Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:07

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

“Халқ сўзи” газетасининг 8 сентябрь сонида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Олимжон Ўсаровнинг “Суд мустақиллиги ва матбуот эркинлиги – фуқаролик жамиятининг муҳим шарти” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда қуйидаги сўзлар бор: “Сўз ва матбуот эркинлигининг конституциявий тамойилидан келиб чиқсак, ҳар бир шахс, жумладан, журналист исталган вақтда, исталган ташкилотдан маълумотлар сўраб олиш ҳуқуқига эга. Журналистларнинг саволларига матбуот хизмати томонидан “бизда бундай маълумотлар йўқ” ёки “бундай маълумотларни бера олмайман” қабилида жавоб қайтариш қонунга зид ҳаракатдир. Бу эса ўз-ўзидан информация очиқлигини – судлар транспарентлигини англатади. ОАВда ҳамонки нотўғри маълумотлар чоп этилаётган экан, демак матбуот хизмати журналистларни етарлича информация билан таъминлай олмаган”.


“Постда” газетасининг 8 сентябрь сонида Шуҳрат Рўзиевнинг “ХХI аср – ғоялар кураши асри ёки “Интернет” тармоғи орқали узатилаётган материаллар ортига яширинган ёт ғоялар хусусида” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда бундай дейилади: “...биз Андижон воқеаларида террорчилар билан атиги икки кун курашган бўлсак, ахборот террорчилари билан 2 ойдан зиёд курашдик. Ҳанузгача улар давлатимиз обрўсини туширишга қаратилган нотўғри хабарларни тарқатиш билан овора. Шаҳар кўчасида автобус баллони ёрилиб кетса ҳам автомат отилди, дегувчи ахборотчилар “ахборот террорчилари”нинг гумашталаридир. Улар қўшнининг уйида аёлнинг овози баландроқ чиқса, уни эри урди, деб бутун маҳаллага жар солиб, пашшадан фил ясовчи гап ташувчиларга ўхшайди”.


“Халқ сўзи” газетасининг 9 сентябрь сонида чоп этилган Сарвар Муҳаммаджоновнинг “Фожиавий “сценарий” ва унинг муаллифлари ҳамда ижрочилари хусусида” сарлавҳали мақоласида, жумладан, бундай сўзлар бор: “Андижон воқеалари юртимиздан анча олис жойларда ишлаб чиқилган “сценарий” асосида амалга оширилганлигини кўрсатувчи кўплаб мисоллар бор. Айниқса хорижий ОАВнинг мазкур воқеаларга муносабатида бу ёрқин намоён бўлади. Ўзингиз хулоса чиқаринг: 2004 йил давомида “Жаҳон” ахборот агентлигидан 147 журналист аккредитация олган бўлса, шу йилнинг январь ойидан 12 майига қадар 268 чет эл журналисти рўйхатдан ўтган. Уларнинг асосий қисми Ғарб давлатлари ОАВнинг вакилларидир. Бундан ташқари, кўпгина чет эл журналистлари, Ғарб давлатлари маблағи ҳисобига фаолият олиб борувчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва турли хайрия жамғармаларининг вакиллари Андижон билан чегарадош Ўш, Қорасув, Аравон ҳудудларида олдиндан жойлашиб, ахборот хуружлари учун шай турганлар”.
XS
SM
MD
LG