Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:57

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво “Ҳуррият” мустақил газетасининг 8 сентябрь кунги сонида “Пастдарғом ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ғайрат Бобоқуловнинг “Қандай газета халқ қалбидан жой олади?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф бугунги кунда ҳокимлик ва партияларнинг жиддий мавзуларни кўтариб чиқаётган нашрларига нисбатан хусусий газеталарнинг бозори чаққонлиги ҳақида мулоҳаза юритади.

“Онда сонда бериладиган шеърлар ва ҳажвиялар ҳисобга олинмаса, диди нозик газетхон ҳар қандай бошқа мавзудаги хабар ва мақолаларни қизиқиб мутолаа қилаётганлигини сезмайсиз. Чунки газеталарда эълон қилинаётган жиддий мавзудаги мақолаларга ҳар доим ҳам муносабат билдиравермайдилар. Мен бу билан жиддий матбуотда чоп этилаётган мақолалар, репортаж ва лавҳаларни бўш ёзилади, демоқчи эмасман. Зотан, ҳозирги кунда хусусий нашрларнинг саҳифаларини безаётган мақолаларнинг аксарият муаллифлари ҳокимлик ва партиялар газеталари мухбирларидир”, деб ёзади Ғ.Бобоқулов.


“Ҳуррият” газетасининг шу кунги сонида журналист Аннамурод Жумақулиевнинг “Миллий мусиқамиз қани?” сарлавҳали мақоласи ҳам эълон қилинди. Миллий санъат муаммолари ҳақидаги ушбу мақолада қуйидаги сўзлар бор: “Ҳозирги ёш ҳофизлар ижро этаётган қайси қўшиқни эшитсак, мусиқий муқаддималари, албатта, эрон, озар, ҳинд ёки Ғарб куйларидан кўчириб олинган бўлади. Ҳозирги пайтда Ғарб мусиқа асбобларини ишлатмайдиган созандалар анқонинг уруғи бўлиб кетди. Бошқа халқларнинг созлари кириб келиши балки табиий жараёндир. Лекин миллий созларимизнинг имкониятларини тўла очмай туриб, бошқа халқларнинг созларига ёпишиш кулгили ҳол эмасми?”

Мақола давомида муаллиф мусиқий саводхонлик ҳақида тўхталиб, боғчаларда миллий мусиқадан дарс берувчи ўқитувчилар йўқлиги, мусиқа ўқув юртлари дастурида миллий мусиқа тахминан 10 фоизни ташкил этиши, шунингдек, ўнлаб созларга эга бўлганимиз ҳолда улардан 5-6 тасигина ўргатилиши, анъанавий қўшиқчилик консерваториянинг Шарқ бўлимидан бошқа бирор бир ўқув юртида мукаммал ўргатилмаслигини ёзади.


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 10 сентябрь кунги сонида журналист Фаррух Расуловнинг “Таажжуб” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф Ўзбекистон телевидениесида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида кўрсатув тайёрлаган журналист Беҳбудийнинг “Танланган асарлар”и сўзбошисини бошдан охиригача ўз сўзи сифатида ўқиб берганини ҳақида тўхталиб, жумладан, бундай ёзади: “Китобни қўлга олиб, нуқта-вергулини ҳам ўзгартирмай, қойиллатиб ўқиб берган журналист Т.Пўлатов бирор жойда бўлсин, бу сўзлар кимнинг қаламига мансублигини, Беҳбудийнинг тадқиқотчиси исм-шарифини, ҳатто кино муаллифи номини тилга олмади. Аслида булар барчаси таниқли адабиётшунос Бегали Қосимовга тегишли эди”. Муаллиф бирор олим, ёзувчи ва бошқанинг асарини ўзлаштирган киши “плагиат” деб аталишини эслатар экан, юқорида номи тилга олинган тележурналист фаолиятида бу каби воқеа узлуксиз давом этаётганини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG