Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:55

Яна бир "сайлов" ўтказилди


Ўзбекистон Олий мажлисининг қуйи палатасига 27 декабр куни 150 янги депутат сайланди.
Ўзбекистон Олий мажлисининг қуйи палатасига 27 декабр куни 150 янги депутат сайланди.

27 декабр куни Ўзбекистонда парламент сайловлари ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси овоз беришда сайловчиларнинг 87 фоизидан ортиғи иштирок этганини эълон қилди. Шу куниëқ президент Каримов¸ янги депутатларга "буюртма" беришга улгурди.

Президент Ислом Каримов якшанба куни Тошкентдаги сайлов участкаларидан бирида овоз бериб бўлгач, журналистлар билан қарийб бир соат давомида суҳбатлашиб, сайловлар “эркин ва адолатли” ўтганига ишончи комил эканини таъкидлади.

Якшанба куни кечқурун ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов парламент сайловларини ўтган, деб эълон қилди.

- Соат 20:00да Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари сайлови бўйича овоз бериш жараёни якунланди. Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда қарийб 15 миллион 108 минг 950 сайловчи иштирок этди. Бу рўйҳатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,8 фоизини ташкил этади. Шундай қилиб, яна бир карра таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига сайлов тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 44-моддасига мувофиқ парламентимиз қонунчилик палатаси депутатлари сайлови ўтган, деб ҳисобланади, деди МСК раиси.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкентдаги 644-сонли сайлов участкасида овоз бериб бўлгач, маҳаллий ва хорижий журналистлар саволларига жавоб берди.

Маҳаллий мухбирлардан бири гапни ўзбек халқи сайловда фаол иштирок этаётганидан бошлади:

- Муҳтарам президент, мана бугун бутун халқимиз сайловда фаол иштирок этиб, ўзлари танлаган номзодлар учун овоз бермоқдалар. Шу маънода ва жаҳонда кечаётган турли жараёнлар даврида миллий парламентимиз ва сайланажак депутатлар олдида қандай янги, замонавий, устувор вазифалар турибди?

Президент бу савол жавобини сайловлар “эркин ва адолатли ўтганига ишончим комил”, деган сўзлардан бошлади ва янги парламент “Ўзбекистонда кучли давлатдан кучли фуқаровий жамиятга ўтиш даври” жараёнига ҳисса қўшиши лозимлигини таъкидлади.

- Бизар Ўзбекистонмизда кучли давлатдан кучли фуқаровий жамиятга ўтаётган бир жараёнда бугун кун кўряпмиз ва, керак бўлса, шу учун курашяпмиз. Амалий ишларимиз билан мана шундай кучли фуқаровий жамият Ўзбекистонда ҳукмронлик қилишига бизар нафақат истаймиз, шу учун амалий ишларни ҳам рўёбга чиқаряпмиз.

Бунинг учун, дея қўшимча қилди президент, нодавлат ташкилотлари, жумладан маҳаллалар учун кенг имкониятлар яратиб бериш лозим.

Русийзабон журналистнинг Ўзбекистонда фуқаровий жамият қурилишида парламентнинг тутган ўрни ҳақидаги саволига жавоб берган Каримов, депутатлар ўз сайловчиларининг ишончини оқлаш учун, жумладан, ўзаро рақобатга киришиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

- Биринчи навбатда, улар ўз манфаатларини ҳимоя қилиши лозим, лекин бу бир партиядан сайланган депутат ёнида ўтирган бошқа партия вакилидан нафратланиши керак, дегани эмас. Бу маданиятли демократик тизим бўлиши лозим. Шунга ишончимиз комилки, турли фракциялар ўртасидаги рақобат қанча шиддатлироқ ва кучлироқ бўлса, ҳар бир партиянинг ғояси ўз-ўзидан ижросини топиши кафолатланади. Яъни парламент доимий тўлқинланиб туриши лозим. Яъники, рамзий қилиб айтганда, бўрон ва тўлқинланиш бўлиб туриши керак. Лекин агар, руслар айтганидек, “сокинлик, девоналик ва Худо марҳамати” бўладиган бўлса, бу парламент эмас, бу олдиндан белгилаб берилган дастур бўйича қонунларга имзо чекадиган буюртма парламент бўлади, деди Каримов.

Лекин оддий ўзбекистонликлар ва мухолифат гуруҳлари на сайловларнинг эркин ва адолатли бўлгани, на янги парламентга келган сиёсий кучлар ўртасида рақобат бўлиб, бирор ўзгариш рўй беришига ишонади.

Сайловлардан бир неча кун аввал, исми ошкор этилишини истамаган олтиариқлик тингловичимиз мана бу фикрларни айтган эди.

- Бу сайловларда кимни сайлаймиз, нозодлар ким бу ҳақда ҳали ҳеч нарсани эшитганимиз йўқ.
Озодлик: Ҳали номзодларни билмайсизлар?...

- Йўқ, ҳали бизга бу ҳақда ҳеч гап етиб келгани йўқ.

Озодлик: Бўлмаса, қандай қилиб сайлайсиз?

- Ҳа энди мен борармидим сайловга. Бу сайланадиган одамнинг фойдаси тегармиди, менга. Шунча пайтдан бери, бирорта депутатдан халқ учун ёки маҳалла учун фойда чиққанини кўрганим йўқ. Бугун оддий одамдан “Сен кимни сайлайсан”, деб сўрсангиз, “Мен ҳеч кимни сайламайман”, деган жавобни эшитасиз. Газини ёки светини қилиб беролмаган депутат, унинг қозонини қайнатиб берармиди?

Мухолифат вакиллари ҳам янги парламентдан бирор наф чиқишига ишонмайди.

Нигора Ҳидоятова “Озод деҳқонлар” партияси вакили.

- Мен сайловга бормадим, чунки ҳеч қандай ташвиқот олиб борилмади ва ким учун овоз беришни билмадим. Бу сафарги сайлов ҳатто 2004 йилдаги сайловчалик ҳам бўлмади. Сайловолди кампанияси жуда пассив бўлди. Номзодларни танимасам, ким учун овоз бераман, - дейди Н. Ҳидоятова.

Хитойнинг Синхуа агентлиги мухбирининг жаҳон молиявий бўҳрони давом этаётганига қарамасдан Ўзбекистон иқтисоди қандай қилиб ўсишда давом этмоқда, деган саволига Каримов ўз етакчилигидаги ҳукумат бу натижаларга кўп йиллар давомида “узоқни кўзлаб юритган сиёсати ва ҳаммага маълум бўлган Ўзбекистоннинг ўзига хос ривожланиш модели” орқали эришилганини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг янги парламентига Экологик ҳаракатнинг 15 вакили “сайловсиз” киритилганини изоҳлар экан, Каримов буни мамлакат юз тутган экологик муаммолар, хусусан Орол денгизинининг қуриб бораётгани, глобал илиқлашув каби муаммоларнинг долзарблиги ошиб бораётгани билан тушунтирди.

Президент Каримов глобал илиқлашувда Ғарб давлатларини айблаб, улар бунинг учун тегишли тарзада жавоб беришлари лозимлигини таъкидлади.

- Яқинда Копенҳагенда шунча-шунча музокаралар, тортишувлар, қанча-қанча гаплар бўлдию, лекин бир хулосага келишгани йўқ. Нима деганда, бой давлатлар бошқа нарсани хоҳлайди. Ўзи шунча, айтайлик, фабрика-заводларни қуриб, мошинларни ташкил қилиб, яшаётган, авваламбор Европа давлатлари ва бошқа дунё давлатлари (вазиятни) шу даражага олиб келган энди. Лекин ўзи энди, нима эмиш, ривожланаётган, энди кучга кираётган давлатлар, энди ўзининг саноатини, иқтисодиётини қураётган давлатлар билан тенг бўлиб, экологияни сақлаш учун куришиши керак экан... Сизлар (экологияни) кўпини бузган экансиз, шуни қандайдир, топган бойлигингиздан ажратинглар энди,- деди президент Каримов.

Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказилган сайловнинг дастлабки натижаси 28 декабр куни эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG