Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:29

А. Ҳайдаров: Санкт-Петербургда ўзбек районлари бўлмайди


Алижон Ҳайдаров ўзи раҳбарлик қиладиган “Умид” ташкилоти фаолиятини Санкт-Петербург шаҳар ҳуқуқ-тартибот органлари текшираётгани ва идора биносини муҳрлаб қўйганини тасдиқлади.


Россия шимолий пойтахтидаги ўзбекистонликларнинг “Умид” ҳамюртлар жамияти раиси Алижон Ҳайдаров Санкт-Петербургда 27 апрел куни ўтказилган матбуот анжуманида шаҳарда "ҳеч қандай ўзбек автономияси бўлмайди, керак бўлса, ҳамюртлар жамиятини ёпишга ҳам тайёрман", деди.

“Ташкилотни ёпиш масаласини кенгаш мухокамасига қўймоқчиман, текшир-текширлар жонга тегди”,- деди Ҳайдаров.

Санкт-Петербургдаги ўзбеклар жамоаси раисига кўра, шаҳар ҳуқуқ-тартибот органлари “Умид” уюшмаси фаолиятини текширмоқда ва ташкилот офисини муҳрлаб қўйган.

Бу текшир-текширлар шаҳарнинг учта райони, Марказий, Виборг ва Нева районларида “Умид” жамоаси ўзбек миллий-маданий автономияларини яратиш ҳаракатига тушгани ҳақда матбуотда пайдо бўлган хабарлар ортидан бошланган.

Алижон Ҳайдаровнинг Озодликка айтишича, Санкт-Петербургда ўзбек маданий автономияларини ташкиллаштириш ғоясининг “Умид” жамоасига алоқаси йўқ ва бу ҳақда маҳаллий матбуотда чиққан хабарлар асоссиздир.

- Газеталарнинг ёзишича, гўёки биз ўзбек районларини барпо қилар эканмиз, район эмас, жамоа бўлинмаларини очиш назарда тутилган эди аслида. Матбуотда пайдо бўлган бундай бўхтон хабарлар юзасидан раддия билдирдик,- дейди Алижон Ҳайдаров.

“Умид” ҳамюртлар жамияти бошқарув кенгаши аъзоси, “Петербург.уз” газетаси бош мухаррири Равшанбек Қурбонов эса ташкилот фаолиятида авваллари ҳам текширувлар бўлгани ва ҳозирги текширувлар автономия ғояси билан боғлиқ эмаслигини қайд этди.

“Регнум” ахборот агентлигининг ёзишича, Санкт-Петербург шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари нафақат “Умид” жамоаси фаолияти, балки бу жамоа раҳбарларига тегишли экани айтилаётган “Ош” ва “Юлдуз” кафеларини ҳам текширмоқда.

Санкт-Петербургда ўн минглаб ўзбекистонликни бирлаштирган “Умид” ҳамюртлар жамияти йигирма йилдан буён фаолият қилиб келади.

Алижон Ҳайдаровга кўра, ҳозир жамоанинг беш юз мингдан зиёд аъзоси бор. Маданий-маърифий фаолиятдан ташқари "Умид" ҳамюртлар жамоаси Россия шимолий пойтахтига иш излаб келаётган ўзбекистонлик мардикорларга ҳуқуқий ёрдам бериш билан ҳам шуғулланиб келган.
XS
SM
MD
LG