Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:34

Эрон ва Ироқ ўзаро муносабатларни тиклашга уриняпти


Теҳронга икки кунлик ташриф билан борган Ироқ президенти Жалол Талабоний Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод билан учрашувда Ироқда хавфсизликни таъминлаш борасида Эрон ёрдамига умид қилди.

Ж.Талабоний Ироқда терроризмга қарши кураш, хавфсизликни таъминлаш ва барқарорликни қайта тиклашда Эрон Ироқ ҳукуматига ёрдам беришига умид билдирди. Ўз навбатида, М.Аҳмадийнажод ҳам ўз мамлакати Ироққа қўлдан келганча ёрдам кўрсатишини айтди. У “Ироқнинг илғор ва кучли бўлиши нафақат Ироқ, балки Эрон манфатларига ҳам тўғри келиши”ни таъкидлади.

Ж.Талабонийнинг Эрон олий диний раҳбари оятулло Али Ҳуманаий билан учрашувини ёритган Теҳрон телевиденияси Ироқ Эрон ëрдамига муҳтож эканига урғу берди. Эрон телевидениеси Ж.Талабонийнинг “хавфсизлик ва барқарорлик борасида Ироқ Эрондан мадад кутиши” ҳақидаги сўзларини келтирди.

Ж.Талабонийнинг бу сафари 1980-1988 йиллардаги Эрон-Ироқ урушидан кейин Ироқ давлат раҳбарининг Эронга илк ташрифидир.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий ҳам шу йилнинг сентябрь ойида Теҳронда бўлиб, икки давлат ўртасидаги узилган ришталарни бойлашга ҳаракат қилган эди.

Таҳлилчи Бил Самий бу ришталарнинг боғланиши учун олий даражадаги раҳбарнинг расмий ташрифи зарур бўлганини айтади.

“Эрон Ироқдаги шиа қадамжоларини таъмирлашда ва у ерда савдо-сотиқни ташкил этишда катта хизмат қилди. Ўшанда улар Ироқдаги қўшни ҳудудларни ўз электр тармоғига улади. Ироққа табиий газ ва нефть етказиш ҳақида ҳам гап-сўзлар бор. Ироқ президентининг Эронга ташрифи айни муддао бўлди, деб ўйлайман. Бу биринчи ташрифдир. Ўйлайманки, бу охиргиси бўлмайди”, - дейди таҳлилчи.

Ироқ раҳбарининг Теҳронга ташрифи Эрон-АҚШ муносабатлари учун ҳам муҳимлигини айтаётганлар бор.

Расмий Вашингтон Эронни Ироқдаги шиа жангариларни қўллаётганликда айблаб келади. Аммо Эрон мулозимлари бу айбловларни инкор қилади.

26 ноябрь куни Эрон президенти М.Аҳмадийнажот ўз мамлакати АҚШ қўшинлари Ироқни тарк қилгандан сўнггина Ироққа кўмак беришини айтди.

28 ноябрь куни эса АҚШ президенти Жорж Буш расмий Вашингтоннинг Теҳрон олдига қўйган талаблари ўзгармаганини билдирди. Бу талабларнинг биринчиси Эрон ядро қуроли яратиш учун уранни бойитиш жараëнини тўхтатиши кераклиги ҳақидадир.

Айрим кузатувчилар расмий Теҳрон Ж.Талабонийнинг ташрифидан ўзининг минтақадаги ролини ошириш учун фойдаланаётгани ҳақида фикр билдирмоқда.

Эрон мулозимлари Теҳроннинг минтақадаги мавқеини кўз-кўз қилиш учун Эрон-Ироқ учрашувига Сурия президенти Башар Асадни таклиф қилишга уринди. Аммо Б.Асад бу таклифни жавобсиз қолдирди.

Айни пайтда Эрон мулозимларини Эрон-Ироқ ўртасидаги 1,5 минг километрлик чегарадаги хавотирли вазият кўпроқ ташвишга солмоқда.

Америкалик таҳлилчи Алекс Ватанка Эрон Ироқдаги тажовузларни тўхатишга қодир эмас, деб ҳисоблайди.

“Америка тарафи, асосан, пиар мақсадларда Эрон Ироқдаги шиа гуруҳлари устидан назорат қилаëтганини бўрттириб кўрсатади. Мен эронликлар ва сурияликлар Ироқ тақдирини назорат қилмоқда, деб ўйламайман. Эрон ва Сурия бу ҳудудда асосий ўйинчидай бўлиб кўринишга тиришмоқда, аммо улар имкониятлари ҳақида ўз фойдасига бўрттириб гапирмоқда”, - дейди А.Ватанка.

Куни-кеча БМТ бош котиби Кофи Аннан Ироқ фуқаролар уруши бўсағасида эканини билдирди. Оқ уй эса Ироқ жангарилари фаоллашганини тан олса ҳам вазиятга “фуқаролар уруши” ëрлиғини ëпиштиришга эрта эканини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG