Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:22

"Ядровий клуб"нинг ҳафсаласи пир бўлди


БМТ бош котиби Кофи Аннан Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи зона яратиш келишувининг имзоланганини тинчлик ва хавфсизлик йўлида қўйилган муҳим қадам ўлароқ баҳолаб, уни олқишлади.

“Ядровий қуроллардан холи зона яратилиши, ядровий қуролларни тарқатмаслик ҳаракатлари дунё ва минтақалар тинчлиги ва барқарорлигига катта ҳисса қўшади”, - дейилади БМТ раҳбарининг баёнотида.

Ўзбекистон, Тожкикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида Марказий Осиёни ядровий қуроллардан холи зона деб эълон қилиш тўғрисидаги шартнома 8 сентябрь куни Семипалатинск шаҳрида имзоланган эди. Мазкур ҳужжатни имзолаш билан минтақа давлатлари ядровий қурол ишлаб чиқариш, уни сотиб олиш ёки ўз ҳудудида жойлаштиришни тақиқлаш масъулиятини зиммасига олди. Келишувнинг имзоланиши собиқ иттифоқ даврида 40 йил давомида ядровий синовлар майдони бўлган Қозоғистондаги Семипалатинск ҳарбий полигони ёпилганининг 15 йиллигига тўғри келди.

Ҳужжат имзолангандан сўнг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов: “Давлатларимизнинг ядровий қуролдан холи ҳудуд яратиш интилишларини ҳозирча дунёдаги барча мамлакатлар ядровий қуролларни тарқатмаслик келишувига қўшилмагани билан изоҳлаш мумкин. Минтақамизга бевосита қўшни давлатларнинг баъзилари ядровий қуролни қўлга киритишга уринаётгани ҳам бизни хавотирга солмай қўймайди”, - деди.

Ўзбекистон вазири назарда тутаётган “қўшни давлатларнинг баъзилари” Эрон эканини пайқаш қийин эмас, албатта. Жаҳонни ўз ядровий дастури билан хавотирга солаётган Шимолий Корея минтақадан бирмунча узоқроқ жойлашган ва бевосита қўшнилар сирасига кирмайди.

Эрон билан унинг ядровий дастури ва бу дастур ядровий қуролларни ишлаб чиқишда ишлатилиши мумкинлиги борасида “ёқалашаётган” АҚШ Марказий Осиё мамлакатлари ташаббусидан ҳафсаласи пир бўлиб, уни тан олувчи протоколни имзоламади. Келишувни тан олмаётганлар орасида расман ядровий давлатлар ҳисобланмиш Буюк Британия ва Франция ҳам бор.

Душанба куни АҚШ ҳукумати бу борада расмий баёнот бериб, мазкур келишувнинг камчиликлари борлигидан таассуф билдирди.

Американинг Қозоғистондаги элчихонаси берган баёнотда мазкур келишувдан аввал имзоланган халқаро келишувлар ундан устун бўлиши мумкинлиги Марказий Осиёда ядровий қуроллардан холи зона яратиш келишувининг асосий мақсадига мос келмаслиги айтилади.

Лондонда жойлашган Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи мутахассиси Жон МакКлауд Марказий Осиё давлатларининг аксарияти Россия билан унинг ядровий қуролларини ўз ҳудудларида жойлаштириш ҳақида илгаридан келишувга эгалиги, Семипалатинскдаги ҳужжатда эса аввалги келишувларни бекор қилиш айтиб ўтилмаганини билдирди.

“Ядровий клуб”даги Ғарб давлатлари мазкур келишувни тан олмаганига сиёсий эмас, балки техник сабаблар бор. Бу ҳужжат аввалга шартномаларнинг бекор қилинишини назарда тутмайди. Аввалги келишувлар эса Россия ядровий қуролларининг Марказий Осиё мамлакатларида жойлаштирилишига йўл очиб беради. Менимча, айнан шунинг учун АҚШ, Франция ва Буюк Британия келишувнинг бундай қонуний нуқсонлари борлигидан ҳафсаласи пир бўлган. Албатта, Россиянинг Марказий Осиёга ядровий қурол жойлаштириши эҳтимоли бугунги кун воқелигидан жуда йироқ, лекин эзгу мақсадларни кўзловчи келишувда иккиюзламачиликка йўл қўйилгани бу каби ҳужжатларга путур етказади,”,- деди Жон МакКлауд.

Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон имзолаган келишувни “ядровий клуб” аъзоларидан Россия ва Хитой қўллаб-қувватлади, холос.

Россиялик мустақил таҳлилчи Павел Фельгенгауэр ядровий қуроллардан холи макон яратиш ҳақидаги келишувлар “одатда рамзий маънога эга бўлиши, лекин “ядровий клуб”нинг барча аъзолари уни тан олмагунча юридик кучга эга бўлмаслиги”ни таъкидлади.

“Бу келишувлар одатда стандарт кўринишда бўлади. Бунақа келишувлар Лотин Америкаси, Тинч океани мамлакатлари ва бошқа минтақаларда имзоланган. Бир пайтлар бундай келишувларни имзолаш урфга кирган эди. Ядровий давлатлар тегишли протоколларга имзо чекиб, уни тан олиши керак. Ўтган ҳафта имзоланган келишув эса ҳозирча тан олинмагани боис ҳеч қандай юридик кучга эга эмас”, - дейди россиялик таҳлилчи.

8 сентябрь куни Семипалатинскда чиқиш қилган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов имзоланган келишув Марказий Осиё минтақасининг геостратегик аҳамияти кундан-кунга ошиб бораётгани нуқтаи назаридан ҳам муҳимлигини таъкидлаганди.

Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг бу сўзларини “Марказий Осиё ядровий давлатлар ҳисобланмиш Россия ва Хитойнинг шундоққина биқинида жойлашган ва керак бўлиб қолганда эҳтимолий рақиб, яъни қолган ядровий давлатлар, масалан, АҚШ ўз ядровий қуролларини бу минтақада жойлаштириши мумкин, имзоланган келишув эса бунга йўл қўймайди” тарзида талқин қилиш мумкин.

Жон МакКлауд эса ҳозирги даврда Россия ва Америка ёки бошқа ядровий давлатлар ўртасида 1962 йилдаги Кариб бўҳронига ўхшаш вазият вужудга келиши эҳтимолдан жуда-жуда йироқлигини айтади.

“Хавфсизлик нуқтаи назаридан Марказий Осиё АҚШ учун энг идеал минтақа эмас. Бундан ташқари, Россия ёки Америка ўз ядровий қуролларини бир-бирига яқин жойлаштиришга уриниши, назаримда, ўтмишда қолиб кетган сценарийлар сирасидандир. Боз устига, бугунги кунда бунга эҳтиёж ҳам қолгани йўқ. Чунки Россиянинг Сибирдаги, Американинг эса ғарбий штатларидаги ракеталари бемалол бир-бирининг ҳудудларидаги нишонларга етиб бориш имкониятига эга. Шунинг учун бугунги кун воқеалиги бир-бирининг биқинига ядровий қуролларни жойлаштиришни тақозо қилмайди”, - дейди Жон МакКлауд.

Марказий Осиёда ядровий қуроллардан холи зона яратиш келишуви Семипалатинскда имзоланди. Совет даврида Қозоғистон даштларидаги бу полигонда 40 йил давомида олиб борилган ер усти ва ер ости синовларида 500га яқин атом бомбаси портлатилган.
XS
SM
MD
LG