Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:35

Эронга муддат белгиланадиган бўляпти


БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия Эроннинг уранни тўхтатиш ишларини тўхтатиши бўйича муддат белгилаш ҳақида БМТ резолюциясини қабул қилишга келишиб олди.

Халқаро ҳамжамият бир неча ойдан бери Эронни уранни бойитиш ишларини тўхтатишга чақириб келмоқда. Бироқ Эрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлаганини таъкидлаб, халқаро ҳамжамият талабини бажаришдан бош тортиб келаётир.

Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари - АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия ва Хитой, шунингдек, Германия вакиллари Эронга муддат бериш ҳақида ўзаро келишувга эришгунга қадар бир неча ҳафта давомида қизғин музокаралар олиб борди.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон энди Эрон икки йўлдан бирини танлаши айтди.

“Мазкур резолюция ташқи ишлар вазирлари, жумладан, АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс бир неча марта айтиб ўтганидек, Эронга икки йўлдан бирини танлаш талабини қўяди. Эрон биринчи йўлни танласа, уранни бойитиш ишларини тўхтатиб, Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана 6 июнь куни тақдим этган ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик таклифларини амалга ошириш масаласини муҳокама этиши керак бўлади. Агар Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги талабни бажаришдан бош тортса, Эрон ўзини халқаро ҳамжамиятдан кўпроқ изоляция қилиб, иқтисодий ва сиёсий босимга учрайди”, - деди Жон Болтон.

Резолюция лойиҳаси Эрондан Атом энергияси халқаро агентлиги талабларини бажаришни ҳам кўзда тутади. Ҳужжатда агар Эрон халқаро ҳамжамият талабини 31 августга қадар бажармаса, “тегишли чоралар кўриш” учун бу масала БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилиши билдирилган.

Россия ва Хитой талаби билан резолюция лойиҳасидаги матн аввалгисига қараганда анча юмшоқ тилга ёзилди. Аввалги лойиҳада агар қўйилган талаб бажарилмаса, Эронга нисбатан дарҳол санкциялар жорий этиш назарда тутилган эди.

Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин буни алоҳида таъкидлади.

“Мазкур резолюцияни санкциялар резолюцияси, дейиш ҳаммани кўзланган мақсаддан ва резолюциянинг асл мазмунидан чалғитади”, - деди В.Чуркин.

Теҳрон расмийлари Эроннинг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлаганини таъкидлаб, резолюция қабул қилинишига қарши эканини билдирган. Ғарб давлатлари эса Эрон ядровий қурол яратишга уринмоқда, деган фикрда.

28 июль куни АҚШ президенти Жорж Буш Эрон бундай мақсадга ета олмаслигини таъкидлади.

“Менинг Эронга айтадиган гапим шу: ядровий қурол яратиш ва унга эга бўлиш ниятидан воз кечинг”, – деди АҚШ раҳбари.

БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари резолюция қабул қилиш масаласини келаси ҳафта муҳокама этиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG