Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:45

Эрон президентининг таҳдиди Теҳронни янада яккалаб қўйиши мумкин


Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот агар наф бўлмаса, Теҳрон Атом энергияси халқаро агентлигига аъзолик ва Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик шартномасидан чиқиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

“Бизнинг сиёсат атом қувватидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик шартномаси ва Атом энергияси халқаро агентлиги доирасида фаолият юритишдир. Агар бу борада ҳуқуқимиз бузилса ёки улар бизни қабул қилишни хоҳламаса, биз ўз сиёсатимизни қайта кўриб чиқамиз”, - деди Эрон президенти.

У Эрон махфий тарзда ядровий қурол яратишга уринаётгани ҳақидаги Ғарб давлатлари иддаосини яна бир бор рад этди.

Сешанба куни Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Али Ларижоний ҳам агар БМТ Хавфсизлик кенгаши мамлакатга нисбатан санкция жорий этса, Теҳрон Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорликни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирди.
“Агар санкциялар жорий қилсангиз, Эрон агентлик билан алоқаларни тўхтатишини мен аниқ ва очиқ айтдим. Санкция натижаси шундай бўлади. Бу муаммони ҳал этишда ёрдам берадими? Агар сиз Эроннинг ядро дастури халқаро келишувлар доираси бўлишини хоҳласангиз, Эрон билан ана шу шартнома доирасида келишувга эришишингиз керак бўлади. Сиз бизга нима қилишимиз кераклигини ўргата олмайсиз”, - деди А.Ларижоний.

Шунингдек, Али Ларижоний агар Ғарб давлатлари Эронга нисбатан кескин чоралар кўрса, Эрон ўзининг ядровий дастурини яширин ҳолда амалга оширишга киришиши мумкинлигини айтди.

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари Эрон ядро дастурини амалга ошириши мумкин, аммо ядровий қурол яратмаслиги керак, деган фикрда эканини билдирди.

“Эрон атом қувватидан тинчлик мақсадларида фойдаланиши мумкин. Бироқ Эрон тинчлик мақсадларини кўзлаган дастур ортида ядро қуроли яратиш технологияларига эга бўлишини ҳеч ким хоҳламайди”, - деди давлат котиби.

К.Райс Атом энергияси халқаро агентлиги билан алоқани тўхтатиш ҳақидаги Эрон президентининг таҳдиди мамлакатни халқаро ҳамжамиятдан янада яккаланишига олиб келишини таъкидлади.
“Менимча, Эроннинг баёноти мамлакатни халқаро ҳамжамиятдан янада яккалаб қўяди. Дунё сиздан ядровий дастурингиз атом қуроли яратишга эмас, балки тинчлик мақсадларига қаратилганини исботлашни талаб қилди. Шу боис, Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорликни тўхтатиш, халқаро мажбуриятингизни бажармаслик ҳақида огоҳлантириш билан халқаро ҳамжамиятга таҳдид қилиш охирги икки йил давомида биз кузатиб келаётган Эронга хос хатти-ҳаракатдир”, - деди К.Райс.

Атом энергияси халқаро агентлиги 28 апрель куни Эрон ўзининг уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги БМТ талабини бажаргани ёки бажармагани тўғрисида Хавфсизлик кенгашига ҳисобот беради. Шундан сўнг Теҳронга босимни кучайтириш масаласида муштарак сиёсат юритиш учун кенгаш аъзолари ўртасида музокара бошланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG