Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:09

Саддам Ҳусайн уч кундан бери очлик эълон қилганини айтди


14 феврал куни Бағдодда Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайн ва собиқ ҳукумат раҳбарлари устидан маҳкама жараёни давом этди. Судда айбланувчилар аввалги кунлардаги каби ҳакамга ўз норозиликларини билдириб, бақир-чақир қилдилар. Бош ҳакам суд йиғилишида 28 февралгача танаффус эълон қилди.


Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайн ва ҳукуматнинг яна етти собиқ раҳбари устидан бораётган маҳкаманинг 14 феврал кунги йиғилишида ҳакам ва айбланувчилар аввалги мажлисдаги каби бир-бирлари шаънига айбловлар ёғдирдилар. Саддам Ҳусайн суд залига яна худди президентлик давридаги каби бақириб, шиорлар айтиб кириб келди. Қора костюм кийиб олган Саддам Ҳусайн ҳакам қаршисида туриб “Аллоҳу акбар!”, “Яшасин буюк араб халқи!” - дея бақирди.

Шундан сўнг, Саддам Ҳусайн ва Бош ҳакам Рауф Рашид Абдул Раҳмон ўртасида аввалги мажлислардаги каби сўз уруши бўлди:

Саддам Ҳусайн: Нега бизга, айбланувчиларга гапириш учун имконият бермайсиз...
Ҳакам: Сизга етарлича имконият бердик.
Саддам Ҳусайн: Сизни Пол Бремер ишга ёллаган!
Ҳакам: Биз сизга...
Саддам Ҳусайн: Сизни Пол Бремер ишга ёллаган!

Саддам Ҳусайн маҳкамага мажбурлаб олиб келинганига норозилик тариқасида уч кундан бери очлик эълон қилганини айтди. Саддам Ҳусайн суд залидан ироқликларга қарата “ўз мамлакатингизни озод қилинг”, дея қичқирди.

Саратон касаллигига чалингани айтилаётган Саддамнинг ўгай укаси, Ироқ разведка хизмати собиқ бошлиғи Барзан Иброҳим Ҳасан Ал-Тикритий ҳам ҳакамларга қараб бақириб, шиорлар айтишга ўзида етарлича куч топа олди:

“Яшасин Ироқ!, Яшасин Ироқ! Яшасин Ироқ! Яшасин Ироқ халқи, миллат ва элатлари! Яшасин Ироқ! Яшасин буюк Баас партияси!”.

Бир пайтлар Ироқдаги энг хавфли одам саналган разведка хизмати бошлиғи Ал-Тикритий “Баас” партияси учун ўз ота-онасини қурбон қилишга тайёр эканини айтди.

Ҳакамлар олдида чиқиш қилган гувоҳлардан бири судга мажбурлаб олиб келинганидан шикоят қилди. Унинг бу баёноти Саддам Ҳусайн ва сафдошларини тартибсизликлар ҳукм сураётган Ироқда адолатли суд қилиб бўлмайди, дегувчилар фикрларини тасдиқлагандек бўлди.

1982 йилда Ироқ шимолида жойлашган ал-Дужайл қишлоғида 148 одам, асосан шиалар ҳукумат хавфсизлик кучлари томонидан қийноққа солиниб қатл этилган эди. Прокурорлар ўша қотиллик содир этилишига собиқ президент Саддам Ҳусайннинг бевосита алоқадор эканини исботлашда унинг ёрдамчилари кўмак беради, деган фикрда эдилар. Бироқ бир неча гувоҳ судга мажбурлаб олиб келинганидан шикоят қилди. Хусусан, икки гувоҳ маҳкамада айбланувчиларга қарши гувоҳлик беришдан бош тортди. Аззавий исмли бир гувоҳ воқеа тафсилоти ҳақида гапириш шарт эмаслигини айтиб, ўшанда президент ҳаётига суиқасд уюштирилган эди, деди.

Ироқ собиқ президенти суд қонунийлигини яна бир карра савол остига қўйди. Саддам Ҳусайн билан бирга судланаётган собиқ вице президент Таҳа Яссин Рамазан эса суд томонидан тайинланган адвокатни рад этди. Ҳакам Рамазанга адвокати уни ташлаб чет элга кетиб қолганини, шу боис унга янги адвокат тайинлаганини айтди. Рамазан эса ўз адвокатини ишдан четлатилиб, ўрнига бошқа адвокат тайинланганида бош ҳакамни айблади.

Шундай қилиб, Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайн ва етти нафар сафдошлари устидан олиб борилаётган маҳкама жараёнида 28 февралгача танаффус эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG