Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:48

17. Мурдашўй


Бозор қоптонидаги чойхонага кирдик. Ичкарига қадам босган заҳотим ғала-ғовур тинди-қолди.

Чойхона жимжит, пашша учгани билинадиган сокинлик ҳукмрон эди. Озода, файзли макондек туюлди. Қип-қизил бахмал кўрпачалар тўшалган мўъжаз чорпояларда мижозлар иккита-иккитадан юзма-юз ҳолатда лўла болишларни қўлтиқларига тортиб ёнбошлаб ётарди. Биз киргандан сўнг айримлари бир қараб қўйди-ю, яна бошларини кафтига қўйиб суҳбатларини паст товушда давом эттираверди. Ора-орада пиёлада совиб қолган чойдан бир хўплаб қўйишарди. Бўш чорпояга бориб жойлашдик. Елкасига сочиқ ташлаб олган чойхоначи рўпарамизга келиб қўл қовуштирди.

— Хуш кўрдик, азизлар! Оқ чойми, памил?

— Минерал сув борми?

— Топилади, азизлар, топилади. Оқиданми ёки сироп аралашганиданми?

— Оқидан бўлсин, ярим литрлик баклашкада бўлса яна ҳам яхши бўларди.

— Бош устига.

Чойхоначи қўлини кўксига қўйганча орқаси билан тисарилиб биздан узоқлашди. У ёқасиз оқ яктак устидан атлас белбоғ боғлаб, белбоғига қинли пичоқ осиб олган, бошида қалампир гулли дўппи бор эди.

— Турсунали полвонга ўхшар экан, — деди адъютантим.

— Турсунали полвон доим Марғилон дўппи кийиб юради, чойхоначининг бошида Чуст дўпписи, — деб ўзимча изоҳ бердим.

Бир баклашка сув билан иккита пиёла келтириб олдимизга қўйди. Ёзиғли турган дастурхон попукларини тўғрилаётиб:

— Навбатга ёзиб қўяверайликми? — деб сўради астагина. — Таксамиз, билсангиз керак, беш минг сўм.

Адъютантим дарҳол ёнини кавлаб ўн доллар чиқариб берди:

— Қайтими керак эмас, — деди.

— Раҳмат, оғайни, раҳмат. Навбатингизни сал илгари суриб қўярдим-у, лекин кечадан буён навбат кутиб ётганлар бор, — деб мижозларга кўзи билан ишора қилди. — Ҳув бурчакда болишни қучоқлаб ухлаб ётган ғассоллар тўчкага чиқиб кетса, кейин бир йўлини қиламиз. — Қаддини тиклаб, елкасидаги сочиқ билан бўйнини обдон артди. — Бир чўқим палов буюриб қўйсам, қарши эмасмисизлар?

— Қорнимиз тўқ, — дедим.

Чойхоначи қўлини кўксига қўйиб яна орқаси билан тисарилиб биқирлаб қайнаб турган самовар томон кетди.

Рўпарамдаги чорпояда тасбеҳ ўгириб ўтирган жиккак йигит кўзимга иссиқ кўринди: у соқол қўйган, кўзлари аланг-жаланг бўлиб олма-кесак терарди, кавушдек бети захил бўп кетган, дафъатан тирик мурдани эслатарди. Ё тавба! Наҳотки, ўтган асрнинг охирларида муросасизлиги билан машҳур бўлган минбар шоири шу йигит бўлса?! Ё алҳазар... Кўзларимиз тўқнашгач, у хиёл бошини эгиб қўйди. Бирпас тикилиб ўтириб, аста чорпоядан тушди-да ғирчиллама кавушини оёғига илиб ёнимизга келди. Тасбеҳ шодасини бошмалдоғи билан қисиб осилтириб олган эди.

— Ассалому алайкум, мусулмонлар! — деди у тавозе билан. — Чамамда, биз илгари қаердадир учрашганмиз, шекилли. Агар рухсат берсангизлар, бирпас гаплашиб ўтирсак.

Рухсат ҳам кутмасдан адъютантимнинг ёнига, чорпоядан оёқларини осилтириб ўтирди-да юзига фотиҳа тортди.

— Мени анавилар орқаваротдан «Арвоҳ Мирзо» дейишади, — деб мижозлар томонга имо қилди.

Миямга яшин ургандек бўлди: эсладим! У ёшликдан бирга юрган ёр-биродарларини сотиб, КГБга штатсиз агент бўлиб ёлланган, қудратли идоранинг пинҳоний ёрдами туфайли Ғафур Ғулом номидаги нашриётда «Сайланма» шеърий тўпламини чоп этишга эришган эди.

Салласини ечиб тиззасига қўйди.

— Битта прокурор танишим бор эди. Ўзи ниҳоятда юмшоқ кўнгил, ҳалимдек майин инсон бўлиб, адолатпарвар, ҳақпарвар эди; прокурлар орасида бунақаси кам учрайди. Шу киши оғир дардга йўлиқди: аввал битта оёғини, кейин иккинчисини кесишди. Жарроҳлар бунақа муолажани ампутация дейишар экан. Охири ўнг қўлини кесишди, аммо барибир бўлмади. Нон-насибаси тугаган экан, бандаликни бажо келтирди. Ўлими олдидан тўнғич ўғли орқали мени ҳузурига таклиф этди: «Укажон, жасадимни ўзингиз ювиб-тараб жойимга қўйсангиз, қиёматгача сизни гўримда дуо қилиб ётаман», деди. Розилик бердим.

Ўлганидан сўнг ўша ўғли уйимдан «Мерседес»да опкетди. Кичик ўғлимни ҳам бирга олиб бордим: «Ўликлардан қўрқмаслик керак, тириклардан қўрқиш керак», дедим. Болани ёшликдан кўзини пишириб бориш керак. Ўғлим сув қуйиб бериб турди, мен жасадни покизаладим. Бир нарсага ҳайрон бўлдим: прокурорнинг жасади ниҳоятда майин, худди қўлларим теккан заҳоти эриб кетадиган даражада юмшоқ эди. Қаранг, худонинг қудрати билан кўнгилчан инсоннинг жасади тарашадек қотиб қолмас экан. Айрим одамларнинг нафақат жасади, тавба қилдим, ҳатто асбоби ҳам тарашадек дикрайиб қотиб қолади. Ундай чоғда дикрайган нарсани қайириб синдириб қўйишга тўғри келади. Акс ҳолда кафанни кўтариб, худди пашшахонадек ғалвайтириб туради. Хунук кўринади...

Кечирасиз, биз илгари қаердадир учрашганмиз шекилли, — деб юзимга синовчан тикилди.

— Агар илгари учрашганимизда, тақсир, ҳозир учрашмаган бўлардик, — дедим кулимсираб.

— Бу гапингиз, гарчи ҳазил аралаш бўлса ҳам, лекин мантиқан тўғри, — деб юзига фотиҳа тортиб ўрнидан турди. — Одам одамга ўхшайди-да, узр.

— Хай, ҳечқиси йўқ, — дедим сир бой бермасдан.

Маълум бўлишича, биз мурдашўйлар навбат кутиб ўтирадиган махсус чойхонага кириб қолган эканмиз. Бизни зимдан кузатиб турган чойхоначини лол қолдириб мурдашўйлар қароргоҳини тарк этдик.
XS
SM
MD
LG