Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:07

Ироқда янги ҳукумат тузиш яна қанчага чўзилиши мумкин?


Ироқда парламент сайловлари ўтказилганига икки ойдан кўпроқ бўлганига қарамай¸ сайловда ғалаба қозонган партиялар ҳамон янги ҳукумат тузишга муваффақ бўлмай келмоқда. Кейинги пайтларда мамлакатда юз бера бошлаган мазҳаблараро зиддиятлар янги ҳукумат ташкил этишни янада мураккаблаштирмоқда. Ироқ суннийлари ва курдлари шиа мазҳабига мансуб Бош вазир Иброҳим Жаъфарий етакчилигида тузиладиган янги ҳукуматда иштирок этмасликларини таъкидламоқдалар.

Бундан 10 кун олдин Ироқда шиалар зиëратгоҳи портлатилганидан кейин бошланган мазҳаблараро тўқнашувлар ҳамон давом этмоқда. 22 феврал куни аланга олган зиддиятлар оқибатида ҳозирга қадар тахминан 450 одам нобуд бўлди.

Ироқ ҳукумати портлаш ва тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида Бағдод кўчаларида хусусий машиналар қатновини бир кунга яна тўхтатиб қўйди. Бундай тадбирлар ва сиëсий шахслар ҳамда дин пешволарининг халқни тинчланишга чақиришлари зўравонликлар шиддатини секин-аста пасайтирмоқда¸ аммо бу уринишлар мамлакатда 2003 йилдан буëн биринчи бор рўй берган мазҳаблараро энг кескин зиддиятни бартараф этишга ожиз кўринади.

Ҳозир ушбу зиддият натижасида янги ҳукумат ташкил этиш масаласи ҳам мураккаблашмоқда. Курдлар¸ суннийлар ва дунëвий партиялар вакиллари шиалар коалицияси кўрсатган Бош вазир Иброҳим Жаъфарий раҳбарлагида тузиладиган янги ҳукуматни қўллаб-қувватламасликни билдирдилар.

Уларнинг таъкидлашича¸ Жаъфарий мазҳаблар ўртасида юз берган тўқнашувларнинг олдини олишга етали эътибор бермагани боис тартибсизликлар кўлами кенгайиб кетган.
Мустақил курд депутати Маҳмуд Усмон мазкур партиялар тутган йўлни бундай изоҳлайди.

“Биз¸ яъни Курдистон коалицияси¸ Ироқ суннийлари муроса жабҳаси¸ Доктор Ийад Алавий ва Миллий Ироқ тарафдорлари шиалар коалициясидан бошқа номзод кўрсатишни сўрадик¸ чунки жаноб ал-Жаъфарийга яна бир неча йил чидаш осон иш эмас¸ деб ўйлаймиз”¸ - дейди депутат Маҳмуд Усмон.

Унинг фикрича¸ мухолиф партиялар ҳукмрон Шиалар коалицияси ва Бирлашган Ироқ иттифоқи Жаъфарийни қўллаб-қувватлашни тўхтатиб¸ янги ҳукумат тузиш учун бошқа шахс номзодини кўрсатишлари керак.

Агар Шиалар коалицияси ал-Жаъфарийни қўллаб-қувватламаслик ҳақидаги талабни рад қилса¸ Ироқда янги ҳукумат тузиш иши яна ҳафталарга чўзилиши мумкин.

Жаъфарий шу бугунга қадар мазкур талабга эътироз билдириб келмоқда. Унинг ëрдамчиларидан Ҳайдар ал-Ибодий¸ “Жаъфарий билан шахсий хусуматда бўлган айрим томонлар бор¸ мисол учун Бирлашган Ироқ иттифоқи ҳали ҳам ўз номзодини ўтказишга интилмоқда”¸ деб таъкидлади.

Аммо Жаъфарий номзодини бекор қилишга уринаëтган томонлар¸ керак бўлса Бирлашган Ироқ иттифоқининг қўлловисиз ҳам ҳукумат ташкил этишга ҳаракат қилиш учун ягона иттифоқ тузишга тайëр эканликларини билдирди.

Сиëсий таҳлилчи Жаббор Қодирнинг Озодлик радиосига айтишича¸ курдларни Ироқда диний партияларнинг жамиятда шариат қонунларининг устун туришига ҳаракат қилаëтгани ташвишлантирмоқда. Жаъфарий шундай диний партиялардан бирининг раҳбаридир.

“Балки халқ ҳозирги ҳукуматда курдлар ал-Жаъфарий билан коалиция тузиб хато қилди¸ деб ўйлаши мумкин¸ чунки диний партиялар мамлакат сиëсий ва ижтимоий ҳаëти ҳамда ҳукумат бошқарувида диндан фойдаланади¸ бу эса курдлар партиялари ва жамоалари учун яхши иш деб ҳисобланмайди”¸ - дейди таҳлилчи Жаббор Қодир.
XS
SM
MD
LG