Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:51

Учрашув кун тартибида худкуш ҳужумлар масаласи


А.Арал 15 Феврал куни Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай икки кунлик амалий ташриф билан Покистон пойтахти Исломободга борди. Ташриф давомида Карзай Покистон Президенти Парвез Мушарраф ва Бош вазир Шавкат Азизлар билан учрашиб¸ хавфсизлик масалаларини муҳокама этишни режалаштирган. У шунингдек¸ Покистон ҳудудидан Афғонистонга ўтиб ҳужум содир қилаëтган қўпорувчилик¸ жумладан худкуш кимсалар учун масъулиятни Исломобод ўз зиммасига олиши кераклиги масаласини ҳам муҳокама этишини билдирди.

2001 йил ноябрида Афғонистонда АҚШ етакчилигида терроризмга қарши олиб борилган ҳарбий амалиëтлар натижасида Толибон режими қулади ва мамлакат ҳудудида жойлашган Ал-Қайда гуруҳи аъзолари тор-мор қилинди¸ ëхуд бир қисми мамлакатдан суриб чиқарилди. Аммо кўп ўтмай Толибон ва Ал-Қайда қолдиқлари Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош жанубий ва шарқий ҳудудларига таҳдид сола бошлади. Қаршиликни кун сайин кучайтирган террорчилар портлашларни амалга оширишга ва ҳужумлар қилишга утди. Кейинчалик бу ҳаракатлар худкуш ҳужумларга айланди.

Расмий Кобулга кўра¸ Афғонистонда худкуш ҳужумларни содир этаëтган террорчилар Покистон ҳудудидаги жанггарилар лагерларида тарбияланади. Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Исломободга қилган икки кунлик сафари давомида Покистон Президенти Парвез Мушарраф билан айни мавзуни муҳокама этишини таъкидлади.

Карзай Покистонга сафари олдидан: “Афғонистонда ноябр ойидан буëн содир этилган 15 худкуш ҳужумнинг аксарияти Покистон ҳудудида уюштирилган ”¸ - деб баëнот берди.

“Мен Покистонда мамлакат президенти ва ҳукумати билан терроризм масаласи хусусида музокалар олиб бораман. Мен¸ шунингдек¸ улар билан Қандаҳор¸ Пактия вилоятлари¸ Хўст ва Мозори Шариф каби шаҳарларда содир этилаëтган худкуш ҳужумлар ҳақида гаплашаман”¸ - деди Карзай сафар олдидан журналистларга берган суҳбатида.

Озодлик радиоси таҳлилчиси Амин Тарзийнинг айтишича¸ худкуш террорчиларнинг ҳужумлари Кобул билан Исломобод ўртасидаги муносабатларга рахна солмоқда. Расмий Кобул Покистонни бундай худкуш кимсалар билан алоқаси борликда айбламоқда.

“Кузатувчилар фикрича¸ 2001 йил охирларида Афғонистонда толибон ҳокимияти ағдарилганидан буëн Исломобод билан Кобул ўртасидаги муносабатлар анча совуди. Афғонистон Покистонни толибон ва бошқа жанггариларни қўллаб-қувватлаëтганликда ëхуд уларга қарши етарли чора кўрмаëтганликда айбламоқда. Бошқа томондан Покистон Афғонистонни Ҳиндистоннинг тахминан 400 аскарига Афғонистон-Покистон ўртасидаги чегарани назорат қилишга рухсат бергани учун очиқдан-очиқ танқид қилмоқда. Айни пайтда Исломобод Кобулни Покистон ҳудудидаги Балучистон сепаратчиларини қўллаб-қувватлаëтганликда қораламоқда”¸ - дейди таҳлилчи Амин Тарзий.

Дарҳақиқат¸ Покистоннинг ташқи сиëсатида Ҳиндистон бу мамлакатнинг эски рақиби ҳисобланади. Шу боис Кобул билан Ҳиндистон ўртасидаги савдо ва дипломатик муносабатлар Исломобод расмийларида шубҳа уйғотмоқда.

Айни пайтда¸ сўнгги уч ой ичида Афғонистонда содир этилган аксарият худкуш ҳужумлар учун жавобгарликни Толибон гуруҳи ўз зиммасига олгани Кобулнинг Исломободни танқид қилишига асос бўлди. Кобул Покистон ҳудудида жойлашган жанггарилар Афғонистонга ўтиб террор ҳужумларини содир этаëтганини иддао қилади.

Бўҳронлар олдини олиш халқаро гуруҳининг Кобулдаги тадқиқотчиси Жоанна Натан бу борада мана бундай фикр билдиради.

“Афғонистондаги исëнчилар ташқаридан-Покистондаги унсурлар томонидан қўллаб-қувватланиши очиқ-ойдин. Толибон етакчилари Покистонда яшайди. Тайëргарликлар Покистонда бўлади. Чегаралар очиқ. Одамлар бемалол ўтиб қайтиши мумкин”¸ - дейди Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вакиласи.

Покистоннинг Пешавор шаҳридаги сиëсий таҳлилчи ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Афросиëб Хатакка кўра¸ Афғонистон раҳбарининг Покистонга сафаридан мақсад мунасабатларни мустаҳкамлашдир.

“Карзайнинг Исломободга сафаридан асосий мақсад икки мамлакат ўртасида тинч ва барқарор муносабатларни мустаҳкамлашдир. Учрашувларда тарафлар иқтисодий¸ маданий ва сиëсий ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилиши катта аҳамият касб этади”, - деб фикр билдирди сиëсий таҳлилчи Хатак.
XS
SM
MD
LG