Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:45

“Ҳамас” ва “Фатҳ” ўртасидаги кескинлик кучаймоқда


Фаластин президенти хавфсизлик хизматининг Ғазодаги ўқув лагерига уюштирилган ҳужумда мухторият раҳбари Маҳмуд Аббоснинг қўриқчиларидан бири ўлдирилди ва бир неча киши жароҳатланди.

“Ҳамас” радикал гуруҳи вакиллари уюштиргани айтилаётган бу ҳужумдан сўнг Маҳмуд Аббосга содиқ кучлар унинг Ғазодаги идораси ва уйи олдида тўплана бошлади.

Ўз сафдошининг жасади олдида турган аскарлардан бири президентнинг ҳаракатсизлигидан ғазабланаётганини яширмади.

“Президент қўриқчиларига тегишли ўқув базасига миномётдан ҳужум қилишди. Қани адолат? Маҳмуд Аббоснинг қарори қани? Бу ҳужумлар тўхтатилиши керак”, - деди аскар.

Ҳукумат тепасида турган “Ҳамас” ҳаракати ва М.Аббос етакчилигидаги “Фатҳ” партияси вакиллари ўртасида жорий йилда бир неча марта жиддий келишмовчиликлар юз берди. Улар ўртасидаги энг сўнгги тўқнашувларга эса М.Аббоснинг муддатдан олдин президент ва парламент сайлови ўтказиш ҳақидаги баёноти сабаб бўлди. У ўз қарорини “Ҳамас” ва “Фатҳ” ўртасидаги рақиблик Фаластин ҳудудларини бошқариш имконини йўққа чиқаргани билан изоҳлади.

“Ҳамас” президентга ўз ваколатларини амалга оширишда тўсқинлик қилиш эмас, ёрдам бериши керак. Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаганидек, шаҳарда икки ҳоким бўлмайди. Мен бу ҳукуматнинг ҳокимият тепасига келиши ҳақидаги қарорни имзолаганман ва уни истеъфога чиқариш қарорини ҳам имзолашга ҳақлиман”, - деди М.Аббос.

У “Ҳамас” ва “Фатҳ” ўртасидаги курашни ҳал этишнинг энг тўғри йўли янгидан сайлов ўтказиш эканини қўшимча қилди.

“Ҳамас” президентнинг муддатдан аввал сайлов ўтказиш қарорини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. М.Аббоснинг қарори эълон қилингандан кейин “Ҳамас” етакчиларидан бири Маҳмуд аз-Заҳр: “Биз сайловда қатнашмаймиз ва унинг ўтказилишига рухсат бермаймиз. Ҳокимиятни биз бошқаряпмиз. Ҳукумат ҳеч қандай сайлов ўтказишга рухсат бермайди ва Марказий сайлов комиссияси ҳукуматга бўйсуниши керак. Агар биз сайловда қатнашмасак, ҳеч қандай сайлов ҳам бўлмайди”, - деди.

“Фатҳ”нинг юқори лавозимли мулозимлари агар муддатдан аввал президент сайлови ўтказилса, Маҳмуд Аббосдан ўз номзодини кўрсатишни сўрашларини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG