Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:22

Ливанда кенг кўламли қайта тиклаш ишлари бошланиш арафасида


БМТ икки ҳафта ичида Ливан жанубига уч ярим минг аскардан иборат халқаро тинчликпарвар кучлар жойлаштирилиши мумкинлигини билдирди. Исроил армияси ва “Хизбуллоҳ” партизанлари ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга риоя қилмоқда. Айни пайтда, Ливанда қайта тиклаш ишлари бошланди. Халқаро ҳамжамият ва мусулмон давлатлар Ливанни қайта тиклашда ёрдам беришни ваъда қилмоқда. Уруш энг кўп вайрон қилган Байрут шаҳри туманлари ва Ливан жанубидаги қайта тиклаш ишларида “Хизбуллоҳ” ташаббусни ўз қўлига олишга уринмоқда.

Ливаннинг жанубий минтақалари ҳамда Байрут ташқарисидаги Исроил учқичлари бомбардимон қилган туманларга минглаб аҳоли секин аста қайта бошлади. Ливан ҳукумати эса бир ой давом этган уруш ҳаракатларидан кўрилган зарар хажмини аниқлашга киришди.

Ливаннинг Тараққиёт ва қайта қуриш ишлари раҳбари Фадл Шалак 16 август куни уруш ҳаракатлари оқибатида Ливанга уч ярим миллиард доллар хажмида зарар етганини билдирди. Фадл Шалакка кўра, Ливандаги уйлар вайрон бўлишидан мамлакатга икки миллиард, кўприклар, йўллар, электр станциялари каби инфраструктуралар бузилгани оқибатида бир ярим миллиард доллар ҳажмида зарар етган. Шалак хусусий ширкатлари ва тижоратчиларга қанча зарар етгани ҳозирча аниқ эмаслигини айтди.

Дастлабки маълумотларга кўра, бир ойлик уруш давомида Ливандаги 100та кўча ва 70та кўприкка зарар етган. Қанча турар жой биноси вайрон бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Бироқ “Хизбуллоҳ” 15 минг уй вайрон бўлгани ва ундан ҳам кўп уйга зарар етганини айтмоқда.

Байрутдаги “Дорул Ҳаят” газетаси мухаррири Зухир Ксейбатига кўра, “Хизбуллоҳ” урушдан кўрилган зарарни аниқлаш, йўлларни тозалаш, урушда уйлари бузилган одамларга янги ёки вақтинчалик уй топиб беришга киришган.

“Хизбуллоҳ” раҳбари Шайх Ҳасан Насруллоҳ телевидение орқали қилган чиқишида уйлари бузилган одамларга зудлик билан товон пули тўланишини ваъда қилган.

Ливан ҳукумати ҳам қайта қуриш ишларини бошлаб юборди. Бироқ Ксебатига кўра, Эрон ва Суриядаги шиалари томонидан молия билан таъминланаётган “Хизбуллоҳ” қайта қуриш ишларида Ливан ҳукумати билан рақобатлашмоқда:

“Ҳозирча кўп нарса аниқ эмас. Аммо “Хизбуллоҳ” раҳбари Насруллоҳ ўз гуруҳи бузилган уйларни ҳукумат қайта қуриб беришини кутиб ўтирмаслигини айтди. Улар ҳукумат қачон иш бошлашини кутиб турмаслиги аниқ”, – деди Ливанлик журналист.

Айни пайтда, Ксебати қайта қуриш ишларида “Хизбуллоҳ”нинг қўли баланд келяпти, дейишга вақт ҳали эрта.

Ливан жанубидаги “Хизбуллоҳ” раҳбари Набил Кавук ўз гуруҳи урушда ғалаба қозонганини таъкидлаб қайта тиклаш ишлари бошланишини айтди:

“Душманни мағлубиятга учратиб биз ғалабага эришдик. Хасан Насруллоҳ чақириғига жавобан биз ғалаба қозонганимизни эълон қиламиз ва Исроил босқинидан кейин қайта тиклаш ишарини бошлаймиз”, – деди “Хизбуллоҳ” вакили.

Айни пайтда, Швеция ҳукумати 31 август куни Ливанга гуманитар ёрдам кўрсатиш масаласига бағишланган халқаро анжуманга мезбон бўлишини эълон қилди. Стокголмда ўтадиган анжуманга 60дан ортиқ давлат расмийлари таклиф этилган.

20 август куни эса Араб Лигаси Бош қароргоҳи жойлашган Мисрнинг Қоҳира шаҳрида Араб давлатлари Ташқи ишлар вазирлари учрашиб, Ливанни қайта тиклашда ёрдам беришга бағишланган Саммитни ташкил этиш масаласини мухокама қилишлари режаланган.

Шунингдек, Франция Ташқи ишлар вазири Филип Дуст-Блази Байрутга сафар қилмоқда. 16 август куни Дуст-Блази Исроилни Ливанга қарши жорий қилган чекловни бекор қилишга чақирди:

“Ливанга нисбатан жорий этилган денгиз ва ҳаво қатнови блокадасининг бекор қилиниши мамлакатни қайта тиклаш ва иқтисодиётни оёққа турғазишда ўта муҳим аҳамиятга эга”, – деди Франция Ташқи ишлар вазири.

Дуст-Блази Ливан расмийлари билан мамлакат жанубига Франция ҳарбийларини жойлаштириш масаласини муҳокама қилмоқда. Исроил ва “Хизбуллоҳ” ўртасидаги урушга чек қўйган БМТ Хавфсизлик кенгаши қарорига кўра, Ливан жанубига 15 минг ливанлик ҳарбий жойлаштирилади. Исроил армияси қисмлари эса мамлакатдан олиб чиқилади.
XS
SM
MD
LG