йилнинг энг муҳим сиëсий воқеаси дейиш мумкин. Нега?

Чунки Каримов¸ бизга ҳозирча маълум бўлмаган сабабга кўра¸ ўзи президентликдан кетишидан сўнг бошланадиган ўйин учун янги қоидалар таклиф қилди. Ҳокимиятдан кетиш вақти яқинлашаëтганини англаб турган Каримов¸ парламентга озгина ваколат беришга қарор қилди. Қарийб 20 йилдан бери мамлакатдаги мутлақ ҳукмдор бўлиб келаëтган Каримов¸ ўзи ҳокимиятдан кетгач¸ парламентда салгина ваколат бўлиши ва жилла қурса Бош вазирни сайлашини истамоқда. Бу дегани Ўзбекистон якка ҳукмдорининг ўзидан кейин бошланадиган сиëсий ўйин қоидаларини ҳозирдан белгилашга уринаëтгани ва Каримовдан кейинги президентнинг ўзи қадар қудратли бўлмаслигини кафолатлашга уринаëтганидан даракчидир.

Бу таклифлардан Каримовнинг ўзидан кейин қуриладиган давлат тузумининг ўз манфаатларига қарши чиқмайдиган бўлиши ва ўзи танлайдиган вориснинг президентлик курсисига ортиқча муаммоларсиз ўтиришини таъминлаш ғамида кўринади.


Даниил Кислов¸ Фарғона. Ру ахборот агентлиги бош муҳаррири¸ асли фарғоналик журналист ва таҳлилчи:

Бу саволга узил-кесил қилиб ҳа ëки йўқ деб жавоб бериш қийин. Шу боис¸ мен бу саволга¸ сиëсий воқеалар қаҳат бўлган Ўзбекистон воқелиги учун¸ Каримов таклифларини йилнинг ëрқин воқеаси дейиш мумкин. Зотан йиллардан бери¸ хусусан 2010 йил давомида ҳам бу мамлакатда ҳеч қандай сиëсий тебраниш кўзга ташланмади.

Айни пайтда¸ Ислом Каримов ҳукмронлик қилиб келаëтган кейинги 20 йил давомида унинг ҳар қандай ҳаракати¸ унинг ҳар қандай таклифи фақат ўз якка ҳокимлигини кучайтириш¸ қонуний сиëсий жараëнларни бешикдаëқ бўғиб ташлашга қаратилганини инобатга олсак¸ бу таклифлар менга йилнинг энг ëрқин бутафорияси¸ яъни йилнинг энг ëрқин ясамачилиги бўлиб туюлмоқда. Шу боис мен Каримов таклифларини тугаëтган йилнинг энг ясама сиëсий воқеаси деб атаган бўлардим.

Тахмин қилинаëтган эҳтимолга кўра¸ Каримов ҳокимиятдан кетишга ва ўз ўрнига келадиган ворисга ҳуқуқий замин тайëрлашга киришди. У конституцияга киритишни таклиф қилган тузатишга кўра¸ Сенат раиси президентга ворис бўлиши мумкин. Демак¸ Каримов танлаган ворис ҳокимият алмашадиган пайтда Сенатда раис бўлиб ўтириши ва конституцияга мувофиқ¸ қайсидир сабабга кўра вазифасини бажара олмай қолган президентдан давлат бошқаруви тизгинларини осонгина қабул қилиб олиши мумкин.

Аммо бу таклифларни бутафория деб баҳолашга мажбур қилган сабаблардан бири шуки¸ бу таклифдан ташқари 12 ноябр кунги маърузасида жаноб Каримов жуда гўзал сўз ва ибораларни ишлатди. Жумладан¸ парламент ваколатларини ошириш¸ жамиятни либераллаштириш¸ журналистлар ролини кучайтириш ҳақида Каримов авваллари ҳам жуда кўп гапирган чиройли гаплар янгради.

Аммо мана 20 йилдан бери жаноб Каримовнинг нутқлари гўзаллашгандан гўзаллашмоқда¸ аммо вазият унга тескари равишда ëмонлашмоқда. Бир одам¸ ëки унинг атрофидаги саноқли одамларнинг мутлақ ҳукмронлиги даврида қандай қилиб парламент ролини кучайтириш мумкин? Бу бир кечада қилинадиган иш эмас. Бунинг учун нормал сиëсий жараëнлар бошланишига эрк бериш лозим. Бу эса¸ ҳозирги Ўзбекистон шароитида мутлақ имконсиз¸ зотан бундай жараëн учун сув билан ҳаводек зарур очиқ сиëсий кураш учун объектив шарт-шароитнинг ўзи йўқ! Шу боис¸ ҳатто ваколати кучайтирилган тақдирда ҳам бугунги ўзбек парламенти фақат ва фақат Ислом Абдуғаниевич танлаган Бош вазир ва у киши танлаган ҳукуматнигина сайлайди¸ фақат ва фақат Каримов ва тепадан тушган қонун ва тузатишларнигина маъқуллайди.


Камолиддин Раббимов¸ мустақил таҳлилчи:

Менимча, Каримовнинг 12 ноябрдаги нутқи¸ ҳақиқатан¸ йилнинг энг катта воқеаси. Балки нафақат йилнинг, кейинги беш йилликдаги, Андижон воқеаларидан кейинги катта воқеа дейиш мумкин. Чунки у ерда давлат тараққиëтининг янги босқичга кўтарилганлигини, яъни давлатнинг, ҳукуматнинг янги эҳтиëжлари қонунларда акс эттирилганини кўрдик.

Каримов 12та янги қонун қабул қилишни таклиф қилаяпти ва айни пайтда 30дан ортиқ қонунчиликка ўзгартириш киритишни таклиф қилаяпти. Бу демократлаштириш дегани эмас. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг кейинги босқичга чиқиши ва шу ислоҳотлар орқали режимни мустаҳкамлашга ҳаракат дейишимиз мумкин. Яъни иқтисодий эркинлик, имкон қадар эркинлик дейиш керак, шартли равишда айтиш керак, ва сиëсий соҳадаги ëпиқлик деган Каримовнинг модели кейинги пайтда кучаяяпти.

Мана кейинги 2011 йилни тадбикорлар йили деб эълон қилди. Чунки Ўзбекистондаги иқтисодий мураккаб вазият ва солиқларнинг тушмаслиги, давлат бюджетининг кўпроқ дефицит билан тугаши мана шундай ислоҳотларни тақозо қилаяпти.

Айни пайтда¸ Каримовдан кейинги ҳокимият алмашинуви борасида ҳам ши пайтгача ноаниқлик эди. 90-йилларнинг бошида атайлаб Каримов томонидан “Каримовнинг ўриндоши ким бўлиши мумкин” деган нарсага мавҳумлик киритилган эдики, конституцияда депутатлардан бирортаси дейилган эди. Лекин бугунги кунга келиб, мана шу доирани аниқлаштириш ва торайтиришга эҳтиëж сезилди. Агар президент ўзининг вазифасини бажара олмай қолган ҳолда Сенатнинг раиси деб аниқлик киритилди. Шу орқали Сенатнинг раиси атрофидаги интригалар кучаяди.

Каримовнинг маълум бир хавотирлари бўлиши керак бир қанча сиëсатчилардан¸ Бош вазир деймизми, бошқа амалдорлар деймизми. Мана шу амалдорларнинг тўсатдан худди Туркманистондаги каби ëки бошқа давлатлардаги каби ҳокимиятга келишга интилишларини чиппакка чиқариш¸ мана шу ўзгартириш орқали ўша жараëнни мутлоқ кучли бир назорат қилишга ҳаракат қилаяпти¸ дейишимиз мумкин. Сенатнинг раисини тайëрлаяпти эмас, ў(ўзи танлайдиган ворисдан бошқа номзодларнинг ҳокимиятга келиши учун) мавжуд бўлган йўлларни, имкониятларни ëпаяпти дейиш керак, холос.

Озодлик сўнгсўзи: 2010 йил тугашига расман яна бир ҳафта муҳлат қолди. Йилнибг қолган кунларидан Ўзбекистонда бирор фавқулодда йирик сиëсий ҳодисани кутиш учун мантиқий асослар йўқдек. Аммо Борис Елциннинг Россия жамоатчилиги учун мутлақ кутилмаган ворисини айнан 31 декабр куни эълон қилгани ëдга олинса¸ тарих қатларига жойланаëтган йилнинг сўнгги кунлари¸ айниқса энг сўнг кунида фавқулодда ҳодисаларга жой бериш имкони ҳам мутлақ йўқ эмас...
XS
SM
MD
LG