Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:19

"Алишер Соипов айнан журналист бўлгани учун ўлдирилди"


Алишер Соиповнинг отаси ўғлининг ўлими учун Ўзбекистон махфий хизматини айбламоқда.
Алишер Соиповнинг отаси ўғлининг ўлими учун Ўзбекистон махфий хизматини айбламоқда.

26 январ куни қирғиз парламенти олдида айни шундай баëнот берган Қирғизистон Ички ишлар вазири Қамбарали Қўғантиев Қирғизистонда Алишер Соиповдан бошқа журналистларга қилинган ҳужумлар уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ эмаслигини алоҳида таъкидлади.

Қирғизистон Ички ишлар вазири Қамбарали Қўғантиев парламент махсус қўмитасида қилган чиқиши чоғида, 2005 йидан бери мамлакатда 31 нафар журналистга ҳужум қилинганини айтди. Бу борада 26 та жиноят иши очилиб, 11 та жиноят фош этилган. Айни пайтда судлар томонидан уларнинг тўққизтаси кўриб чиқилган.

- Лекин бирорта суд қарорида жиноятлар журналистларнинг касбий фаолиятига боғлиқ экани айтилмаган. Мен Алишер Соипов иши унинг касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган, деб айта олмайман, чунки бу борада ҳали суд қарори эълон қилинмади, деди Қамбарали Қўғантиев.

Ички ишлар вазири Алишер Соипов иши юзасидан журналистнинг қотили сифатида гумонланаётган яна бир одам Фаррух Шораҳматуллаев Тожикистоннинг Сўғд вилоятида қўлга олингани тўғрисидаги ахборотни шахсан тасдиқлади.

-У киши Тожикистонда қўлга олинди. Айни пайтда уни экстрадиция қилиши масаласи кўриб чиқилмоқда. Тожикистон уни бизга топширадими, йўқми, унга қўйилган айблов юзасидан жиноят ишини Тожикистонга ўтказиб берамизми, бу масала бугунги кунда ҳал қилинаяпти, деди Қамбарали Қўғантиев.

Айни пайтда Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ички ишлар бўлими матбуот котиби Феруз Боқи бу маълумотни рад этди:

- Бу ҳақда гап бўлган эмас. Балки уни Миллий хавфсизлик хизмати қўлга олгандир. Бу ҳақда бирон маълумот йўқ, деди Феруз Боқи.

Алишер Соиповнинг қотили сифатида гумонланаётган иккинчи шахс - Фаррух Шораҳматуллаев юзасидан берилаётган бир-бирига зид ахборотга аниқлик киритиш мақсадида Қирғизистон Ички ишлар вазирлигига қилган мурожаатимизга эса жавоб бўлмади.

Айни пайтда 26 январ куни Ўш шаҳрида Алишер Соипов қотилларидан бири сифатида айбланаётган Абдуфарид Расуловга нисбатан навбатдаги суд жараёни бўлиб ўтди.

Ўш вилоятининг Лайлак туманида истиқомат қилувчи Абдуфарид Расулов 2009 йилнинг 23 февралида гиёҳванд модда билан қўлга олинган ва унинг олдидан тўппонча топилган эди.

Баллистик экспертиза бу тўппончадан Алишер Соипов отилганини тасдиқлаган. Абдуфарид Расулов эса тергов давомида бу тўппончани Тожикистон фуқароси Фаррух Шораҳматуллаевдан сотиб олганини айтган эди.

Ўтган йил ёзида ўтган биринчи суд жараёнидан сўнг Абдуфарид Расулов иши қайта терговга жўнатилган эди.

Абдуфарид Расулов 26 январ кунги суд мажлисида ўзига қўйилган айбловларни тан олмади.

- Менинг айбим йўқ. Бекордан-бекорга ўтирибман қамоқда. Бир йилдан бери беайб ўтирибман, мени оқлашсин, деди Абдуфарид Расулов.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, суд жараёнида Алишер Соиповнинг отаси Аваз Соипов ҳам Абдуфарид Расулов қотил эканига ишонмаслигини айтган. Аваз Соипов Алишер Соиповнинг яқин дўстлари, шунингдек, Ўш шаҳридаги бир қатор милиция ходимларининг ўғлининг ўлимига алоқадор эканини иддао қилмоқда ва суддан уларни тергов қилишни талаб этаётир.

Бироқ Аваз Соиповнинг бу иддаолари давлат қораловчиси ва суд томонидан асоссиз, деб топилди ва унинг талаби қондирилмади.

Абдуфарид Расуловга нисбатан суд жараёни эса яқин кунларда яна давом эттирилиши маълум қилинди.
XS
SM
MD
LG