Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:15

ГУЛНОРА КАРИМОВАНИНГ ТАДБИРКОРЛИГИ: "ГУЛНОРА ВА COCA COLA" (Биринчи қисм)


Гулнора Каримова.
Гулнора Каримова.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримованинг хусусий корхонаси Revi Holdingнинг ижроия директори Фарҳод Иноғомбоев билан ўтказилган радиосуҳбатнинг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Унда сўз Гулнора Каримованинг Coca Cola Bottlers Uzbekistan ширкати устидан қандай қилиб шахсий назоартини ўрнатгани ҳақида боради.


Бошловчи: Гапни лавҳамизни эшитиш жараёнида ҳар бир тингловчимизни ўйлантириши мумкин бўлган бир савол жавоби билан бошламоқчимиз. Токи кўнгилни хотиржам қилиб, диққат билан тингланг. Тинглайдиганларингизни ўзингиз таҳлил қилиб кўришингиз учун хаёлингиз бўлинмасин.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримованинг хусусий корхонаси Revi Holdingнинг собиқ ижроия директори Фарҳод Иноғомбоев билан ўтказган суҳбатимиз ниҳоясида ундан шунча гапларни ошкор қилишдан, саломатлигингиз ва ҳаётингизга, яқинларингиз ҳаётига хавф пайдо бўлишидан, сиздан ўч олишларидан қўрқмайсизми, деб сўрадик.

Фарҳод Иноғомбоевнинг жавоби бу бўлди.

Иноғомбоев: Биласизми, бир тарафдан қўрқаман. Бошида жудаям қўрқаётган эдим. Энди, ҳаммамиз инсонмиз. Қўрқмайман эмас, қўрқаман бир тарафдан. Иккинчи тарафдан жим ўтирса ҳам бўлмайди, тушуняпсизми, Сарвар ака. Жим ўтирсам ҳам, буларни ошкора қилиб гапирсам ҳам ўша-ўша… угроза остаётся та же. Шу сабабли жим ўтирганимдан кўра билсин ҳамма қанақалигини унинг. Бундан ташқари, ғарбдагилар ҳам билсин. Чунки кўп нарса, кўп маълумот буларга тўғри етиб келмайди. Иккинчи тарафдан, бу кўп маълумотларни мен ўзимда сақлаб жим юрганимда мен барибир ҳам ўша-ўша нишон бўлардим. Чунки ҳамма маълумотлар менинг ичимда. Ҳозир эса бу нарса ошкора қилиб юборилди, тушуняпсизми? Уже менда сир қолмади, ҳаммаси чиқиб кетди. Тўғри, мен буларга душман бўлдим, лекин айни пайтда мен у сирнинг эгаси эмасман.

Бошловчи: Фарҳод Иноғомбоев, Гулнора Каримовага қарашли хусусий корхонанинг собиқ ижроия директори. У Каримова хоним тадбиркорлик фаолиятининг барча қирралари тўғрисида кўпчилик назаридан панада бўлган маълумотлар билан ўртоқлашди. Бугун ўша маълумотларнинг фақат бир қисми - Гулнора Каримованинг Coca Cola компаниясига алоқаси, унинг, Фарҳод Иноғомбоев таъкидлашича, компания устидан шахсий назоратини ўрнатгани тўғрисидаги маълумотлар билан таништирамиз.

1991 йили Ислом Каримов америкалик миллати ўзбек тадбиркор Абдурауф Мақсудий билан қуда тутинади. Қизи Гулнорани Мансур Мақсудийга беради. Шундан сўнг қуда томон Ўзбекистонга Соса Colaни олиб келади. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда очилган корхонанинг акциялари уч субъект - Coca Colaнинг, Абдурауф Мақсудий оиласининг ҳамда “Ўзозиқовқатсаноат” тимсолида Ўзбекистон ҳукуматининг қўлида бўлади.

