Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:50

Маҳмуд Аббос - сайлов ўтказиш тарафдори


Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос мухториятда муддатдан олдин президент ва парламент сайлови ўтказишга чақирди. У Фаластиннинг “Ҳамас” бошчилигидаги ҳукуматини тарқатиб юбориш учун конституциявий ҳуқуққа эга эканини айтди.

Жорий йил бошида ўтказилган парламент сайловида кутилмаганда ғалабага эришган, шу вақтгача Фаластинни бошқариб келган “Фатҳ” партиясининг гегемонлигига чек қўйган “Ҳамас” радикал ҳаракатининг ҳокимият тепасига келиши минтақадаги шундай ҳам чигал вазиятни янада чигаллаштирди. “Ҳамас” Исроил давлатчилигини тан олиш, зўравонликлардан воз кечиш ва Исроил билан аввал имзоланган шартномаларни бажаришдан бош тортди ва шу сабабли Ғарб давлатлари Фаластинга кўрсатаётган ёрдамини тўхтатди. Бу эса Фаластиндаги оғир ижтимоий ва иқтисодий бўҳронни янада кучайтирди. Хорижий ёрдамни қайта тиклаш учун президент Маҳмуд Аббос “Ҳамас”ни миллий ярашув ҳукумати тузишга ундади. Бироқ “Ҳамас” бу ишни пайсалга солиб келаётир.

Хорижлик ҳомийлардан тушган пулларни Мисрдан олиб келаётганида “Ҳамас” раҳбари ва айни пайтда Фаластин бош вазири Исмоил Хония тушган машиналар Ғазо секторидаги чегарада ўққа тутилди. Воқеада Хониянинг бир қўриқчиси ҳалок бўлди, унинг ўғли яраланди. “Ҳамас” вакили бу ҳужум учун “Фатҳ”ни айблади. Гарчи М.Аббос ўз партиясининг бу воқеага алоқаси йўқлигини таъкидлаган бўлса-да, “Ҳамас” ва “Фатҳ” ўртасидаги муносабат янада кескинлашди. Таҳлилчилар ҳатто Фаластинда фуқаролар уруши бошланиши мумкинлиги тўғрисида гапира бошлади.

Муддатидан олдин сайлов қачон ўтказилиши ҳозирча аниқ эмас. М.Аббоснинг юқори лавозимли ёрдамчиси Соиб Ариқат қонунчилик ва техник сабабларга кўра бу сайлов келаси йил ўрталаригача ўтказилмаслигини айтди.

У М.Аббос, аввало, парламент ва президент сайлови ўтказиш ҳақида фармон чиқариши кераклигини, шундан сўнг овоз берувчилар рўйхати тузилиши, бунинг учун камида 90 кун лозим бўлишини билдирди.

“Техник жиҳатдан сайловни 2007 йил ўрталаригача ўтказиб бўлмайди”, - деди С.Ариқат.

“Ҳамас” етакчилигидаги ҳукумат М.Аббоснинг муддатдан олдин президент ва парламент сайлови ўтказиш ҳақидаги қарорини кескин қоралади. “Ҳамас” президент қарорини “Фаластин халқи иродасига қарши давлат тўнтариши” сифатида баҳолади.

Фаластин ташқи ишлар вазири ва “Ҳамас”нинг юқори лавозимли расмийси бўлган Маҳмуд Аз-Заҳар муддатидан олдин сайлов ўтказилишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

“Биз бундай сайловда қатнашмаймиз ва унинг ўтказилишига йўл қўймаймиз. Бу биз учун қабул қилиб бўлмас ҳол. Биз ҳукуматни бошқаряпмиз. Ҳукумат эса ҳеч қандай сайлов ўтказмайди ва Марказий сайлов комиссияси билан ҳам ҳамкорлик қилмайди. Агар биз ҳамкорлик қилмасак, амалда сайлов ўтказиб бўлмайди”, – деди “Ҳамас” расмийси.

“Рейтер” ахборот агентлигининг билдиришича, Фаластиннинг конституция сифатида қўлланиладиган асосий қонунида муддатидан олдин сайлов ўтказиш назарда тутилмаган. “Фатҳ” гуруҳи расмийлари президент фармон чиқариш орқали бундай сайлов ўтказиш ҳуқуқига эга эканини иддао қилмоқда. Бироқ “Ҳамас” бу ноқонуний бўлишини таъкидламоқда.

М.Аббоснинг янги ташаббусига биринчи бўлиб Исроил муносабат билдирди. Тел-Авив расмийлари мўътадил сиёсатчи ҳисобланган М.Аббоснинг қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Исроил ҳукумати Исроил билан зўравонликка бормасдан сўзлашувлар ўтказишга муваффақ бўлган мўътадил фаластинликларни қўллаб-қувватлайди. Абу Мазин, яъни Маҳмуд Аббос шундай раҳбардир”, - деди Исроил ҳукумати матбуот вакили Мири Эйсен хоним “Франс пресс” ахборот агентлигига.

АҚШ расмийлари ҳам Фаластин раҳбарининг муддатдан олдин сайлов ўтказиш чақириғини қувватлаб, сайлов Яқин Шарқ тинчлик музокараларини қайта давом эттиришга ёрдам беришини таъкидлади.

Яқин Шарқ бўйлаб сафарини давом эттираётган Буюк Британия бош вазири Тони Блэр ҳам Маҳмуд Аббос қабул қилган қарорни қўллаб-қувватлашини айтди. У Исроил ва фаластинликлар зўравонликни тўхтатиб, қайта сўзлашувлар бошлаш ҳақида қарорга келиши учун яқин кунлар муҳим аҳамиятга эга бўлишини айтди.
XS
SM
MD
LG