Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:26

БМТ хавфсизлик кенгаши: Эрон 30 кун ичида уранни бойитиш ишларини тўхтатиши керак


БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси чоршанба куни Эрон уранни бойитиш ишларини 30 кун ичида тўхтатиши кераклиги ҳақидаги баёнотни бир овоздан қабул қилди. Баёнотда АҚШ олдин таклиф этган Эронга қарши санкциялар жорий этиш ҳақидаги жумлалар йўқ. Россия ва Хитой расмий вакиллари Эроннинг ядровий дастури хусусида юзага келган бўҳронни фақат дипломатик йўл орқали хал этиш керак, деган фикр билдирмоқда.

Хавфсизлик кенгаши баёнот қабул қилгандан сўнг Эроннинг БМТдаги элчиси Жавад Зариф Теҳрон расмийлари эътирозини яна бир карра билдириш учун матбуот анжумани ўтказди. Зариф мухбирларга ўз мамлакати ядровий қурол яратишга уринмаётганини айтди:

“Эрон халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишни хоҳлайди аммо босим ва таҳдидни қабул қилмайди. Аввал айтган гапларимни яна бир марта қайтараман: биз босим ёки тахдидни қабул қилмаймиз”.

Хавфсизлик кенгаши қабул қилган баёнотда агар Эрон уранни бойитиш фаолиятини тўхтатмаса қандай чоралар кўрилиши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Британиянинг БМТдаги элчиси Эмир Жоунес Перри БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо беш давлат Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслиги хусусида бир хил фикрда эканини айтди:

“Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси стратегик масалада, яъни, Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак, деган якдил фикрда. Иккинчидан, биз халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масъулиятини ҳар доим ўз зиммамизга олишга келишганмиз”.

Айни пайтда, БМТдаги Хитой элчиси Ванг Гуангя бу муаммони хал этишда Хавфсизлик кенгаши эмас, балки Халқаро атом энергияси агентлиги етакчи рол ўйнаши керак, деди. Мазкур агентлик Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги талабни бажарган ёки бажармагани тўғрисида 30 кундан кейин Хавфсизлик кенгашига ҳисобот беради.

Баёнот қабул қилинганидан хурсандмисиз, деб сўралганида Россиянинг БМТдаги элчиси Андрей Денисов бундай жавоб берди:

“Биз бу баёнотдан хурсанд бўлганимиз йўқ. Чунки бу одамни хурсанд қиладиган масала эмас. Бу Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган беш давлатнинг ҳаммасини чуқур ташвишга солаётган масала. Узоқ давом этган музокараларнинг энг муҳим натижаси ҳаммамиз бир фикрга келганимиздир. Биз аниқ ва жиддий огоҳлантирувчи ҳужжат ишлаб чиқдик ”.

АҚШ ва Европа Иттифоқига аъзо уч давлат, Британия, Германия ва Франция Эронга нисбатан қандай чора кўриш масаласи Хавфсизлик кенгашида муҳокама этилиши тарафдори.

Хавфсизлик кенгаши қабул қилган баёнот уч ҳафта олдин таклиф этилган матндан анча юмшоқ оҳангда бўлишига қарамай, БМТдаги АҚШ элчиси Жон Болтон ундан қониқиш ҳосил қилган кўринди.

“Баёнотда ҳамма нарса аниқ ва равшан ифода этилган. Биз эронликлар ўзлари айтган гапларни амалда бажаришини кутяпмиз. Улар Халқаро атом энергияси агентлиги аъзоси сифатида ўз зиммасига олган мажбуриятни бажармаяпти. Келгуси 30 кун давомида эронликлар нима қилишини билмайман. Аммо айтиб ўтганимдек, биз 31-кун шу ерда йиғилишга тайёргарлик кўрамиз” - деди АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон..

Эрон бажариши мажбур бўлмаган юмшоқ оҳангда ёзилган баёнот қабул қилиш учун Хавфсизлик кенгаши аъзолари орасида уч ҳафта мобайнида қизғин музокара олиб борилди. БМТдаги айрим дипломатлар Эрон бажариши мажбур бўлган талаблар ёзилган баёнот қабул қилиш учун эса ундан ҳам кўп вақт керак бўлади, демоқдалар.
XS
SM
MD
LG