Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:50

Иккинчи чақириқ Олий Мажлис фаолиятини якунлади


Шайбон Ўзбекистоннинг амалдаги парламенти ўз фаолиятини якунлади. 2-3 декабрь кунлари Олий Мажлис ўзининг энг сўнгги сессиясини ўтказди. Парламент раиси Эркин Халилов ва Президент Ислом Каримов парламентнинг беш йиллик фаолиятини ижобий баҳолади.

Э.Халиловнинг сўзларига қараганда, депутатлар халқ ва давлат манфаатлари йўлида виждонан меҳнат қилган. Улар ўз сайловчиларининг ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилган.

“Парламентда юзага келган демократик анъаналар барча депутатларнинг, партия фракциялари ва депутатлар блокларининг ўзаро бир-бирини тушуниши ҳамда мураккаб, баъзан баҳсли, принципиал масалаларни дўстона ва ижодий муҳитда ҳал қилишга интилиши иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг сермаҳсул иш олиб боришида муҳим омилга айланди”, деди Э.Халилов.

Хўш, маҳаллий кузатувчилар парламент фаолиятини қандай баҳолайди?

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев Олий Мажлис фаолияти ҳақида ижобий фикр билдира олмаслигини таъкидлади.

“Гап шундаки, давлатчилик тизимида ҳокимиятнинг бу бўғини ҳеч қандай имкониятга эга эмас. Унинг қўлида на молиявий, на бошқа кўринишдаги имконият мавжуд. Беш йил давомида депутатларимиз фақат қўл кўтариш, қарсак чалиш, Президент маърузасини мудраган ҳолда тинглашдан бўшамади. Аслида улар бундан бошқа иш қилишга қодир эмас эди”, деди Б.Мусаев.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг фикрича, Олий Мажлис фаолияти тез айтиш ўйинини эслатади. Бу ўйинда айтилган сўзларни эслаб қолиш қийин, лекин эслаб қолиш лозим бўлган сўзларда ҳам маъно йўқ. Парламент беш йил давомида шундай кўринишда иш олиб борган. Депутатлар бир неча соат ичида бир талай қонунларни тасдиқлаган ва уй-уйига тарқаган.

Б.Мусаевнинг билдиришича, Олий Мажлис қабул қилган қонунлар концептуал ва бир-бирини тўлдирувчи эмас. Бир қонун иккинчисига тескари, бир-бирини инкор қилади.

И.Худойбергановнинг таъкидлашича, Олий Мажлис тасдиқлаши керак бўлган муҳим ҳужжатлардан бири мамлакат бюджетидир. Бюджет эса фуқароларнинг ҳукуматга ишониб топширган маблағи ҳисобланади. Демак фуқаролар бу маблағ қаерга ва қандай мақсадда сарфланаётганини билишга ҳақли. Аммо беш йил давомида бюджет давлат сири сингари яшириб келинган.
XS
SM
MD
LG