2001 йилнинг 28 июлида Мансур Мақсудий хотини Гулнора Каримовадан ажрашиш тўғрисида Америка судига ариза беради ва шундан сўнг, Ғарбдаги бир қатор нуфузли газеталарнинг ёзишига қараганда, қудалар - Ислом Каримов ва Абдурауф Мақсудийлар ўртасига совуқчилик тушади. Судга ариза топширилганидан бир ой ўтиб-ўтмаёқ Coca Cola Bottlers Uzbekistanда текшир-текшир бошланади, деб ўқиймиз газеталардан. Мақсудийлар оиласи Ўзбекистон қонунларини қўпол равишда бузганликда, катта миқдорда солиқ тўламаганликда айбланади. Оила мамлакатни тарк этиб, ватани - АҚШга қайтиб кетади. Ишончли манбалардан олинган малумотларга қараганда, Coca Colaнинг Мақсудийларга тааллуқли қисми ва бу оиланинг Ўзбекистондаги бошқа барча мулки давлат фойдасига мусодара қилинади.

Суҳбатдошимиз Фарҳод Иноғомбоевнинг гувоҳлик беришича, Гулнора Каримова Мақсудийлар мулки мусодара қилинганидан сўнг, ўша мулкни шахсан назорат қила бошлаган.

Иноғомбоев: 2001 йилнинг охирларида, тахминан октябрь ойларида Coca Colaдан Мақсудийларнинг ҳиссаси мусодара қилингандан кейин, Гулнора секин Coca Colaнинг нимасига ўз босимини бошлаган. Ҳозир ҳамма Мақсудийларга қарашли нималар давлатга ўтиб кетган. Лекин улар непосредственно Гулнора Каримованинг назоратида. Бундай айтганимда давлат - бу Гулнора Каримова, Гулнора Каримова – бу давлат.

Бошловчи: Босимнинг шаклу шамойили қандай бўлган, деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

Иноғомбоев: Биринчи бўлиб, Coca Cola компаниясининг ўзига босим қилган. Мақсудийларнинг ҳиссасини давлат тортиб олиб қўяётганда, Coca Cola норозилик билдирмасин, деб босим қилдирган. Тушуняпсиз-а, мана учта ҳиссадор бўлган бўлса...

Бошловчи: Йўқ, яхши тушунмаяпман. Босим қилдирган деяпсиз. Ким, конкрет шахслар томонидан қайси конкрет шахсларга қай усулда босим ўтказилган? Шуни айтиш мумкинми? Қай тарзда бўлади бу босим?

Иноғомбоев: Мақсудийларга босим, деганда Мансур Мақсудий билан ажрашгандан кейин Гулнора Мақсудийларнинг активларини, компанияларини, мол-мулкларини тортиб олган, бор нарсасини. Мақсудийларда яна “Роз трейдинг” деган ширкат бўлган. У ёқдаги омборларини тортиб олган. Давлат тортиб олган, лекин Гулноранинг буйруғи билан. Давлат тортиб олган деганимда кўп мол-мулк давлатнинг номига эмас, Гулноранинг ўзининг шахсий номига ёки Гулноранинг Тошкентдаги компанияси “Оасторс ЛТД” номига ўтиб кетган.

Бошловчи: Ўша сиз ишлаган компанияга ўтган, шунақами?

Иноғомбоев: Ҳа, мен ишлаган компанияга ўтган. Мен ишлаган компаниянинг Тошкентдаги филиалига ўтган.

Бошловчи: Қанча, пул кўринишидами, мулк кўринишидами, нималар ўтган?

Иноғомбоев: Мана, мен сизга баъзи мисолларни келтираман. Масалан, Сергели ноҳиясида “Роз трейдинг”нинг катта омбори бўлган. Кейин охирги пайт, ўша 2001 йилларда у ёқда катта улгуржи савдо бозорини очишган эди Мақсудий оиласи, “Роз трейдинг” очган эди. Ўша омборни давлат тортиб олган. Кейин уни Гулнора ўз номига ўтқизиб, сотиб юборган кейин. Бу омбор битта нарса. Омбор ичидаги барча мол-мулк – 100 тоннадан ортиқ шакар бўлган, кейин жуда кўп озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган, ҳаттоки, биласизми Сарвар ака, омбордан ташқари, офисларнинг ичидаги кичкина тумбочкалар, эскирган компьютерлар, қолиб кетган эски телефонлар бор-ку, креслолар, стол устида турадиган кичкина соатлар, ўшаларгача олиб кетган. Мен ўз кўзим билан кўрганман, президент хавфсизлик хизмати ходимлари билан Гулноранинг Тошкентдаги компанияси вакили - Нурмуҳаммад деган йигит келиб, ўшаларгача эринмасдан олиб чиқиб кетишган, тушуняпсизми? Ҳаммасини Гулноранинг нимасига олиб бориб қўйишган. Даже эски дорожка, гиламларгача, картиналар, ўшаларгача олиб чиқиб кетган.

