Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:41

Газ экспортчилари бирлашаëтир


Газ экспорт қилувчи давлат вазирларининг Москва йиғини очилишида сўз олган бош вазир Путин¸ янги тузилажак ташкилот борасида мавжуд хавотирларни тарқатишга уринди.
Газ экспорт қилувчи давлат вазирларининг Москва йиғини очилишида сўз олган бош вазир Путин¸ янги тузилажак ташкилот борасида мавжуд хавотирларни тарқатишга уринди.

Сешанба куни табиий газга бой давлат вакиллари Москвада тўпланиб¸ Газ экспорт қилувчи давлатлар форуми тузиш жараëнини якунлашга киришдилар.

Москва йиғинининг бош мақсади Газ экспорт қилувчи давлатлар форуми тузиш жараëнини ниҳоясига еткизиш ва дунëга янги форум тузилганини эълон қилишдир¸ демоқда Россия расмийлари.

Дунëдаги энг йирик табиий газ экспортчиси бўлган Россия Эрон¸ Қатар¸ Венесуэла ва Жазоир билан биргаликда сайëрамиздаги табий газ заҳираларининг учдан икки қисмига эгалик қилади.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб истеъмол қилинаëтган табиий газнинг 42 фоизи айнан ана шу беш давлат томонидан еткизиб берилмоқда.

Форумга таклиф этилганлар орасида Нигерия¸ Ливия¸ Малайзия¸ Миср¸ Бирлашган Араб Амирликлари¸ Боливия¸ Бруней¸ Индонезия ҳамда Тринидад ва Тобаго вазирлари ҳам бор.

2001 йилдан бери йилига бир марта учрашиб келаëтган газ экспорт қилувчи давлат расмийлари Москва йиғини давомида нефт экспортчиларининг ОПЕК ташкилоти моделидаги тузилмага бирлашишни ниҳоясига еткизмоқчилар.

Аммо газ экспорт қилувчи давлат намояндалари¸ ОПЕК ка ўхшаш ташкилот тузиш истиқболи йўқлиги ва тузилажак янги форумдан мақсад ОПЕК каби жаҳон бозоридаги нефт нархини назорат қилиш эмаслигини таъкидламоқдалар.

Газпром директорлар кенгаши раиси ўринбосари Александр Медведев Москва йиғини арафасида айни шу гапни айтди.

- Табиий газ бозорида ОПЕК механизмини қўллаб бўлмайди. Зеро ОПЕК жаҳон бозоридаги нефт нархини ўзи истаган даражада сақлаб туриш учун нефт ўзлаштиришга квота жорий қилиш механизмидан фойдаланади. Бу бизнинг соҳага мутлақ тўғри келмайди. Чунки бизнинг фаолиятимиз аниқ ва кескин шартлар битилган узоқ муддатлик келишувларга асосланади ва умид қиламизки¸ бундан кейин ҳам иш услубимиз ўзгаришсиз қолади¸ деди Газпром раҳбарларидан бири.

Таҳлилчилар¸ Медведевнинг бу гапида жон борлиги ва жаҳон бозоридаги нефт нархига таъсир кўрсатиш механизмлари мавжуд бўлсада¸ айни тажрибани табиий газ бозорига кўчиришнинг қийинлигини айтишади.

Шу боис¸ газ экспорт қилувчи давлат вакиллари¸ газчилар картелини тузишдан маъни йўқлигини таъкидламоқдалар.

Хусусан¸ Россия ëнилғи вазири Сергей Шматко¸ газ экспорт қилувчи давлатларни ягона форумга бирлаштиришдан мақсад газ экспортчилари ва импортчилари ўртасидаги ўйин қоидаларини белгилаб олиш эканини баëн қилди.

Жаҳондаги энг йирик табиий газ экспортчиси Россия бўлса¸ унинг энг йирик истеъмолчиларидан бири Европа Иттифоқидир.

Москва йиғини арафасида иттифоқ вакиллари¸ газ экспортчилари форумининг таъсис қилиниши¸ ўз манфаатларига зиëн етказиши хусусида хавотир билдирдилар.

Аммо Газпром матбуот вакили Сергей Куприяновга кўра¸ бундай хавотирларда асос йўқ.

- Биз Европа Иттифоқининг ягона ëнилғи сиëсатини ишлаб чиқиш¸ табиий газ таъминотчиларига нисбатан мувофиқлашган сиëсат юрғизиш ҳақидаги чақириқларни мунтазам эшитиб келамиз. Бу ҳам худди биз тузмоқчи бўлаëтган форумнинг айни ўзи эмасми?
Бизнингча¸ табиий газ экспортчилари ўртасидаги ҳамкорликни форум даражасида йўлга қўйишдан Европа Иттифоқи ҳам¸ Европа комиссияси ҳам фақат манфаат кўради¸ деди Куприянов.

Россия бош вазири Владимир Путин ҳам¸ Москвада тузилажак форумни ОПЕКка қиëслаш ва ундан кўзланаëтган асосий мақсад жаҳон бозоридаги табиий газ нархини ошириш экани ҳақидаги тахминларни асоссиз дея¸ рад этди.

Хабарларга кўра¸ янги форумга газ экспорт қилувчи ўндан ошиқ давлат аъзо бўлгани ҳолда¸ Россия¸ Эрон ва Қатарнинг янги форум ичида уч томонлама механизм яратишлари кутилмоқда.

Дунëдаги энг йирик табиий газ заҳиралари Россияда бўлса¸ бу борада иккинчи ва учинчилик Эрон ва Қатарга тегишлидир.

Хабарларда¸ дунëдаги йирик газ конларига эгалиги тахмин қилинадиган Туркманистоннинг янги форумга қўшилиш-қўшилмаслиги ҳақида ҳозирча бирор маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG