Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:02

АҚШ ҳарбий харажатлари учун 2007 йилда рекорд даражада маблағ ажратилиши кутилмоқда.


АҚШ президентти Жорж Буш (душанба куни) 2007 йилги давлат бюджети лойиҳасини АҚШ Конгресси муҳокамасига тақдим этди. Ҳужжатда ҳарбий харажатлар учун рекорд даражада маблағ ажратиш кўзда тутилган. Пентагонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд янги бюджетда кўзда тутилган маблағ терроризмга қарши давом этаётган ғайриоддий уруш ҳамда бошқа урушларда ғалабага эришиш учун ишлатилади, - дея баёнот берди.


Президент таклиф этаётган АҚШ Мудофаа вазирлиги бюджети 1 октябрдан бошланадиган янги молия йилида 2006 йилдагидан 6,9 фоиз кўп бўлиб, 439,3 миллиард долларни ташкил этади.

Ироқ ва Афғонистонда олиб борилаётган ҳарбий амалиётларни молия билан таъминлаш учун яқинда президент Жорж Буш Конгрессдан қўшимча 120 миллиард доллар маблағ ажратишни сўраган эди. Бу маблағ хали Пентагоннинг янги молия йилидаги харажатларига киритилмаган.

6 феврал куни Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд 2007 йилги бюджет ҳам оддий, ҳам ғайриоддий душманга қарши кураш олиб бориш учун зарур бўлган харажатларни кўзда тутганини айтди:

”Президент тақдим этган бюджет лойиҳаси Мудофаа вазирлиги учун келаси йилда жорий йилдагига қараганда кўпроқ маблағ ажратишни кўзда тутади. Унда мамлакат хавфсизлигини таъминлашда устивор бўлган соҳалар, хусусан Америка Қўшма Штатлари ва халқини мудофаа қилиш, қўмондонларга қўшимча имкониятлар яратиш, оддий ва ғайриоддий урушга ҳозир (тайёр) бўлиш ҳамда, энг муҳими, иттифоқчи давлатлар билан ҳамкорликда иш олиб боришни таъминлаш кўзда тутилган”.

АҚШ Мудофаа вазири бюджет катта бўлишига қарамай, у мамлакат ялпи маҳсулот ҳажмининг тўрт фоизидан ошмаслигини айтди:

”Дунёга разм солсак, биз ҳимоя қилишимиз керак бўлган энг бебаҳо нарса эркинлигимиз ва Америка халқи гуллаб-яшнашини ҳимоялаш зарурати эканини яққол кўрамиз. Бу вазифани бажариш сармоя талаб этади. Ҳа, мудофаа соҳасига катта маблағ ажратиляпти. Шунга қарамай у миллий маҳсулот хажмининг атиги 3,7 фоизини ташкил этади”.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг янги бюджет лойиҳасида олти миллиард 600 миллион доллар маблағ талаб этувчи бир банд бор. У ҳам бўлса, армия дивизияларини тезкор ҳаракат қилувчи жанговар қисмларга бўлишдир. Бу эса армияни қўшимча тўплар, “Ҳаммер” русумидаги ҳарбий автомашиналар ва аскарларни ўқ ўтмас камзуллар билан кўпроқ таъминлаш, деганидир. Бюджет лойиҳасида ана шу талабни қондириш учун яна олти миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, АҚШ Мудофаа вазирлигининг янги бюджет лойиҳасида армия учун сув ости кемаларини йўқ қилишда ишлатиладиган катерлар ҳамда янги жанговар учқичлар сотиб олиш ҳам назарда тутилади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги халқаро терроризмга қарши урушда ишлатиш учун одамсиз парвоз қиладиган разведка учқичлари сотиб олишни режалаган. 322та ана шундай учқични сотиб олиш учун янги бюджет лойиҳасида 12 миллиард доллар ажратилган.

Матбуот анжуманида сўзлаган АҚШ Мудофаа вазирлиги бош бухгалтери Тина Жонас ҳам янги бюджет ресурслари қандай мақсадлар учун сарфланиши тўғрисида изоҳ берди:

”Бюджет ҳарбий кучларимизнинг турли соҳалардаги имкониятини ошириш учун: биринчидан, мураккаб операцияларни амалга ошириш, терроризмга қарши глобал миқёсда узоқ муддатли уруш олиб бориш; мамлакатни кенг кўламда зарар ва бошқа террор ҳуружларидан ҳимоялаш ва Мудофаа вазири айтиб ўтганидек, АҚШни бошқа давлатлар тажовузидан мудофаа қилиш ишларига сарфланади”.

АҚШ Мудофаа вазирлиги партизанлик уруши олиб бориш тажрибасига эга бўлган қўшинлар сонини ҳам оширишни режалаган. Пентагон бундай кучлар сонини 2011 йилга қадар 50 мингдан 64 минггача кўрайтириш ниятида.

Тина Жонас Мудофаа вазирлиги бюджетида махсус кучларга чет тиллар, хусусан араб тилини ўргатиш ва бошқа халқлар маданияти билан танишиш учун ҳам маблағ ажратиш кўзда тутилганини билдирди.

Ҳозирда АҚШ қуролли кучлари сафида 492 минг нафар аскар ва зобит хизмат қилмоқда. Келаси йил Пентагон ҳарбийлар сонини 10 мингга камайтиришни режалаган.

Маълумотларга кўра, президент Жорж Буш томонидан АҚШ Конгресси муҳокамасига қўйилган 2007 йилги давлат бюджети лойиҳасининг қонун чиқарувчилар томонидан кўпчилик овоз билан тасдиқланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG