Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:23

"Мен йиғламай¸ ким йиғласун?"


Шуҳрат Бобожон
Шуҳрат Бобожон

Ўзбекистонда фото ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова атрофида бўлаëтган ва соғлом ақл эгалари учун абсурддан ўзга нарса бўлиб кўринмаëтган воқеалар¸ беихтиëр Сталин қатағони ҳақдаги ҳикояларни эсга солади.

Ўзбекистон диний идораси¸маданият маърифат маркази матбуотни кузатадиган яна бир икки идора билан ҳамжиҳат тарзда кинотасвирчи Умида Аҳмедовани ўзбек халқини ваҳший қилиб кўрсатганликда расман айблади.

“Кафка дамини олаверсин”, деб ëзди бу "ҳужжат" билан танишган немис дўстим¸ журналист Бернҳард Клазен. (Кафка бу инсон ақли етмайдиган ëвуз манзараларни акс эттирган ëзувчи).

Ўзбек қизлари зиммасидаги "Бокиралик юки" ҳақида ҳужжатли филмни суратга олгани учун ваҳшийлик тарғибчиси дея тамғаланган Умида Аҳмедова иши ҳануз якун топмади.

Кинотасвирчи боши устида ўзбек жазо қонунининг иккита моддаси гильотина болтаси каби осиғлик турибди.

Фотоаппарат нигоҳини ўзбек расмийлари истамаган тарафга қаратгани учун Умиданинг боши кундада.

Умидага қарши еттита жимжимадор имзо қўйилган ҳужжат 1937 йилдаги чақув хатларининг айнан ўзи.

Ленинга елинни қофия қилган тоғам Эгам Раҳим 12 ëшида Магаданга сургун қилинганини бувимдан эшитган эдим.

Ўша пайтда ëш бола бўлган Эгам Раҳимнинг шеърлари адабиëт институти домлалари тарафидан "таҳлил" қилиниб¸ НКВДга "хулоса" берилган¸ деб эслар эди бувим раҳматли ўзининг шоир укаси бошига тушган кўргилик ҳақида.

Магадандан ярим юзини совуққа олдириб келган Эгам Раҳим кейин сиëсий шеър ëзмай қўя қолди.

1937 йил қатағонлари ҳақида ҳикояларни мен отамдан эшитган эдим.
Илк ҳикоя унинг исми билан боғлиқ.
Эскича таълим олган Бобо Матжон 1937 йилнинг Ражаб ойида туғилган ўғлига Ражаббой деб исм қўйгани ҳамоно унинг оëғини ерга теккизмай керакли идораларга олиб боришади.

Бобо Матжон авом бир боғбон экани¸ комфирқа аъзоси бўлмагани боис унинг бу "жинояти" кечирилади.

Шундай қилиб отам¸ ўз синфдошлари Маркс ва Фрунзе ва Ленинзалардан фарқли тарзда ўзбекча ном соҳиби бўлиш бахтига мушарраф бўлди.

Отам ўқиган мактаб ўқитувчиси чиқиш келишигига мисол қилиб "Аҳмад қишлоқдан чиқиб шаҳарга борди" деган мисолни доскага ëзади.

Отамнинг айтишича¸ бу ўқитувчи шу ëзган мисоли учунгина шўро ҳукуматининг коллективлаштириш сиëсатига қарши¸ деб қамоққа ташланган.

Муаллимни ким у Аҳмад¸ нега у қишлоқдан кетиб¸ шаҳарга борди¸ дея НКВД ертўласида сўроқ қилишган.

Муаллимнинг сўроқ пайтида жон таслим қилгани айтилганида бу гап менга латифа эмас¸ балки фожиа бўлиб эшитилди.

Ўлик чиққан уйларда қайғули қўшиқлар айтадиган хонқалик гўянда халпани туман маданият идораси 1947 йилда Тошкентдаги халқ ижоди концертига юборади.

Туман маданият бўлими шотири гўянданинг матнини сиëсий конюктурага мослаб қайта ëзиб беради.

"Гулдай йигит эдинг¸ ўлдингу кетдинг" деган мисра ватанимиз бўлди обод¸ деб ўзгартирилади.

Аммо маданият мулозими ҳар икки мисрадан кейин такрорланадиган нақоратни ўзгартиришни унутади.

"Ватанимиз бўлди обод¸ ман йиғламай ким йиғласун" дея куйлаган гўянда саҳнанинг ўзидаëқ қамоққа олинади.

Гўянда уриб ўлдирилган Тоштурма қамоқхонаси биринчи ўзбек киночиси Худойберган Девонов учун ҳам сўнгги маскан бўлди.

1936 йили биринчи ўзбек киночиси Худойберган Девонов Тоштурма ертўласи деворига тиралиб¸ ватан хоини дея отиб ўлдирилди.

Бугун айни Тоштурма ертўласи ўзбек аëлларидан чиққан биринчи киноператорни кутмоқда.

Замон тўппончаси Умида Аҳмедова пешонасига тиралган.
Ўзбек мафкурасининг етти гумаштаси бу тўппонча отилсун деб фатво берди.

Бу ҳолат 1937 йилда эмас¸ 2010 йилда рўй бермоқда.

Бир дарëга икки марта шўнғиб бўлмайди¸ деган эди файласуф Ҳегел(Гегел).

Аммо нега биз ўзбеклар айни қатағон дарëсига қайта ва қайта шўнғимоқдамиз?

Ватанимиз бўлди обод, мен йиғламай ким йиғласун?!!!
XS
SM
MD
LG