Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:45

Мониторинг натижалари эълон қилинди


Феруза

“Одил соз” халқаро ташкилоти Ўзбекистонда сўз эркинлиги бузилиши ҳолатлари юзасидан олиб бораётган мониторингининг август ойи бўйича натижаларини эълон қилди.

Унда 26 та ҳолат қайд этилган бўлиб, улар ўзбекистонлик журналистларнинг ахборот олиш ва тарқатишдаги ҳуқуқлари бузилиши, уларга нисбатан тўсиқлар ҳақидадир.

Мониторингда “Фергана.ру” сайти Ўзбекистонда ўтказилган Интернет фестивалга иштирок этишдан четлатилгани айтилади.

Ўз вақтида фестиваль мувофиқлаштирувчиси Александр Сучков “Озодлик” мухбири билан суҳбатда сайтнинг тадбирга қатнаштирилмаганини қуйидагича изоҳлаганди: “Мавжуд талабларга кўра, сайт фестиваль ўтаётган барча босқичларга ишлаб туриши керак. Тадбирнинг биринчи босқичида, апрель ва май ойи бошигача “Фергана.ру” сайти бир очилиб, бир очилмай турди. Андижон воқеаларидан кейин сайт ўзбекистонлик фойдаланувчилар учун мутлақо чегараб қўйилди. Фақат шу сабаб, яъни ўзбекистонликлар ундан фойдалана олмаётгани учунгина бу сайт танловда иштирок эта олмайди”.

Мониторингда Урганчда етакчи провайдерлар баъзи машҳур ахборот сайтларини беркитиб қўяётгани ҳолатлари ҳам қайд этилган.

Мониторингда давлат тасарруфидаги бир қанча газеталарда ходимларга ойлик маош берилмаётгани айтилади. Шундай нашрлар сирасига Нукусда чиқадиган “Аму тонгги” газетаси ҳам киритилган.

Мазкур газетанинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган ходими таҳририят ҳисоб рақамига бир неча ойдан бери пул тушмаётгани сабабли журналистлар ва бошқа хизматчилар маош олмаётгани ҳақида зорланиб гапирди.

“Одил сўз” ҳисоботида Қорақалпоғистон телевидениеси ходимларидан 70 фоизини ишдан бўшатиш ҳақида Тошкентдан кўрсатма берилгани, бюджет ресурслари камлиги бунга сабаб бўлгани таъкидланади. Қорақалпоғистон телевидениеси раиси ўринбосари Девлетбей Бетволдиев вақти йўқлигини баҳона қилиб, “Озодлик” радиосига бу ҳақда маълумот беришни истамади.
XS
SM
MD
LG