Бошловчи: Шу ўринда табиий бир савол пайдо бўлади. Бас, Гулнора Каримова шунчалик қудратли экан, майдалаб ўтирмасдан, Мақсудийлар оиласига тегишли акцияларни ўзиники қилиб олса бўлмасмиди?

Тошкентдаги Кока-коланинг неча фоизи Гулнора Каримованинг қўлида? Ёки бунақа нарса йўқми?

Иноғомбоев: Гулнора Каримованинг қўлида ноль фоиз. Йўқ Гулнора Каримованинг қўлида. Унинг мақсади биласизми қанақа бўлган? Агар фоизларни ўз номига ўтқазса, бу катта шов-шув уйғотган бўларди Гулноранинг фикрида. Мана эридан тортиб олиб, давлат нима қилди? Энди давлат унинг қўлига бериб юборди фоизларни. Бунда балки Кока-кола ҳам жуда катта норозилик билдирган бўларди. Шунинг учун Гулнора бошқа йўлни танлаган. Ўша фоизлар мусодара қилинганида давлатнинг номида қолаверган. Кейин Гулноранинг фикри бўйича, биласиз-у, давлат - бу ким, давлат - бу отаси, давлат - бу ўзи. Бу йўлда, биринчидан, Гулноранинг номи кўп чиқмайдиган бўлади. Лекин керак пайтда давлатнинг фоизлари билан хоҳлаганича, истаганича манипулировать қилса бўлади. Масалан, чет элдан бошқа бир сармоядор кириб, ўша фоизларни сотиб оламан деса, бунда непосредственно давлатнинг ўзи билан эмас, музокарани Гулнора билан олиб бориш керак бўларди. Шунақа бир ниятда қилинган нарса бу, тушуняпсизми? Кейин, масалан, давлатдан бошқа сармоядорга сотиб юбориладиган бўлса, ўша «Роз трейдинг”нинг ўрнига бошқа бир компания келиб, қизиқиш билдирса, ўшанда давлатдан олиш учун биринчи Гулнорадан рухсат олиши керак. Энди, шунақа бўлган, тушуняпсизми?

Бошловчи: Ҳа, Гулнора Каримованинг қўлида Соca Colaнинг биронта ҳам акцияси йўқ. Фарҳод Иноғомбоевга кўра, Гулнора Исломовна бошқа йўлни танлаган...

Бошловчи: Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримованинг хусусий корхонаси Revi Holdingнинг собиқ ижроия директори Фарҳод Иноғомбоев билан суҳбатимизни шу жойда тўхтатиб турамиз. Гап суҳбатнинг чўзилиб кетганидагина эмас, гап иккинчи томон - Гулнора Каримованинг ўзи ёки у кишининг бирор бир ишончли вакилининг фикрини бера олмаётганлигимиздадир. Иккинчи томоннинг фикрини билиш ва у билан ҳам сиз тингловчини таништириш мақсадида сўнгги бир ҳафта давомида Гулнора Каримованинг иш жойи – Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига, элчихонанинг матбуот котиби Олег Шатуновскийга мурожаат қилдик. У Гулнора Каримовадан интервью олишнинг сира иложи йўқлигини ва айни вақтда ўзининг ваколати тугаб бораётганлигини айтди. Фарҳод Иноғомбоев билан ўтказилган суҳбатнинг давомини эътиборингизга ҳавола қилишдан олдин биз Гулнора Каримова ёки у бирон бир ишончли вакили билан боҳланишга яна ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG