Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:21

Ислом Каримовни судга беришди


Ўғлининг Ўзбекистонда рўй берган сирли ўлими учун Татъяна Назарова президент Каримовни маъсул деб билади.
Ўғлининг Ўзбекистонда рўй берган сирли ўлими учун Татъяна Назарова президент Каримовни маъсул деб билади.

Ўтган йил Ўзбекистонда жасади топилган қозоғистонлик ҳайдовчи Иван Назаровнинг онаси, ўғлининг ўлимида Ўзбекистон президентини айбламоқда. Даъво аризаси билан судга мурожаат қилган Татяна Назарова, Ислом Каримовдан қарийб 7 миллион доллар ундириш ниятида.

Қозоғистоннинг Оқтўба вилояти, Олға шаҳрида истиқомат қилувчи Татяна Назарованинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов устидан даъво аризаси билан Олға шаҳар судига мурожаат қилгани ҳақидаги хабар, қатор маҳаллий оммвий ахборот воситаларида, 28 январ куни пайдо бўлди.

Шундан сўнг, Озодлик муҳбири телефон орқали Татяна Назарованинг Оқтўбадаги расмий вакили Айдос Содиқов билан боғланишга муваффақ бўлди. Содиқовнинг айтишича, ўз даъво аризасида Татяна Назарова, Ўзбекистон президентидан ташқари Қозоғистон Iчки ишлар вазирлигини ҳам кўрсатган.

Овоз: Жавобгарлардан бири, бу Ўзбекистон президенти Ислом Каримов. Назарова ундан етказилган маънавий зарар учун бир миллиард танга ундиришни талаб қилмоқда. Иккинчи жавобгар эса, Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги. Зарар кўрган томон вазирликдан ҳам ана шундай миқдорда пул ундирилишини талаб қилмоқда, деди Айдос Содиқов.

Ҳозирги алмаштириш курси билан ҳисоблаганда, бир миллиард қозоқ тангаси, тахминан 6 миллион 700 минг долларни ташкил қилмоқда.

Ўтган йилнинг 28 феврал куни 27 қозоғистонлик ҳайдовчи Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олинган эди. Ҳайдовчиларнинг яқинлари, қозоғистонлик ҳайдовчилар Ўзбекистон ҳудудига қорбўрон бўлгани сабабли адашиб ўтиб қолганини маълум қилгандилар.

Бироқ Қорақалпоғистон Олий суди, қозоқ ҳайдовчилари ўзбек металлини ўғирлаш мақсадида қўшни давлат ҳудудига ноқонуний ўтган¸ деган айб билан, ҳайдовчиларга катта миқдордаги жарима белгилаган ва юк машиналарини мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Бу айбланганлар орасида бўлган оқтўбалик ҳайдовчи¸ 28 яшар Иван Назаров, ватанига қайтиб келмади. Кўп ўтмай¸ унинг жасадининг Ўзбекистон ҳудудидан топилгани айтилди.

Назаровнинг ўлими ҳақида судланган оқтўбалик ҳайдовчилар суд ҳукм ўқиб бўлингач, уларга нотаниш эркак жасади суратини кўрсатишгач¸ хабар топишди. Қозоғистон томонининг келтиришича, вафот этган оқтўбалик ҳайдовчи жасади қозоқ чегарасидан 5 километр масофада топилган.

Айдос Содиқовнинг айтишича, жасадда бўлган кийимлар орқалигина, унинг чиндан ҳам ҳайдовчи Иван Назаровга тегишли экани аниқланган.

Овоз: Оқтўба вилояти Ички ишлар департаменти жасад эксгумацияси ва суд-тиббий экспертизаси ўтказди. Экспертиза эса, 28 яшар, соғлом эркак бўлган Иван Назаровнинг баъзи суяклари йўқлиги, баъзи суякларнинг эса дарз кетганини кўрсатди. Жасаднинг тишлари ва бир қўли йўқ эди. Биз ҳаммамиз¸ хусусан ëш йигитнинг онаси Иванни шафқатсизларча уриб ўлдиришган¸ деган фикрдамиз, дейди Айдос Содиқов.

Унинг айтишича, экспертиза натижасига қарамай, Оқтўба вилояти Ички ишлар департаменти ҳайдовчи Иван Назаров ўлдирилиши бўйича очилган жиноий ишни бир ярим ой ўтмай ёпишга қарор қилган. Шу боис, ҳозирда вафот этган оқтўбалик ҳайдовчи Иван Назаровнинг онаси, ўғлининг ўлдирилишига бефарқ муносабатда бўлаётган Қозоғистон Ички ишлар вазирлигини ҳам судга бериб, вазирликдан, Худди Ўзбекистон президентидан бўлган каби, бир миллиард қозоқ тангаси ундирилишини талаб қилмоқда.

Овоз: Мазкур иш бўйича ўзбек томонидан ҳеч қандай жавоб олингани¸ аниқроғи Қозоғистон ҳуқуқ идоралари Тошкентга сўров ҳам юборгани йўқ. Бизнинг ҳуқуқ-тартибот идораларимиз жиноий ишни расмий равишда очиб, сўнг уни ёпишди. Татъяна Назарова бизнинг ҳуқуқ-тартибот органларимиз ҳеч бир текширув иши олиб бормайди¸ дея ҳисоблаб, улардан кўнгли қолди. Шу боис, у 26 январ куни судга даъво аризаси билан мурожаат қилди ва аризани рўйхатга олишди, деди Айдос Содиқов.

Бироқ Оқтўба вилояти Ички ишлар департаменти, Иван Назаров жасади бўйича олиб борилган суд-тиббий экспертизаси ўлим нима сабаб юзага келганини аниқлаб бера олмаганини билдирди.

Овоз: Ўтказилган экспертиза натижаси, елка суяга синганини кўрсатди. Аммо экспертлар бунинг ўлимга сабаб бўлмаганини айтишди. Сабаби¸ елка синишининг Иван Назаров ўлимидан бир неча ой аввал содир бўлган бўлиш эҳтимоли мавжуд. Агар вафот этган ҳайдовчи ўлими юзасидан очилган жиноий ишнинг ёпилиш сабаблари ҳақида гапирадиган бўлсак, жасад чириб кетгани боис, ҳайдовчи ўлимига олиб келган сабабни аниқлашнинг имкони бўлмади, деди Оқтўба вилояти Ички ишлар департаменти матбуот котиби Алмат Иманғалиев.

Мавзуни ёритиш чоғида, биз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо ушбу муассасаларда мухбир саволига жавоб берадиган расмийнинг ўзи топилмади.
XS
SM
MD
LG