Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:26

БМТнинг навбатдаги Бош котиби аëл бўлиши мумкинми?


А.Арал Аëллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи Халқаро “Equality Now” яъни “Тенглик бизга шу кунда керак”¸ номли ташкилот Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг навбатдаги Бош котиби аëл бўлиши учун кенг кўламли кампания бошлади. Мазкур гуруҳ БМТ Хавфсизлик Кенгашини ташкилот бош котиби лавозимига аëл кишининг ҳам тайинланишга ҳақли эканлигини инобатга олишга чақирди.

БМТ Бош котиби Кофи Аннаннинг ваколатлари муддати жорий йил охирида ўз ниҳоясига етади. Аммо унинг ўрнини эгаллаш учун (Equality Now) яъни “Тенглик бизга шу кунда керак” номли ташкилот ҳозирданоқ кампания бошлаб¸ БМТ Бош котиби лавозимига лойиқ аëллар рўйхатини эълон қилди.

Аëллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Лондондаги ушбу ташкилот директори Жакей Ҳант: “БМТ ташкил этилганига 60 йил бўлди, аммо 60 йилдан буëн мазкур ташкилот раҳбари этиб бирорта аëл сайланмади¸ ҳолбуки бу вазифага муносиб жуда кўп аëллар бор”¸ - дейди.

“БМТ дунëда бир қатор муносиб аëл борлиги ҳақиқатини жиддий қабул қилмаслиги ташкилот шаънига путур етказмоқда. Бизнинг фикримизча¸ шаффофлик вақти келди. Келинг¸ дунë бўйлаб муносиб номзодлар¸ жумладан¸ аëл номзодлар орасидан энг муносибини танлайлик”¸ - дейди Ҳант хоним.

Унинг Озодлик радиосига айтишича¸ БМТнинг турли идораларида аëллар умуман ўринбосар вазифасида ишлайди. Дунë мамлакатларида аëлларга раҳбар бўлишга имкон бермаслик БМТнинг тенглик¸ тараққиëт ва тинчлик сари интилишларига халақит беради.

“Equality Now” ташкилоти томонидан эълон қилинган аëллар рўйхатига БМТ Бош котиби вазифасига муносиб ва тажрибали амалдаги ва собиқ БМТ расмийлари¸ давлат бошлиқлари ва вазирлар номлари киритиган. Ташкилот раҳбари Ҳант хоним 18 аëл номзодини ўз ичига олган ушбу рўйхат хамир учидан патир холос¸ дейди.

“Биз бу рўйхатга киритилган аëллар билан алоқа ўрнатганимиз йўқ. Уларнинг бундан хабарлари ҳам йўқ. Бу билан биз фақат дунë бўйлаб бу вазифага муносиб анча аëл борлигини кўрсатишга ҳаракат қилдик. БМТ Бош котиби лавозимига мос ва муносиб аëл номзод топиш мураккаб эмас”¸ - дейди ташкилот раҳбари.

БМТ масалалари бўйича британиялик мутахассис Кэрн Росснинг Озодлик радиосига айтишича¸ БМТ Бош котиби Хавфсизлик Кенгаши тавсияси бўйича Бош ассамблея томонидан беш йилга тайинланади. Бу жараëн жуда мураккаб¸ дейди мутахассис.

“Бу¸ дарҳақиқат¸ мураккаб жараëн. БМТ Бош котибини сайлаш бевосита Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзосига боғлиқ масала. Аммо масала қоида бўйича Бош ассамблеяда овозга қўйилади. Ҳақиқатда эса кимни Бош котиб этиб сайлаш қандайдир сирли сиëсий жараëндир”¸ - деб таъкидлади мутахассис Росс.

“Лондон таймс” газетаси Британиянинг БМТдаги элчисига асосланиб ëзишича¸ бош котиблик лавозимига сайланадиган шахс ўз вазифаси талабларини бажариш¸ жумладан¸ БМТ ислоҳотларини бошқаришга қодир бўлиши керак. Агар шундай шахс аëл киши бўладиган бўлса¸ биз уни қабул қиламиз¸ дейди Британиянинг БМТдаги элчиси.

Аммо мутахассис Росс фикрича¸ БМТнинг навбатдаги Бош котиби аëл киши бўлиши эҳтимолдан анча узоқ ва “Equality Now” ташкилоти томонидан таклиф этилган аëллар етарли даражада қўллаб-қувватланмайди.

“Менимча¸ БМТ бош котиби аëл киши бўлса дунëга жуда яхши ва кучли мужда бўларди. Тажрибаларимдан чиқиб келиб айтадиган бўлсам¸ аëл дипломатлар ва давлат мулозимлари менда жуда яхши таассурот қолдирган. Фикримча¸ БМТнинг навбатдаги бош котиблигига аëл кишини тайинлаш жуда қийин масала¸ чунки БМТдаги барча асосий кучлар қўллаб-қувватлайдиган аëлни топиш анча мушкул”¸ - дейди британиялик мутахассис Кэрн Росс.

Унга кўра¸ норасмий қоида бўйича БМТнинг навбатдаги бош котиби осиëлик шахс бўлишининг вақти келди.
XS
SM
MD
LG