Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:59

АҚШ ҳарбийлари Ироқда талафот кўрди


Ироқ уруши бошланганидан бери сўнгги ойларда АҚШ кучлари аввалгига қараганда кўп талафот кўрмоқда. Душанба куни Ироқнинг ғарбий вилоятида АҚШ денгиз пиёда қўшинларининг олти аскари исёнчилар билан тўқнашувда отиб ўлдирилди. Чоршанба куни айни минтақада 14 нафар денгиз пиёда аскари ва уларнинг таржимони йўл четида бомба портлагани оқибатида нобуд бўлди. Жами бўлиб 24 июлдан бери Ироқда Американинг 44 ҳарбийси нобуд бўлди.

АҚШ денгиз пиёда аскарлари сараланган кучлар ҳисобланади. Нобуд бўлган 14 аскар эса айнан шу қисм ҳарбийлари бўлган. Шу боис рўй берган кўнгилсиз воқеа АҚШ ҳарбийлари Ироқ ғарбида амалга ошираётган амалиётлар борасида ташвиш уйғотди. Денгиз пиёда аскарлари Сурияни Ироқ билан боғловчи катта йўлга яқин жойлашган Хадиса шаҳрида халок бўлган. Душанба куни олти нафар денгиз пиёда аскари шу минтақа яқинида рўй берган отишмада нобуд бўлган эди.

Жонатан Линдлей Лондондаги “Royal United Services” институтининг Яқин Шарқ дастури тадқиқотчиси. Унинг фикрича, бу исёнчилар муваффақиятли амалга оширган иккита операциядан бошқа нарса эмас:

“Кенгроқ қараладиган бўлса, кўп операциядан баъзилари муваффақиятли бўлиши аниқ. Сиёсий нуқтаи назардан бу кўнгилсиз ва хунук воқеа албатта. Лекин бу АҚШ ёки Ироқ сиёсатини тубдан ўзгартира олмайди”, - дейди британиялик таҳлилчи.

Лондондаги “Jane’s Sentinel” тадқиқот марказининг Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси Жереми Бинни ҳам исёнчилар ҳужумлари Ироқдаги умумий вазиятни ўзгартирмайди, деган фикрга қўшилишини айтади:

“Исёнчилар нуқтаи назаридан улар айрим ҳужумларни муваффақиятли амалга ошириб, АҚШ кучларига талафот етказди. Улар оддий бомба тайёрлади ва кам ҳимояланган ҳарбий машинага қарши ундан самарали фойдаланди”.

АҚШ аскарлари анча вақтдан бери денгизда суза оладиган бронемашиналарнинг ҳимоя қатлами яхши эмаслигидан шикоят қилиб келаётган эди. Чоршанба куни 14 нафар денгиз пиёда аскари шундай машинада кетаётиб нобуд бўлгани ана шу шикоятга эътибор қаратди.

Биннига кўра, мазкур бронемашиналар ҳарбий кемадан қирғоққа десант кучларини етказишда ишлатиш учун мўлжаллаб ишланган. Бу машина тезкор ва тор ҳар хил ҳаракат қилиши осон бўлишига қарамай унинг ҳимоя қатлами АҚШ қуруқлик қўшинларидаги бошқа зирҳли машиналарникига қараганда юпқа ишланган.

Таҳлилчилар душанба кунги ҳужум оқибатида олти мерган отиб ўлдирилгани воқеаси юзасидан кўпроқ ташвиш билдирмоқда. Чунки менганлар икки уч киши бўлиб ҳаракатланаётган пайтда исёнчилар уларни қуршовга олган. Енгил қуроллар ишлатилган тўқнашувда мерганлар халок бўлган. Мазкур ҳужум учун масъулиятни “Ал-Сунна” гуруҳи ўз зиммасига олди.

Беннинига кўра, мерганлар сараланган аскарлар орасидан саралаб (териб) олинган бўлишига қарамай, исёнчилар билан қуролли тўқнашувда хатто улар ҳам кичик муаммога дуч келган.

“Денгиз пиёда аскарлари оддий аскарларга қараганда яхшироқ ҳарбий тайёргарликдан ўтади. Мерганлар эса денгиз пиёда аскарларидан кўра яхшироқ тайёргарликдан ўтади”, - дейди британиялик таҳлилчи.

Беннини мерганлар исёнчиларга қаттиқ қаршилик кўрсатганига шубха билдирмаган ҳолда тўқнашувда исёнчилар қанча талафот кўргани номаълумлигини айтди.

Бошқа мутахассислар эса мерганнинг вазифаси асосий кучдан ажралган ҳолда якка ўзи узоқ масофадан туриб кўп сонли рақибни йўқ қилиш экани, очиқ майдондаги тўқнашувда эса қаршилик кўрсатиш қийинлигини айтади.

Ассосиэйтед Пресс ахборот агентлиги маълумотига кўра, 2003 йил март ойида Ироқ уруши бошланганидан бери АҚШнинг Ироқда йўқотган ҳарбийлари сони 1 минг 821тага етган.
XS
SM
MD
LG