Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:42

Эрон Фаластинга ëрдам қўлини чўзди


Эрон Фаластин мухториятига 50 миллион АҚШ доллари миқдорида ëрдам беради. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий расман маълум қилди.

М.Муттақий Фаластинга бундай кўмак кўрсатиш “Эрон учун фарз” эканини таъкидлади. Аммо бу маблағ қачон ва қай тарзда мухторият хазинасига тушиши борасидаги тафсилотларга тўхталмади. Шунингдек, вазир “халқаро жамоатчилик ва ислом дунëси Фаластин ҳукумати дуч келаëтган кундалик муаммолар ечимида ëрдам кўрсатиши керак”лигини айтди.

Фаластин мухториятида иқтидорга келган “Хамас” гуруҳи вакили Сами Абу Заҳрий Эрон ëрдамидан миннатдор эканини билдирди.

“Бугун Эрон Фаластин халқини қўллаб-қувватламоқда. Биз, “Хамас” ҳаракати вакиллари, Эроннинг Фаластин халқига кўрсатган моддий ëрдамини жуда юқори баҳолаймиз. Араб ва ислом дунëсидан келаëтган кўмак Ғарб оламининг фаластинликларга ëрдам бермай қўйгани ва Исроил ишғолига қарши ўзига хос муносабатдир”, - деди Заҳрий.

“Хамас” радикал гуруҳи ҳокимият тепасига келгандан сўнг АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи мухториятга кўрсатаëтган молиявий кўмагини музлатгани ва Исроилнинг божхона тушумларидаги Фаластин улушини бермай қўйганидан кейин мухторият бюджетида жиддий танглик вужудга келган.

Айни пайтда Эрон Фаластинга ëрдам беришни истаëтган ягона давлат эмас. Ўтган ҳафтада Россия ҳам Фаластиннинг янги ҳукуматига зудлик билан ëрдам берилишини билдирган эди.

Дубайдаги сиëсий тадқиқотлар марказининг минтақа бўйича мутахассиси Мустафо Аланийнинг таъкидлашича, Ғарбнинг Фаластиндан узоқлашиши минтақада Эрон таъсири кучайишига олиб келади.

“Хамас”нинг ҳокимият тепасига чиқиши Эрон учун қўл келди. Бу ҳол Фаластин муаммосининг узоққа чўзиладиган ечимида ўзининг улкан аксини топади. Эрон бундан буëн “Хамас”га таъсир қила оладиган кучга айланди”, - деди М.Аланий.

М.Аланий араб дунëсида шиа таъсиридан хавотир мавжудлигини таъкидлади.

“Эрон ëрдамини исломий бирдамлик сифатида баҳолаб бўлмайди. Бу Эроннинг стратегик қадамидир. “Хамас” суннийлар ҳаракати бўлса, Эрон шиалар давлати. Эроннинг Фаластонга кўмаги негизида диний туйғулар эмас, балки стратегик манфаат ëтади”, - деди М.Аланий.
XS
SM
MD
LG