Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:46

Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун муҳим минтақа


Европа Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича мутасаддиси Андрис Пибалгс ўтган ой Қозоғистонга сафар қилди. Унда Қозоғистон ва Туркманистон билан ЕИ ўртасида узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

А.Пибалгснинг Қозоғистонга сафарини айрим таҳлилчилар ЕИнинг ўзига янги энергия манбалари қидираётгани ўлароқ талқин қилди. Зеро, жорий йил бошида Россия Украинага газ етказиб беришни тўхтатгани ЕИга аъзо баъзи давлатларга ҳам салбий таъсир этган эди.

Қозоғистонга сафари борасида “Озодлик” мухбирига интервью берган А.Пибалгс Марказий Осиё ЕИнинг газга бўлган эҳтиёжининг ўн фоизини қондириши мумкинлигини, ЕИ бу соҳада, биринчи навбатда, Қозоғистон, сўнг Туркманистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаётганини билдирди.

“Ҳозирги босқичда гап Қозоғистон, сўнг Туркманистон тўғрисида боряпти. Ўзбекистон “Газпром” билан узоқ муддатли шартномалар имзолаган. Бундан ташқари, Ўзбекистон газининг сифати жуда яхши эмас. Такрор айтаман, ҳозирги босқичда Қозоғистон билан, кейинроқ Туркманистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишни мўлжаллаяпмиз”, – деди ЕИ расмийси.

А.Пибалгс Марказий Осиё гази Европага етиб бораётгани, аммо бу газ Россия каби воситачилар орқали олинаётганини айтади. Унинг сўзларига кўра, ЕИ давлатлари ҳамкорлардан ишончли йўл орқали газ сотиб олишни хоҳлайди. Шу боис, тузилма Марказий Осиё нефть ва газини Каспий денгизи орқали Озарбойжон, сўнгра Туркия ҳудудидан Европага етказиш лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда.

А.Пибалгс ЕИ Каспий минтақасига анча кеч кириб келганини тан олди.

“Биз бу минтақа потенциалини анча вақт назар-писанд қилмадик, фаоллик кўрсатмадик. Шу боис, Боку-Тбилиси-Жайҳон қувури лойиҳаси, асосан, АҚШ қўллаб-қувватлаши билан амалга ошди. Адолат юзасидан гапирадиган бўлсам, Марказий Осиё ресурсларини Европа бозорига олиб келишни аввалданоқ АҚШ қўллаб-қувватлаган эди”, – деди А.Пибалгс.

Унинг айтишича, Каспий орқали қувур тортиш ва унинг қачон ишга тушиши маълум эмас. Ҳозир ЕИ бу лойиҳани амалга ошириш мумкин ёки мумкин эмаслигини ўрганиш ишларини молиялаштирмоқда. Бироқ бу лойиҳани хусусий ширкатлар амалга ошириши керак бўлади.

А.Пибалгс ЕИнинг Марказий Осиёдаги асосий рақобатчиси Россия эмас, балки Хитой эканини таъкидлади.

“Менимча, рақобат босими, асосан, Россиядан эмас, Хитой томонидан бўляпти. Чунки Россия истеъмолчи эмас. Россия фақат транзит йўлини таклиф қилади ва газнинг бир қисмидан ўзининг кимё саноатида фойдаланади. Қозоғистон учун бир томонда Европа Иттифоқи, иккинчи томонда Хитой каби иккита яхши харидорга эга бўлиш жуда муҳим. Россия Қозоғистон учун муҳим. Қозоғистон ҳукумати Россия билан ҳар доим яхши муносабатда бўлиб келишга ҳаракат қилишини биз сиёсий жиҳатдан яхши тушунамиз. Бунинг ёмон томони йўқ”, - деди ЕИ амалдори.

А.Пибалгс энергия эвазига ЕИ Марказий Осиёдаги автократ раҳбарлар билан юмшоқ муомалада бўлиши ҳақидаги хавотирларни кескин рад этди. Унинг таъкидлашича, ЕИ демократия ёки инсон ҳуқуқлари масалалари борасида ҳеч қачон “савдолашмайди”. У фақат ҳалол савдодан манфаатдор.

“Биз ресурслар берилишини сўраб илтижо (тиланчилик) қилаётганимиз йўқ. Биз европалик харидорларга ресурслар сотиш имкониятини яратяпмиз. Бунинг учун улар ҳақ тўлайди. Бу шунчаки хайрия эмас, бизнес лойиҳаси. Дунёда ҳар қандай таъминотчини бошқаси билан алмаштириш мумкин”, – деди А.Пибалгс ва бу гап Россияга ҳам тегишли эканини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG